USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

Чироқчилик ёш олимнинг Германиядаги «сунъий чироғи»

Дата публикации: 14 01 2018

Дунёда етакчи ўринларда турувчи Германия Аэрокосмик маркази олимлари 2017 йил март ойида дунёда ягона бўлган сунъий қуёш қурилмасини ишга туширишди. Мазкур қурилма 149 дона прожектордан иборат бўлиб, унинг диаметри 1 метрни ташкил этади. Қурилманинг баландлиги эса 15 метрга тенг, прожекторлар ҳолатини ўзгартириш имконига эга ва прожекторларни битта нуқтага йўналтириши мумкин. 


Ушбу 149 прожектор биргаликда ер юзига тушадиган табиий қуёш нуридан камида 10 минг маротаба кўп бўлган ёруғлик интенсивлигини юзага келтиради. Мазкур қурилмадан асосий мақсад кейинги йилларда қуёш энергиясидан олинадиган ёқилғини ишлаб чиқариш жараёнини ривожлантиришдан иборатдир. Аммо қуёш иссиқлик электр станциялари соҳасидаги тадқиқотчилар ва саноат корхоналари ёки аэрокосмик саноати корхоналари ҳам ушбу қурилмадан қуёш нурига оид турли синов ишларини олиб боришда унумли фойдаланишлари мумкин бўлади. 

Муҳим жиҳати шундаки, ушбу лойиҳани амалга оширишда асли ўзбекистонлик Зафар Исмоилов бевосита иштирок этган. Бу ҳақда KUN.UZ’га Дрезден Техника университети қуёш энергетикаси бўйича лойиҳа раҳбари Равшан Хўжанов хабар берди.

Германия Аэрокосмик маркази олимлари билан тенгма-тенг ишлаб, ўзбек фарзанди нималарга қодир эканлигини амалда кўрсата олди. Зиммасига топширилган барча муҳим вазифаларни ўз вақтида ва зарур бўлса ошириб бажарди. Ундан ташқари, ўзининг керакли ғоя ва маслаҳатларини берди. Ёш олим бакалавр даражасида бўлишига қарамай, марказнинг доктор ва профессорлари қаторидан жой ола билди. Асли олис Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги оддий қишлоқ ҳаётида катта бўлган Зафар ҳозирда магистратурада ўқишини давом эттирмоқда. Зафар вақти оз бўлишига қарамасдан, ўзининг бўш вақтини бекор ўтказмай, спортнинг дзюдо тури билан шуғулланиб туради. Эътиборли тарафи шундаки, у Германияда мамлакат бўйича чемпион унвонига эга бўлган.  

Количество просмотров

235

Янгиликлар лентаси