08 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +4 °C

Ҳукумат
11 Ноя  2019 2426
ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси иштирокчилари, ташкилотчилари ва меҳмонларига қутлови

Ҳурматли конференция иштирокчилари ва ташкилотчилари!
Азиз дўстлар!
Ўзбекистонда илк бор “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси иштирокчилари – етакчи сиёсатчилар, олим ва экспертларни қабул қилиш биз учун улкан шараф. Сизларни саховатли ва меҳмондўст заминимизда самимий қутлайман!
 
Мазкур конференция асрлар давомида Шарқ ва Ғарб маданиятлари ўзаро туташган ва бир-бирини бойитган, янги илмий ғоя ва билимлар туғилган шаҳар – Самарқандда ўтказилаётганида чуқур маъно мужассам. 
 
Дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган Самарқанд ҳозирги кунда ҳам минтақавий ва глобал кун тартибига оид долзарб масалалар бўйича очиқ ва конструктив мулоқот учун ўзига хос майдон вазифасини ўтаган ҳолда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнамоқда. 
 
Сўнгги икки йилда бу ерда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро конференция, Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ва минтақа учун тарихий аҳамиятга эга юксак даражадаги қатор бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди. Бу, ўз навбатида, ҳамкорликнинг ўзига хос “Самарқанд руҳи“ни шакллантириш ҳақида сўз юритиш имконини беради. 
 
Бугунги учрашув ушбу эзгу анъанани давом эттириши ҳамда очиқлик ва ўзаро англашув руҳида ўтишига ишончим комил. 
 
Ҳақли равишда нуфузли ва обрўли эксперт-таҳлилий платформа ҳисобланган “Валдай“ клубининг ҳар бир йиғилиши ҳамиша бутун дунё мутахассислари ва жамоатчилиги ўртасида катта қизиқиш уйғотадиган ёрқин ҳодиса бўлиб келган. 
 
Ўйлайманки, Евроосиё минтақаси, жумладан, Марказий Осиёда рўй бераётган мураккаб жараёнларга бағишланган бугунги мунозара ҳам сермаҳсул бўлиб, истиқболдаги ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб беради. 
 
Марказий Осиё Евроосиё макони ва, умуман олганда, геосиёсатда тобора муҳим рол ўйнамоқда. Қисқа вақт ичида Марказий Осиё халқларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли минтақада мутлақо янги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муҳитини яратишга эришилди. 
 
Сиёсий ишонч юксак даражага кўтарилди. Бу эса бугунги кунда минтақадаги ҳаётий муҳим муаммоларни самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Давлат чегаралари, сувдан фойдаланиш, транспорт ва савдо масалалари бўйича оқилона муросага эришилди. 
 
Ўзбекистон Республикаси кўп томонлама минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори. Асосий мақсадимиз Марказий Осиёни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақа, тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантиришдан иборат. 
 
Шубҳасиз, буларнинг барчаси глобал хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бутун Евроосиё минтақасини ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, минтақа мамлакатларининг дунёдаги етакчи ҳамкорлар, биринчи навбатда, Россия билан ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли муносабатларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар очиб беради. 
 
Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг ишончли стратегик ҳамкори ва иттифоқдоши. Азалий дўстлик ришталарига асосланган муносабатларимиз изчил ривожланиб, янги амалий мазмун билан бойимоқда. 
 
Ўзбекистон савдо, саноат кооперацияси, инвестиция, инновациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги, йирик трансминтақавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг мавжуд салоҳиятини тўлиқ ишга солишдан манфаатдор. Маданият ва таълим соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
“Валдай“ клубининг Ўзбекистондаги бугунги учрашуви мамлакатларимизнинг ишончли мулоқот ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда барча даражаларда ривожлантиришга бўлган ўзаро интилишининг ёрқин далилидир.
 
Ҳурматли конференция иштирокчилари!
 
Самарқандда ўтаётган “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси мамлакатларимиз эксперт-таҳлил ҳамжамиятлари ўртасида янги, тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва мавжудларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Умид қиламанки, бундай учрашувлар мунтазамлик касб этади. 
 
Конференция иш фаолияти самарали бўлишини, Шарқ гавҳари - кўҳна ва навқирон Самарқанд билан танишиш сизларда ёрқин ва унутилмас таассурот қолдиришини тилаб қоламан.
 
 
Тошкент шаҳри,
2019 йил 11 ноябрь.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech