22 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент 0 °C

Бўш вақтда
1 Июн  2019 1414

Ёвғон шўрва (Ярослав ГАШЕК)

Князь Роберт жуда инсонпарвар одам эди. Бир куни қўшни қишлоқдаги камбағал болалар учун «Бир коса шўрва» кўчма ошхонасини ташкил этиш фикри миясига келиб қолди. Харажатларини ҳали ҳисоблаб ҳам кўрмаган князь махсус павильон қуришга буйруқ бериб юборди ва Венадан кўчма ошхона олиб келтирди.

Кўчма ошхонани келтиришгандан сўнг княгиня хоним салкам тиз чўкиб, бу ишни қилмасликни ўтиниб сўради. Аммо князнинг қарори қатъий эди.

— Жим бўлинг, княгиня! — деди у. — Ўша жулдурвоқилар учун шахсан ўзим картошкали обиёвғон пиширмоқчиман.

Княгинянинг укаси граф Манхард ҳам шундай аслзода кишига овқат пиширишнинг ярашмаслигини айтиб, қайноғасини бу йўлдан қайтаришга уриниб кўрди. Бунга жавобан князь бақириб берди ва айнан, шу ишни ўзи қилмоқчилигини, агар кимда-ким қарши чиқса, шахсан ўзи у билан гаплашиб қўйишини айтди. Бундан князь Робертнинг нафақат инсонпарвар, балки жуда баджаҳл киши эканини ҳам англагандирсиз.

Хуллас, ажойиб кунларнинг бирида павильон ва кўчма ошхона игнабаргли дарахт новдалари, байроқчалар ва икки хил рангдаги тасмалар билан безатилди, эшикларга эса «Яратганга шукрлар бўлсин!» деган ёзувлар осилди. Фрак ва цилиндр шляпа кийган хизматкорлар оғаси қозон олдида туриб, ўчоққа ўтин қаларди. Негаки, князь Роберт шундай қилишни буюрган.

Князнинг ўзи эса дам-бадам дераза олдига келиб, ташқарига қарарди. Агар хизматкорлар оғаси шляпасини ечса, бу қозондаги сувнинг қайнаганини ва князь жаноб олийларининг картошка арчиш учун чиқадиган вақти бўлганини билдирарди. Буни ҳам князь ўйлаб қўйганди.

Ва ниҳоят, у қасрдан чиқди ва салобат билан кўчма ошхонали павильон томон одимлади. Болалар эса нима қиларини билмай бурун кавлаб туришарди ва қишлоқ оқсоқоли князга муносиб ҳурматни кўрсатиш лозимлигини тушунтириб қўйиш учун муштини кўрсатди.

Оқсоқоли бунақа тадбирларга жуда уста бўлиб кетганди. У болаларнинг князга қараб, «ура» деб қичқиришларига ишора берди, ҳаммаси ювиниб-таранганми, ишонч ҳосил қилиш учун уларга бир қур разм солди-да, қишлоқ миршаби Пазурекка имо қилди. У эса калта замбараклардан бирининг пилтасини ёқди ва иккинчиси томон ошиқди. Икки марта қаттиқ гумбурлаш эшитилди, князь эса қуюқ тутун ичидан чиқиб олишга шошилди. Болалар эса қулоқни қоматга келтиргудек бақирардилар. Князь уларга илтифот билан қўл силтади ва кўчма ошхона ёнига бориб ўтирди. Икки хизматкори унинг ёнига картошка келтириб қўйишди. Князь эса оппоқ қўлқоп кийган қўли билан битта картошка олди-да, арчиб бўлгач, сув қайнаётган қозонга ташлади. Атрофни болаларнинг қувончли ҳайқириғи тутди. (Дарвоқе, уларнинг овози сал хириллаб ҳам қолганди). Жаноб олийлари иккинчи картошкани тозалай бошлади. Мана, буниси ҳам қозонга тушди. Яна атрофни болаларнинг қувончли ҳайқириғи тутди. Шундан сўнг князь Роберт ўрнидан туриб, тилга кирди:

— Болалар, бу… сизники хурсанд бўлган. Ҳозир сизники картошкали обиёвғон ейди ва хурсанд бўлади, негаки уни шахсан меники тайёрлайди… Унутманг, меники сизларникига худди онадай меҳрибон… ҳалиги… меники шахсан ўзи пиширади…

Ана шундай нотиқлик санъатидан баҳраманд бўлган болалар яна бараварига ҳайқиришди.

— Бугун тарихий кун, меники сизларга овқат пиширади, — виқор билан давом этди князь, — енглар болалар, сизники «хам-хам» қилади. Бу жуда мазали ёвғон шўрва… Меники сизларга ошпаз бўлди ва картошкани шахсан меники арчиди. Сизники бунинг учун менга миннатдорчилик айтади…

Кейин йигирма уч нафар болакайнинг ҳар бири жаноб олийларининг қўлидан бир крондан пул олди, қишлоқ оқсоқолига эса князь кир бўлиб кетган қўлқопини берди. Уни ечаётиб, деди:

— Муҳтарам оқсоқол, бу сизга, менинг биринчи ёвғон шўрва тайёрлаганимдан эсдалик. Сизники бунинг учун менга миннатдорчилик айтади…

Худди шу пайти гавдали бир аравакаш князга от келтирди ва жаноб олийлари сайр қилгани ўзининг ов қиладиган қўриқхона ўрмонига кириб кетди, хизматкорлар ва аъён ҳам керилганча, қаср томон жўнадилар.

Қишлоқ оқсоқоли князь берган қўлқопларни чўнтагига тиқди, олдин жулдурвоқиларга, сўнг қишлоқ миршаби Пазурекка разм солди, чўнтагидан қўлқопларни чиқарди, яна нима қилишни билмай, уларга тикилиб қолди ва ниҳоят, қишлоқ саркори Вержинга қараб деди:

— Хўп, яхши, аммо жулдурвоқилар учун ёвғон шўрвани ким охиригача пиширади?

— Пазурек билан болалар картошкани охиригача тозалаб беришади, — деди униси.

— Пазурек, ёвғон шўрвани охиригача пиширишни сизга топшираман. Сиз эса қизлар, картошка арчасизлар.

Шундай дея улар болаларни Пазурек ихтиёрида қолдиришди. Иссиққа чидаб бўлмасди, Пазурек кўзларини чақчайтирганча болаларга ўшқирди:

— Сиз чувриндиларга текин тушликни кўрсатиб қўяман ҳали.

Бироқ бошқа чораси ҳам йўқ эди, чубуғини тутатиб бўлгач, қари аскар маҳорат билан ёвғон шўрва учун зираворларни тайёрлай бошлади. Бу орада қизлар картошкани арчиб бўлишди, Пазурек эса пешонасидаги терни енги билан артганча қозонни чўмич билан кавлай бошлади.

Кутилмаганда унинг миясига ялт этиб бир фикр келиб қолди. У тўхтади, кўчма ошхона яқинидаги ўтлоқда ўйнаётган болаларга қаради ва қичқирди:

— Карел Малина, қани, бу ёққа кел-чи!

Ҳеч гапдан хабари йўқ Карел Пазурекнинг ёнига келди.

— Сен лаънати болакай, — қичқирди унга Пазурек, — кеча ёнғоқзорда нима қилаётган эдинг? Бунинг учун жарима ундирилишини биласанми ўзи? Қани, бир кронни бу ёққа чўз-да, уканг Пепикниям чақир. Пепик, ярамас аканг Карелни ёнғоқ ўғирлагани учун авахта кутяпти. Княздан бир крон олдингми? Қани, бу ёққа чўз! Ҳалиям шундай князни сизларга рўпара қилгани учун Худога шукр қилинглар! Бўлмасам, сизлар учун жаримани ким тўларди? Жарима учун икки крон етади. Агар яна ёнғоқ ўғирлаётганларингни кўриб қолсам, пичанхонага қамаб, иштонларингни ечиб, яхшилаб савалайман. Ўғирлик қилиш, болалар, гуноҳ! Бўпти, бу сафар сизларни кечирдим. Пепик югуриб бориб, менга ароқ опке, сен Карел ёвғон шўрвани чўмич билан кавлайсан.

Пазурек майсага яхшилаб жойлашиб олди. Кўп ўтмай Пепик ароқ кўтариб келди. Ичиб олган Пазурек болаларни атрофига йиғиб, хўжайинларни қандай ҳурмат қилиш кераклиги ҳақида тўлиб-тошиб нутқ сўзлади.

— Негаки, бунинг бари Яратгандан, эшитяпсизларми, чурвақалар?

Иккинчи ароққа ҳам болакайни жўнатди.

Қуёш эса аямасдан қиздирарди. Пазурек қўнжи узун этигини ечиб, майсага чўзилди ва кўп ўтмай, хуррак ота бошлади. Болалар жаноб олийларининг ёвғон шўрваси пишишини кутиб, қароқчи ўйинини ўйнай бошладилар. Кўп ўтмай, улар ўрмон ичига кириб кетиб, товушлари ҳам бутунлай эшитилмай қолди.

Туш пайтида князь сайрдан қайтди. Унинг нигоҳи биринчи бўлиб, кимсасиз кўчма ошхона ва павильонга тушди. Қозондан эса қуюқ буғ чиқар ва ёвғон шўрванинг иштаҳа очувчи «биқ-биқ»лаб қайнаши эшитиларди. Қозонга яқин келиб, унда... қишлоқ миршаби Пазурекнинг этиклари пишаётганини кўрди. Князь уни яхшигина тепиб уйғотди, негаки у нафақат инсонпарвар, балки жуда баджаҳл киши ҳам эди.

Бу ҳодисани эса қия тепаликдаги буталар орасига бекиниб олган ака-ука Малиналар ҳиринглаганча кузатардилар. Улар ўзини худди чизган асари биринчи мукофотга лойиқ топилган рассомлардек ҳис қилардилар. Йўқотишган икки крон пули ўрнини ана шу томоша қоплади.

Жаноб олийларининг эса «Бир коса шўрва» кўчма ошхонасига бўлган қизиқиши сўнди ва дарров чиройли павильонни йиғиштиришни буюрди.

Унинг қайни граф Манхард (уям жуда инсонпарвар одам) бир сафар ўрмонда Пазурекни учратиб, ундан қандай қилиб, биринчи ва охирги марта ёвғон шўрва пиширишганини сўраб билиб олибди.

— Э, нимасини айтасиз, жаноб олийлари! — соддадиллик билан тан олибди Пазурек. — Айтишгаям уяласан киши! Атрофни димоғни ёрадиган шунақа ҳид тутиб кетгандики, асти қўяверасиз... бунақа ҳиддан Худонинг ўзи сақласин!

 Рус тилидан

Нурпўлат НУРҚУЛОВ таржимаси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech