12 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,3 °C

Спорт
30 Сен  2019 3833

«Тошкент опен»: анъаналар давом этмоқда

Республика Олимпия захиралари теннис мактаби (РОЗТМ) базасида 250 минг доллар соврин жамғармасига эга «Тошкент Опен» аёллар халқаро турнири якунига етди. Ғолиб ва совриндорлар якка ҳамда жуфтликларда аниқланди. Мусобақа мезбонларига ҳам эсдалик совғалари топширилди.

WТА шафелигида Ўзбекистон пойтахтида йигирма йилдан зиёд вақт давомида Тошкент очиқ чемпионати ташкил этилмоқда. Мукофотлар учун барча қитъалардан ташриф буюрган спортчилар беллашдилар. Бу сафарги теннис ҳафталиги шуниси билан эътиборлики, унда бирйўла мусобақаларнинг олдинги йилларида ғолиб бўлган олти нафар спортчи иштирок этди. Булар - Полин Парментье (Франция), Сорана Кристья ва Ирина-Камелиа Бегу (Руминия), Кристина Плишкова (Чехия), Катерина Бондаренко (Украина), Маргарита Гаспарян (Россия)лардир. Бу сафар балки мухлисларни ҳайратда қолдириб, масалан, Моника Никулеску (Руминия), Татьяна Мария (Германия), Елена Остапенко (Латвия), Данка Ковинич (Черногория), Александра Крунич (Сербия), Штефания Фегеле (Швейцария)лар шоҳсупага кўтарилишар, деган фикр ҳам йўқ эмасди. Негаки, улар энг кучли Топ-100 рейтингидан жой олишган.

Мухлислар ватандошларимизнинг таниқли теннисчилар билан рақобатлашишига умид қилишганди. Сабина Шарипова, Оқгул Омонмуродова ва Нигина Абдураимоваларга махсус таклифномалар тақдим этилди. Афсуски, уларнинг ҳеч бири ҳозирда Республика теннис федерацияси бош котиби лавозимини эгаллаб турган Ирода Тўлаганова каби муваффақиятли иштирок эта олмади. 2000 йилда Тошкент чемпиони бўлди, кейинги мавсумда эса финалчига айланди.

2008 йилда «Тошкент Опен»да биринчи ўринни эгаллаган руминиялик теннисчи Сорана Кристья анъанани бузишга жуда яқин эди. Қийинчилик билан бўлса-да, турнирнинг асосий учрашувига йўл олди. Унга Бельгиянинг учинчи ракеткаси Алисон Ван Эйтванк қаршилик кўрсатди. Шуниси эътиборга моликки, у аввалги икки беллашувда ҳам ўйинни иккита сетда якунлаган. Лекин рақиблардан анча устун бўлгани учун эмас. Турнирда кучсизларнинг ўзи йўқ эди. Бельгиялик теннисчи ҳар бир дуэлда мақсади сари кучли интилишни намойиш этди, ҳатто, ҳисобда анча олдин бораётганига қарамай, бир лаҳзага ҳам ўйинини бўшаштирмади. Бу Алисоннинг асосий «қуроли».

Кўпинча финал ҳам кўнгилдагидек бўлавермайди. Аммо томошабинлар унда тенниснинг барча гўзаллигини кўрдилар. Уч актли ва қарийб икки ярим соат давом этган спектакль жуда эсда қоларли бўлди.  Узоқ ўйналган узатмалар, эйслар, иккиталик хатолар тўпни тўр ортига тушириш зарбалари ҳам бўлди. Ва улкан ҳаяжон! Ҳатто, унча-мунчага пинагини ҳам бузмайдиган Ван Эйтванк ҳам аччиқланиб, ракеткасини кортга отиб юборди. Лекин у барибир ғолиб бўлди – 6:2, 4:6, 6:4. Бу натижадан ҳам кўриниб турибди.

Теннисчиларни мураббийлар ва ўқитувчилар билан трибуналарни тўлдириб ўтирган РОЗТМ шогирдлари ҳайрат билан олқишлаб турдилар. Улар ҳақиқий профессионалларнинг ўйинини кузатишди. Ўрганадиган ва ўрнак оладиган томонлари эса кўп. Шу йўл билан улар юлдузларга яқин бўлишди.

«Тошкент Опен» доирасида шундай шиор остида илк маротаба икки ёш гуруҳ қизлари учун WТА «Future Stars» саралаш турнири ташкил этилди. Бу ҳақда «Правда Востока» аллақачон хабар берган. Ўн тўрт ёшли теннисчилар орасида Мафтунабону Қаҳрамонова, ўн олти ёшлилар ўртасида Омина Валихонова биринчи ўринни эгаллади. Ҳар иккиси ҳам РОЗТМ тарбияланувчиси. Улар Шэнчжен (Хитой)да - мавсумнинг энг нуфузли, якуний «мастерс» турнирида иштирок ҳуқуқига эга бўлдилар.

Дарвоқе, РОЗТМ тарбияланувчилари «Тошкент Опен» арафасида Наманган шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон биринчилигида ўйналган 42 та медалнинг 26 тасини қўлга киритдилар. Худди шу Каҳраманованинг ҳисобида иккита олтин ва кумуш мукофот бор.

Спорт шифокорларимиздан Дмитрий Хегай ва Виктор Кимларнинг мукофотланиши муҳим воқеа бўлди. Улар йигирма йил давомида WТА тиббиёт жамоаси таркибида фаолият юритган, «Катта дубулға» турнирлар серияси бош шифокори, Сеул (Жанубий Корея) ва Барселона (Испания) олимпиадаларида Халқаро теннис федерацияси вакили сифатида иштирок этган машҳур доктор Ирвинг Глика мукофотига муносиб кўрилди.

Шунингдек, супервайзер Мартина Луткова Жаҳон аёллар теннис ассоциацияси раҳбарлари топшириғига биноан узоқ йиллар давомида «Тошкент Опен»ни мукаммал ташкил этгани учун Ўзбекистон федерациясига ташкилотнинг фахрий совринини топширди. 

Тимур Низаев.

«Правда Востока»

Рашид Галиев сурати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech