23 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,5 °C

Яшил сайёра
25 Июн  2019 4169

Бурқсиган тутун, олов тиллари ва ачимсиқ метан: Оҳангарон полигони бизни қандай кутиб олди

Биргина Тошкент шаҳрининг ўзи ҳар йили 600 минг тоннадан зиёд маиший чиқиндиларни ишлаб чиқаради. Ҳар куни - 1600-2000 тонна. Чиқиндиларнинг охир-оқибат қаерга ташланиши борасида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

ҚМЧ (қаттиқ маиший чиқиндилар)ни йиғиш ва олиб чиқиш жараёни уч босқичда амалга оширилади. Биринчиси, улар маиший чиқиндиларни дастлабки йиғиш пунктларида, яъни квартал ва маҳаллалардаги «чиқиндихона»ларда тўпланади. Кейин «Махсустранс» автомобиллари уларни йиғиб, юклаш станцияларига элтади. Пойтахтимизда улар учта жойда бор: Яшнобод, Яккасарой, Юнусобод туманларида. Бу ерда чиқиндилар сараланади - пластик, картон, шишалар ажратиб олинади - қолганлари улкан «бочка»ларга зичлаб босилади ва ... Оҳангарон чиқинди полигонига олиб бориб ағдарилади.

1966 йилда бу ерда 20 метрлик чуқурликка эга каттагина котлован бор эди, кейинчалик у кенгайиб, 59 гектар майдонни эгаллади. «ПВ» таҳририятининг мухбири ана шу полигонга ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоизки, дастлаб Оҳангарон туман ҳокимиятига бордик, аммо бу ерда раҳбарият йўқ экан.

Полигон шаҳардан ўттиз километр узоқликда жойлашган. Йўлдалигимизда аллақачон у ернинг катталарига хабар беришибди. Ишчилар идорани тартибга келтириб, йўлакларга сув сепишга улгуришибди. Лекин йиғилиб қолган муаммоларни яшириб бўларканми?

Бироқ ҳаммаси тартиби билан. Оҳангарон полигони бошлиғи Абдусабид Нишонбоев илтимосимизга кўра, ҳудуд бўйлаб экскурсия уюштирди.

Баъзи жойлари алангаланиб кетувчи тоғ-тоғ уюлган чиқиндилар, атрофга кўнгилни айнитадиган даражадаги ҳид таралиб кетган. Бу чиқиндиларнинг кимёвий парчаланиши натижасида метан гази ҳосил бўлган. У ёнувчан. Бизга тушунтиришларича, шишалар синиқлари қуёш нурини худди линзалар каби ўтказиб, ёнғинларни келтириб чиқарар экан.

Шунингдек, чиқиндиларни тартибга солувчи ўнлаб ишчилар меҳнат қилишмоқда – ҳатто, ниқоб ҳам тақишмаган, юзига шунчаки, рўмол боғлаб олишган, баъзилари эса уларсиз ишлашяпти.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокор-токсикологи, тиббиёт фанлари номзоди Амир СТОПНИЦКИЙ вазиятга изоҳ беради:

- Органик қолдиқларнинг парчаланиши натижасида асосан, метан ва водород сульфиди ҳосил бўлади. Ҳавода метан миқдори юқори бўлган шароитда кўп бўлинганда, одамда ис газидан заҳарланиш каби аломатлар пайдо бўлиши мумкин. Нафас йўлларининг яллиғланиши ва унинг зўрайиши, бош оғриғи, кўнгил айниши кузатилади. Аммо водород сульфиди ундан ҳам хавфлироқ, айниқса, у чиқиндининг қуйи қатламларида жуда кўп тўпланганда. Агар ана шундай қатламлар титила бошланса, водород сульфиди юзага кўтарилиб, ўлим  билан тугайдиган заҳарланишга олиб келиши мумкин. Ушбу модда таркиби кам бўлган муҳитда ишланса ҳам ушбу газ энцефалопатия, сурункали ва обструктив бронхит, ҳатто, бронхиал астмагача олиб келиши мумкин. Водород сульфиди ажраладиган шароитида узоқ вақт давомида бўлишдан токсик гепатит (жигар шикастланиши) юзага келиши мумкин.

Бундай полигонларда меҳнат қилувчи ишчилар саломатлиги билан минтақадаги газларнинг аҳолига  таъсирини баҳолайдиган профессионал патологлар шуғулланиши керак. Санэпидемстанция бундай участкаларни доимий равишда кузатиб бориши лозим. Ниқобларга келсак, бу заиф ҳимоя. Водород сульфиди ва метан молекулалари барибир танага киради.

Демак, хулоса қиламиз: бу ерда одамлар саломатлиги ва атроф-муҳит билан боғлиқ хавфсизлик қоидалари бузилган. У ернинг иссиқлигини айтмайсизми?!

Ишчилар кунига 12-16 соат давомида бу «иссиқхона»да ишлайди. Улардан бир-иккитаси билан гаплашишга ҳаракат қилиб кўрдик. Истамайгина жавоб беришди, исмларини чиқармаслигимизни сўрашди. Манзара аниқ: агар бундай меҳнат шароитларда ишлашга рози бўлишмаса, бўшатиб юборишади. Ва бу кўпчилиги учун ягона даромадни йўқотиш, дегани…

Замонавий технологиялар котлован тубини сув ўтказмайдиган геомембрана, геотекстиль, шағал каби бир неча махсус қатлам билан қоплашни назарда тутатди… Бундан ташқари, унинг яқинида насос ва тозалаш станцияси бўлиши лозим. Аммо илгари бунинг бирортаси қилинмаган ва барча зарарли чиқинди сувлари тупроққа сингиб кетган. Энди айрим қудуқлардан одамларнинг қандай сув ичишганини тасаввур қилавериш мумкин. Яна атроф-муҳитнинг заҳарланиши-чи? Айтишларича, яқин аҳоли пунктларида одамлар нафас қисилиши, бронхиал астма ва бошқа касалликлардан азият чекишаркан.

Газлар ажралиб чиқишини рекультивация, яъни чиқиндилар устидан тупроқ ташлаб (қатма-қат пирог кўринишида) қисқартириш мумкин. Шунингдек, бу ерда чуқурликдан метан газини тортиб олиш ва ёқиб юбориш мақсадида қудуқ қазиш ҳамда унга насослар тушириш назарда тутилган. Ушбу жараён газсизлаштириш, деб номланади. Ана шу йўналишда қадамлар ташланган, бироқ тизим ишламаяпти.

Шамол йўқ пайтлари эрталаб ва кечқурун полигон ҳудуди ва қўшни аҳоли пунктлари устини газли заҳарли ҳаво буғи қоплайди. Яқин далаларда бирортаям ҳашарот, қуш, бошқа бирор тирик жонзотларнинг йўқлигидан ҳам унинг заҳарли экани борасидаги хулосага келиш мумкин.

Бульдозерчи ва тракторчилар учун касалланиб қолиш хавфи юқори. Улар ҳам асосан, кеча-кундуз тинмай ишлашади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари иштирокида вазиятдан тўғри чиқиш белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари Оҳангарон полигонини ёпиш зарурлигини таъкидлади. «Бу экологиянинг тозалиги ва аҳоли саломатлиги учун жуда муҳим», дея қўшимча қилди мамлакатимиз етакчиси.

Полигон деярли тўлган ва янгисини қуриш керак. Жанубий Кореянинг «Sejin G&E Co., Ltd» компанияси чиқиндилардан ҳосил бўлган метан газини қайта ишлаб, электр энергиясига айлантириш корхонасини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқа бошлади. Технология қиймати - 55 миллион доллар. Эски чиқиндихона ёнидан 30 гектар ер ажратилган. Полигон қурилиши Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилади.

Аммо бу ерга ҳали-ҳануз чиқиндилар олиб келинмоқда, олиб келинмоқда…

Константин Башлаев.

Муаллиф сурати.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 23 июндаги 127-сонида «Клубы дыма, языки пламени и едкий метан: чем нас встретил Ахангаранский полигон» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech