08 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +4,8 °C

Кейинги авлод
25 Окт  2019 1561

Мактаблар учун янги миллий таълим стандартлари ишлаб чиқилади

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида БМТнинг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда таълим соҳасидаги халқаро экспертлар билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилади вазирлик матбуот хизмати.

Учрашув доирасида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мамлакатда халқ таълими тизимида кенг кўламли ислоҳотлар бошлангани ва 2030 йилгача мўлжалланган халқ таълими тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилганлигини таъкидлади.

Алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизда таълим сифатини ошириш мақсадида 2030 йилгача PISA мезонлари бўйича дунёнинг ўттизта энг илғор мамлакати қаторига кириш мақсад қилиб қўйилган.

Етакчи мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, сифатли таълим стандартларини яратишда йўл харитасининг ишлаб чиқилиши муҳим ҳисобланади.

Миллий таълим стандартлари асосида дарслик ва ўқув қўлланмалар, ўқитиш усули ҳамда баҳолаш тизими яратилади.

Халқ таълими вазирлиги томонидан бугунга келиб умумий ўрта таълим миллий стандартининг лойиҳаси тайёрланди. Стандартлар маҳаллий ва хорижлик экспертлар иштирокида яратилди.

Мазкур лойиҳа ва хорижнинг илғор тажрибасини муҳокама этиш учун ЮНИСЕФ эксперти Метю Голди-Скот Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Умумий ўрта таълим стандартлари лойиҳалари йил якунига қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши режалаштирилган. Кейинги босқичда амалга ошириладиган вазифалар ҳар бир фан ва синф учун ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда 2020 йил ўқув материалларини тайёрлашдан иборат бўлади.

Янги стандартлар асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари мактабларда 2021-2022 йилларда апробациядан ўтади ва келаси беш йилда босқичма босқич жорий этиб борилади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech