22 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент 0 °C

Воқеа-ҳодисалар
3 Окт  2019 623

Япония ва Жанубий Кореяда тўфон: қурбонлар бор

Япониянинг Сикоку оролидаги Коти префектурасининг салкам 43 минг аҳолисини кучли жала қуйиши туфайли эвакуация қилиш тавсия этилди. Тинимсиз қуйган жала дарёларнинг ўзанидан тошиши ва кўчкиларга олиб келиши хавфи жуда юқори бўлди, дея хабар беради NHK телеканали.

Префектурадаги қатор мактабларда машғулотлар тўхтатилган. Коти, Тоса, Сусаки шаҳарларида бир соат ичида 120 миллиметрдан зиёд ёғингарчилик қайд этилди. Котида дарё ўзанидан тошиб, деярли енгил автомобилларнинг томига қадар кўтарилган. Кейинчалик кучли тошқин битта автомобилни оқизиб кетгани ва унинг ичида аёл киши бўлгани маълум бўлди. Яхшиямки, аёл машинасидан чиқа олган ва омон қолган.

Ушбу мамлакатга яқин жойда паст атмосфера босими юзага келган ва натижада Япониянинг жануби-ғарбий қисмида кучли жала қуйган. Кейин у «Митаг» тўфонига айланди ва Корея яримороли томон ҳаракатланди.

Жанубий Кореяда «Митаг» тўфони қурбонлари аллақачон тўққиз кишига етган ва яна беш киши бедарак йўқолгани ҳақида YTN телеканали хабар тарқатган. Келтирилишича, Пусан, Пхохан, Улжин, Каннин шаҳарларида сув тошқини ва кўчкилар оқибатида қурбонлар пайдо бўлган. Канвондо, Кёнсан-Пукто, Чеджудо вилоятларида етти киши жароҳатланган.

Телеканалнинг келтиришича, Жанубий Кореяда жами 318 киши (175 оила) эвакуация қилинди. Тўфон мамлакатда транспорт қатновини издан чиқарган, 44 минг хонадонда электр энергиясисиз қолган. Ушбу мавсумда ўн саккизинчиси бўлган тўфон чоршанба куни Жанубий Корея қирғоқларига етиб келди ва Япон денгизидаги Уллиндо оролида ҳаракатдан тўхтаб, тарқаб кетди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech