21 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +5,4 °C

Ташвишли хабар
10 Апр  2019 6650

Бизга паркни қайтаринг!

«Правда Востока» таҳририятига Мирзо Улуғбек тумани Нодирабегим маҳалласида истиқомат қилувчи фуқародан мурожаат келиб тушди. Ўз хатида меҳнат ветерани бирйўла Буюк ипак йўли ва Шукур Бурҳонов чорраҳаси атрофидаги бир нечта кварталларга тегишли муаммоларга тухталган.

Таҳририят ходимлари мурожаат сабаби ва шикоятнинг ўринли эканига ишонч ҳосил қилиш мақсадида йўлга отланди. Негаки, мурожаатда жуда кўп камчиликлар тилга олинган ва кўп танқидлар мавжуд эди.

Бешта – Шукур Бурҳонов номли, Нодирабегим, Алишер Навоий, «Шўртепа» ва «Баҳор» маҳаллалари Чирчиққа олиб борадиган жуда серқатнов йўл ёқаси бўйлаб жойлашган. Улар Тошкентнинг дўстона ва бир-бирига меҳр-оқибатлилик кучли, меҳмондўст ҳамда шинам маҳаллаларидан ҳисобланади. Аммо аҳоли бу гўзал масканни яшаш учун янада қулайроқ қилиш борасидаги илтимосларининг тушунмаслик деворига бориб урилаётганидан, айниқса, хафа.

Бундай илтимосномалар биттагина эмас, албатта. Мурожаатлар орасида бошқарувнинг ҳудудий органлари, турли вазирликлару маҳкамаларга, Олий Мажлисга, Ўзбекистон экологик ҳаракатига ва ОАВ («Халқ сўзи» ва «Gazeta.uz» ахборот агентлиги)га йўлланганлари ҳам бор. Уларга эса бир тахлам қарийб бир хил мазмундаги «Сизнинг мурожаатингиз... ...га жўнатилди», «Вазият назоратга олинди» қабилидаги жавоб хатларини ва бу каби жавоблар аҳолини қониқтирмаслигини ҳам кўрдик.

Аммо бунда бажариб бўлмайдиган ишни уддалаш сўралаётгани йўқ, қўйилган талаблари тўғри ва уларнинг бажарилиши туманнинг ўзига ҳам фойда, бундан у ўзига жалб қилувчи янада қулайлик ва шинамлик касб этади. Хуллас, ҳаммаси тартиби билан.

Ҳозир тасвирланаётган жойда илгари «Гулшан» маданият ва истироҳат боғи бор эди. Фаол маданий ҳордиқ олувчилар, ўриндиқларда ўтириб, шунчаки дам олишга келганлар ёки бир пиёла чой устида гурунглашишни истовчилар учун деярли барча инфратузилма мавжуд, ажойиб, серсоя маскан эди.

Афсуски, мазкур парк мана бир ярим йилдирки, ёпилган. Суғориш тизими, қишки ва ёзги кинотеатрлар ишламайди, «Оталар чойхонаси» қулфланган. Аҳолининг айтишича, бир пайтлар бу ерга кўчма қўғирчоқ театри келиб томошалар кўрсатган, оммавий-маданий дам олиш ва спорт беллашувлари тадбирлари ўтказилган, кинотеатрларда фильмлар намойиш этилган.

– Баъзан ўзимга ўхшаган ёши катта оғайниларим билан бир пиёла чой устида гурунглашишни соғинаман, – дейди маҳаллий аҳоли вакили Ибрагим Абдуғаниев. – Аммо шу атрофдаги ягона чойхона ҳам ёпиқ, навбатдаги янги хўжайини эса уни нима қилишни билмайди.

Бу нафақат меҳнат ветеранларнинг муаммоси, балки ёшлар ҳам ўз тенгдошлари билан бориб вақтини чоғ ўтказишлари мумкин эди. Тўғри, байрамларни нишонлаш ёки шунчаки овқатланиш мумкин бўлган кафе бор, аммо бу маданий ҳордиқ эмас-да!

Парк борасида маҳаллий аҳоли Маданият вазирлигига, шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилган. «Муаммо назоратга олинган», бироқ вазият ҳалиям ечимсиз қолмоқда. Маҳаллий аҳолининг айтишича, энг алам қиладигани, парк дарвозаларига қулф осилишидан сал олдин кинотеатрларни таъмирлашга ва ҳудудни тартибга келтиришга эришишган экан...

Паркнинг хўжайини бор, албатта - директор вазифасини бажарувчи шахс. У маҳаллий аҳолининг қизиқишлари билан ҳисоблашмай тузилган қандайдир инвестициявий лойиҳа борасида бош қотириб, ҳудудни ривожлантириш учун маблағ йўналтирадиганларни излаётган экан. Унда кўнгилочар (рекреатив) ҳудудлар, аттракционлар ва умумий овқатланиш нуқталари кўп бўларкан. Аммо бунинг қачон амалга ошиши номаълум, ҳозирча маҳаллий аҳолининг ҳам қулф осилган дарвозага хўрсиниш билан қараб қўйишдан ўзга чораси йўқ.

Узоқ вақт давомида ушбу ҳудудни, яъни парк ва хусусий уйлар томорқасини «Тўрт ариқ» - унча катта бўлмаган ариқ, сув билан таъминлаган. Бугун у қуриб қолган, баъзи жойлари тош, чиқинди ва тупроқ билан кўмилиб ётибди. Аммо Тошкентнинг каналлар рўйхатида ҳалиям оқаётган ва беш километрга чўзилган сув тармоғи сифатида ёзиб қўйилган. Ахир, бир вақтлар ариқ нафақат Тошкентнинг, балки Тошкент вилояти Қибрай туманининг боғларини ҳам суғорган. Оқмай қолган ариқ борасида аҳаллий аҳоли табиатни муҳофаза қилиш органлари, туман ва пойтахт ҳокимиятларига мурожаат қилган, албатта. Аммо унинг оқишига ўша ерларда ноқонуний қурилган дўконлар, кафе ва бошқа қурилишларнинг бунга тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги жавобни олишган. Аҳолининг ўзи бу ноқонуний иморатларни бузиб ташлай олмайди, албатта. Балки бирон ким ушбу масала билан шуғулланар?

– Олдинига ариқ қуриб қолди, – дейди И.абдуғаниев. – Натижада дарахтлар қуриб қолади ва охир-оқибат ҳеч кимга керак бўлмаган парк ҳудуди қолади. Ахир, яшил ҳудудлар бу туманнинг «ўпка»си, кишилар саломатлиги, дегани.

– «Гулшан» паркини ўзимиз ҳашар йўли билан ҳам тартибга келтира оламиз, – дейди Нодирабегим маҳалласи оқсоқоли Хайрулла Зиёмуҳаммедов. – Бизга рухсатнома керак, холос. Акс ҳолда, ўсиб келаётган ёш авлодни қандай банд қилиш мумкин?

Яна бир оғриқли нуқта – ўша атрофда болалар боғчасининг йўқлиги. Бир пайтлар улар иккита эди. Кейин биттасини иморат кўтариш учун сотиб юборишди, иккинчисини, таъмирлаб, яна фаолиятини йўлга қўйиш учун инвесторга беришди. Бироқ у ҳам уч йил мобайнида бу вазифани уддалай олмаган. Ундан ерни олиб қўйиб, бошқасига беришди. Аммо буниси ҳам болалар боғчасини тиклашни пайсалга солмоқда, вақт эса ўтиб боряпти.

Шукур Бурҳонов кўчасидаги бир пайтлар анча гавжум бўладиган бозор бугун бор-йўғи иккита-учта савдо нуқтаси билан мақтана олади, холос. Қолган ҳудуд шундоқ бўш ётибди ва бунинг ҳеч кимга қизиғи ҳам  йўқ. Ёши катталар бир замонлар бозор пештахталарининг мева-сабзавотлар кўплигидан синиб кетай деганини, ҳатто, одамлар вилоятдан ҳам ҳар куни тонгда сут-қаймоқ келтиришганини эслашади.

Чорраҳада кўп йиллардан бери Маиший хизмат уйи қурилиши чала ётибди. Биттагина сартарошхона ишламоқда. Унга етиб бориш учун уюм-уюм ғиштлар ва қурилиш чиқиндилари оралаб ўтиб бориш керак. Аммо маҳаллий аҳоли унга боради, негаки, бошқаси анча узоқда. Бир пайтлар бу ерда маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, тикув цехи ва бошқалар фаолият кўрсатарди. Аммо мана, кўп йиллардан бери бўм-бўш ойналарини намойиш қилганча қаққайиб турибди.

Узоқ йиллар ишлаган ҳисоб-китоб кассасини ёпишди, энди аҳоли хизматлар тўловларини амалга ошириш учун автобусда бир неча бекат юришлари керак. Коммунал хизматлар ва солиқларни тўлашда энг интизомли ҳисобланган пенсионерлар учун бу – чинакам азоб. Халқ банки ҳам анча вақтдан бери унинг ишини тиклашга ваъда бермоқда, аммо ҳали бундан бирор натижа чиққани йўқ...

Маҳаллий аҳоли туманнинг гуллаб-яшнаши ва чинакамига қулай, шинам ва гўзал бўлишига ёрдам берадиган яна кўп нарсаларни истайди. Бизнесменлар дорихона, вино-ароқ маркети ва бошқаларни очган жой ўрнида китоб дўкони бунёд этишни. Маҳаллий рус тилида ўқитадиган 208-мактабда ўзбек синфлари очишни ҳам. Шунингдек, йўл ёқаси бўйлаб пиёдалар юрадиган меъёридаги йўлакни ҳам. Пиёдалар ҳозирча анчайин хавфли йўл четидан ҳаракатланишмоқда.

Аммо, маҳаллий аҳоли ўзлари мурожаат қилган маҳкамаларда арзларини эшитишларини ҳаммадан ҳам кўпроқ хоҳлайди. Қуруқ жавобларсиз, пастга томон идорама-идора жўнатишларсиз, жонли тарзда дардларини тинглашларини исташади.

Маҳалла ролининг мустаҳкамланиши фонида бунинг имконияти бор, албатта. Ҳозирча эса, конструктив мазмун билан тўлдирилиши лозим бўлган мурожаат, илтимоснома ва шикоятларнинг бўшлиқда осилиб ётганини таъкидлашгагина мажбурмиз...

Санжар Ёқубов.

Муаллиф сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech