13 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,2 °C

Ижтимоий ҳаёт
31 Окт  2019 545

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Шарғункўмир”ни ҳимоя қилди

Президентимизнинг тегишли қарорига кўра 2017 йилда “Шарғункўмир”АЖ “Ўзбекистон темир йўллари” аксиядорлик жамиятига берилган. Шу кунларда бир қатор электрон оммавий ахборот воситаларида мазкур корхона фаолиятини қораловчи, хусусан, корхона ходимларига нисбатан тазиқ ва босим қилинаётганлигига оид хабарлар тарқалди.

Ушбу хабарларнинг бирламчи манбаи Озодлик.орг. интернет нашридир. Таъкидлаш жоиз, 2015 йилдан буён мазкур корхонада меҳнат қилган С.Р. Сафаров (Сурхондарё вилоятида туғилган) ходимлар орасида турли хил тартибсизликларнинг асосий сабабчиси ҳисобланиб, ноқонуний, олдиндан (кейинчалик маълум бўлган) режалаштирилган иш ташлашда, электрон оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган видеоёзувларида у бир неча бор тўғридан-тўғри “Озодлик”га мурожаат қилган ва “Мана, ҳурматли Озодлик радиоси, кўринглар!” дея гапирган.  

Бу сафар, бузғунчи ғоя билан яна худди шу интернет манбага мурожаат қилиш орақли чиқиш қилиб, у ва унинг оила аъзоларига “Шарғункўмир”АЖ раҳбарияти томонидан босим ўтказилаётгани ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатган. Шуни таъкидлаш керакки, Сафаров С. Р., унинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва турли асоссиз гаплар туфайли бир неча бор маъмурий жазога тортилган. Бугунги кунда у мазкур кўмир корхонасида фаолияти юритмайди. 

Маълумки, Шарғун республикамиздаги энг йирик кўмир захираси ҳисобланади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, унинг ҳажми 33 миллион тоннадан ортиқ хом-ашё ҳисобланади. Бу ерда бугун қарийиб 500 киши меҳнат қилмоқда. Улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш мақсадида жорий йилнинг ўзида корхонада бир қатор жорий ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Аннаева Саломат, “Шарғункўмир” АЖнинг кон-кон ишлари бўйича етакчи муҳандиси”:

– Корхонамизда иш ҳақи ўртача ҳисобда 60% га ошди. Ойлик маоши ўз вақтида берилади. Бундан ташқари, биз каби зарарли ишлаб чиқаришда ишловчи ходимлари учун мунтазам сут маҳсулотлари берилади. Ювиниш хонаси, овқатланиш (ошхона) хонаси таъмирланди. Кўмир саноати ишчилари учун чиндан ҳам яхши шароитлар яратилган десак муболаға бўлмайди. 

Шунингдек, “Обод шаҳар” дастурини амалга ошириш доирасида “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ ҳам шаҳарни ободонлаштиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Маълумки, жорий йилнинг 30 апрель ва 1 май кунлари Президентимизнинг Сурхондарё вилояти Сариосиё туманига ташрифи чоғида Шарғун шаҳри қиёфасини тубдан ўзгартириш ва маҳаллий аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Шаҳар марказида барпо этилган ва обод қилинган Кўмирчилар хиёбони темирйўлчилардан кончиларга муносиб совға бўлди. 

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech