19 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент -2,3 °C

Транспорт
13 Фев  2020 514

Темир йўлда ноёб техника

Ўзбекистон темирйўлчилари МДҲ мамалакатлари ичида биринчи бўлиб Германияда ишлаб чиқарилган ноёб техникага эга бўлдилар.

Германиянинг «KIROW ARDEL GmbH » заводида ишлаб чиқарилган MULTI TASKER KRC 1200UZ  номли сўнги русумдаги кўп тармоқли кўтарма механизм (кран)ини  «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти  МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб сотиб олишга эришди. Ушбу техника қисмларга бўлиниб темир йўл орқали Польша, Беларусь, Россия ва Қозоғистон давлатлари орқали Лейпцигдан Тошкентга келтирилди.

Мазкур кўтарма механизм «Тўқимачи» станцияси ҳудудидаги «Тиклаш поезди» корхонасида германиялик ва ўзимизнинг темирйўлчи мутахассисларимиз томонидан 7 кун давомида йиғилиб, белгиланган тартибда дастлабки синовдан ўтказилди. Синов натижаларига кўра краннинг техник кўрсаткичлари белгиланган талабларга тўлиқ жавоб берди. Шундан сўнг янги механизм «Қўқон минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси тасарруфидаги «Тиклаш поезди» корхонасига етказилди.

Бугунги кунда темир йўллари мавжуд бўлган хар қандай мамлакат учун бу каби илғор техникага талаб бор. Чунки, ушбу ноёб техника қулайлиги ва афзаллиги, фавқулодда ҳолатларда содир бўлган авария ҳолатларини қисқа фурсатда бартараф этиш имконини беради. Мазкур замонавий механизм Ангрен – Поп йўналишидаги 19,2 километрлик темир йўл туннели хавфсизлиги учун фойдаланилиши ҳамда «Қўқон минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ҳудудларидаги темир йўл линияларидги авария ҳолатларини бартараф этишга, тоғли ҳудудларда, чўл зоналарида ишлашга мўлжалланган.

Мутахассисларнинг айтишича, мазкур кран мамлакатимиз темир йўлларидаги мавжуд кўтарма механизмларга қараганда жойларда ўрнатилиши жиҳатидан 2 баробар кам вақт олади. Барча жиҳозларнинг электронлаштирилганлиги техниканинг иш фаолияти, кўтарма жараёнининг кечиши ва ҳатто кўтарилаётган юк оғирлигини мониторда кузатиб бориш имконини беради. Шу билан бирга ўз ўқи атрофида 360 градусга айланиб, мўлжалланган юкларни керакли ҳолатга қўйиш хусусиятига эга. Яна бир муҳим жиҳат, аввалги кранларнинг фаол ишлаши учун 380 В электр  энергияси талаб этиларди. Янгиси эса дизел ёнилғисида ўт олдирилгач, гидравлик қурилмалар ёрдамида барча кўтарма ишларни 24 В электр энергияси билан амалга оширади. Замонавий техника электровозларга улангач, соатига 100 километргача тезликда ҳаракатланишга мўлжалланганлиги эса фавқулодда ҳолатларда кўтарма механизмни авария содир бўлган ҳудудга зудлик билан етказиш имкониятини беради.

Қўқон тиклаш поездининг 6 нафар мутахассиси Германия давлатида 10 кун мобайнида малака ошириб қайтди. Шартнома келишувига кўра 2 йил давомида ушбу техникага германиялик мутахассислар томонидан бепул сервиз хизмат кўрсатилади. Кўтарма механизм Қўқон тиклаш поезди корхонасига етгазилгач, Германиядан келган 4 нафар мутахассис маҳаллий кран машинистларига қўшимча ўқув-машғулотлари ўтказишди.  Яна бир эътиборга молик жиҳат: ушбу техника нафақат Марказий Осиё мамлакатлари темир йўлларида балки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари орасида ҳам биринчи бўлиб Ўзбекистон темир йўлларида фойдаланмоқда, деб хабар беради «O‘zbekiston temir yo‘llari» Акциядорлик жамияти матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech