13 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,4 °C

Кейинги авлод
23 Окт  2019 1517

Президент мактаблари ўқувчиларига катта умид боғланмоқда

Наманганда Президент мактаби барпо этиш шиддат билан давом этяпти. «Зафар қурилиш хизмати» ХК қурувчилари уни шу йилнинг 1 ноябрига қадар фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Наманганда Президент мактабида ўқиш учун талабгорлар имтиҳонларнинг биринчи босқичи якунлари бўйича ушбу муассасалар ташкил этиладиган бошқа ҳудудлардаги тенгдошларидан ўзиб кетишди. Имтиҳон давомида жами талабгорлар сони 7738 нафарни ташкил этиб, 144 таси барча топшириқларни муваффақиятли бажаришди. Таъкидлаш жоизки, имтиҳондан ўтмаган, лекин энг кўп балл тўплаган 500 нафар болага ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва умумтаълим мактабларида ўқиш учун квоталар берилди.

Ҳатто, тугалланмаган объект ҳам жасурона меъморий инновациялари билан киши эътиборини ўзига тортади. Айни дамда бу ерда икки қаватли ўқув биноси ва уч қаватли ётоқхона бинолари олд кўринишларини безаш, томини ёпиш, электр таъминоти, иситиш тизимлари, сантехника жиҳозларини монтаж қилиш ва коммуникацияларга улаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Гимнастика зали ва сузиш ҳавзаси ҳам деярли битиб қолган. Шу билан бир қаторда, ободонлаштириш, металл тўсиқлар ўрнатиш, чорқирра тош (брусчатка)лар ётқизилиб, канализация тортилмоқда. Икки ўқув биноси, сузиш ҳавзасига эга спорт зали, ётоқхоналар ва бошқалар, болаларнинг ота-оналари учун меҳмонхонадан ташқари, футбол, волейбол ва баскетбол майдонлари, ҳарбий машқлар ўтказиладиган майдон (плац), дам олиш ҳудудлари, гулхона, ўқув-тажриба майдони, ёпиқ гаражлар ҳам пайдо бўлади. Лойиҳанинг смета бўйича қиймати 57 миллиард сўм бўлиб, ушбу маблағнинг катта қисми ўзлаштирилган.

– Бундай ўта муҳим объектни белгиланган муддатда битказиб, фойдаланишга топшириш учун қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз. Қурилишга 300 га яқин қурувчи ва 50 га яқин турли техникалар сафарбар этилган, – дейди Ишлаб чиқариш-техника бўлими бошлиғи Дилмурод Акрамов. – Ишни тезлаштириш мақсадида юз нафар ишчи учун дам олиш жойи жиҳозланган, шароитлар яратилган, кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланяпти. Кўриб турганингиздек, илғор қурилиш технологиялари ҳам кенг қўлланилмоқда, кўплаб инновацион ишланмалар жорий этилмоқда. Барча электр, сув ва канализация тармоқлари шифт остидан тортилмоқда, видеокузатув камералари кабеллари ҳам ўша жойдан ўтади. Иссиқликни сақлаб қолиш ва шовқинни изоляция қилиш учун йўлаклардаги бетон ётқизма (стяжка) остига қимматбаҳо изоляция материали - пеноплекс тўшалди.   

Бу ерда турли касблар вакиллари меҳнат қилмоқда ва уларнинг барчаси ўз ишининг ҳақиқий усталаридир. Қурилишда импорт қилинган қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда, Ахадхон Асқаров раҳбарлигида сантехника бригадаси, Абдувоҳид Тўйчибоев бошчилигидаги электрмонтажчилар барчага ўрнак бўлишмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мактаб қурилиши вилоят ҳокимлиги ягона инжиниринг компанияси ва вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда жамоатчиликнинг алоҳида назоратидадир.

Қурувчилар фидокорона меҳнат қилишмоқда: объект уч ой ичида нолдан бошлаб қурила бошланган, бугун эса баъзи жойларда аллақачон биноларни безаш ишларига киришилган. Ўйлаб кўринг-а, ер майдони 17 апрелда ажратилган, қурилиш эса 1 майда бошланган.

Тупроқ ишларига кўп вақт ва куч сарфланди - майдонларни режалаштириш, котлован қазиш ва ҳ.к. Импорт қилинаётган қурилиш материаллари, уларнинг комплетлари, мебеллар ва ҳоказолар ҳам фаолиятни бирмунча секинлаштирди: сотиб олиш, етказиб бериш ва божхона расмийлаштирувини амалга ошириш дегандай... Пардозлаш ғиштлари - Россиядан, гипсокартон деворлари орасини тўлдиришда ишлатиладиган минерал пахта - Қозоғистондан, пеноплекс - Туркиядан олиб келинган.

– Бу ерда ишлатилаётган кўпгина технологиялар вақтни тежайди, масалан, гипсокартон ва минерал пахтадан фойдаланиб, одатда шувоқ ва бўёқларни бир неча қатлам қўллаш керак бўлган ғишт девордан анча тезроқ муддатда пардевор кўтариш мумкин, – дейди прораб Жалолиддин Солиев. – Тез орада ободонлаштириш ишларини ҳам бошлаймиз – бетон ётқизма ва чорқирра тош ётқизамиз, майса тўшаймиз.

– Яқинда Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида Президент мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Мардон Эсонбоев. – Номзодлар математика бўйича 24 та масалани ҳал қилишда ахборотни таҳлил қилиш ва таққослаш қобилиятларини намойиш этиши, шунингдек, инглиз тилида 55 та тест саволларини ечишлари керак эди. Бунинг учун мос равишда 60 ва 75 дақиқа вақт берилди.  Бунда Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси, Буюк Британиянинг «Cambridge Assessment International Education» ташкилоти вакиллари иштирок этишди ва болаларнинг билим даражасини баҳолашди.

Таъкидлаш жоиз, Президент мактаблари ўқувчиларига улкан умид боғланмоқда: мактабда ҳар бир ишда ўзларини намоён эта оладиган, мамлакат ривожи ва фаровонлигига ҳисса қўша оладиган энг иқтидорли ёш ўғил-қизлар таълим оладилар. Президент мактаблари СТЕАМнинг илмий фанларини ўқитишга ихтисослашган. Болалар математика, физика, кимё, биология, ахборот технологиялари, хорижий тиллар каби фанлардан чуқур билим олишади. Барча ўқув жараёни илғор таълим технологияларига асосланган. Қизиғи шундаки, имтиҳонларда иштирок этган ва танловнинг холислиги ҳамда ошкоралигини таъминлаган хорижий ўқитувчилар ушбу муассасаларда ўқув жараёнини бошқарадилар.

Битирувчиларга таълим борасидаги белгиланган намунадаги гувоҳнома (аттестат)лар берилади, уларга халқаро даражадаги тегишли дастурнинг дипломлари (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) тақдим этилади ва бу уларга етакчи хорижий университетларга кириш имконини беради.

Умуман олганда, болаларга ҳар қандай нуфузли олий ўқув юртига кириш ва кучли мутахассислар бўлиб етишишлари учун билим ва кўникмаларнинг энг катта юкини бериш учун барча иш амалга оширилади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайта ва қайта дунёдаги энг катта бойлик – бу ёшларнинг эгаллаган билими ва касби эканини таъкидлайди.

Ва бунда, албатта, жуда кўп нарса ўзлари ҳам тахминан шундай танловлардан ўтган ўқитувчиларга боғлиқ. Ҳар бир нарса ҳисобга олинади: тажриба ва касбий тайёргарлик, билим даражаси, шунингдек, улар ўз устида мунтазам ишлаши, малакасини ошириши, илғор педагогик технологияларни самарали қўллай олиши лозим.  

Феруза Отахонова

«Правда Востока».

Наманган вилояти.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 23 октябрдаги 214-сонида «На учащихся Президентских школ возлагают большие надежды» сарлавҳаси билан эълон қилинган.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech