04 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +31,5 °C

Мамлакатимизда
4 Мая  2020 577

14 кун

Ҳалима табиатан шўхчан, бир гапириб ўн куладиганлар тоифасидан экан. У билан суҳбатлашган одамга ҳам хуш кайфиятини ўтказа оладиган даражада одамохун келинчак. Бошига тушган ташвиш ҳақида гапиргандаям жуда юқори кайфиятда, ишончи баланд, эртасидан кўнгли тўқ ва катта марраларни кўзлаган режалари билан бизни ҳайратга солди:

«Уйтиб-буйтиб дадасидан пул олиб, болаларниям қайнонамга ташлаб, хаста холам билан Тошкентга борувдик. Холамни дўхтирга кўрсатиб, қайтиб келсак, қишлоқда бу аҳвол: карантин эълон қилинган, кириш-чиқиш йўқ. Бизниям мажбурлаб касалхонага олиб келишди. Йўл бўйи ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Милисалар, дўхтирлар билан жанжаллашиб, қаршилик кўрсатиб, эй, роса хуноб бўлдим-да. Қаерга обкетади, қайтаманми-йўқми, боламни кўраманми яна? Қандай-қандай шум хаёлларга бормадим, дейсиз. Ҳозир эсласам, уятдан лов-лов ёнаман.  Вилоят марказидаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб келишди.  Дўхтирлар бизларга нима учун карантинга олинганимизни  яхшилаб тушунтиришди. Аслида, бу яқинларимизга яхшилигимиз экан.

Касалхонадаги дўхтирларни мен фаришталар дейман. Аниқ фариштани ўзгинаси. Ниқобда юришсада кўзлари билан меҳр узатишди. Сўзлари билан малҳам бўлишди. Ҳар биримизга алоҳида-алоҳида топ-тоза, чиройли хоналар беришди.

Қишлоғимиздан юзга яқин киши келган эканмиз. 3 ойлик, 8 ойлик гўдаклар ҳам бор эди. Уларнинг бўтқасидан тортиб памперсигача таъминлаб беришди. Ҳатто, уйидан битта пайпоқда келганлар ҳам бор эди. Улар керакли воситалар билан таъминланди. Яна қизиғи, кимнинг қон босими бўлса, аллергиясими, ангинаси борми, баҳонада даволаниб олишди. Келаётганимда минг хил нохуш хаёлга борганим, жуда яхши шароит, алоҳида эътибор ва назоратда бўлганимдан коронавирусдай офат билан юзма-юз келишимга оз қолганиям эсимдан чиқиб кетибди. Бизга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдорман. Энг биринчи ўринда, калорияси кўп овқатланишимизга қаттиқ эътибор қилишди. Негаки, иммунитет қанча кучли бўлса, коронавирус тугул бошқа касалликларга ҳам чалинмас экансиз. Мен ҳам ҳозир ўз уйимда соғлом овқатланишга жуда катта аҳамият бераяпман. Дўхтирлардан кўрган, эшитганимни оиламда қўллаяпман. Дастурхонга ҳовлимизда етиштирилган кўкатлар, сабзавотлардан салатлар тайёрлаб қўйишни канда қилмайман. Ҳар хил рангли, газли ичимликларни оила менюсидан чиқариб ташладим. Чунки, энди ўсиб келаётган болаларимнинг илигини тўқ қилиб ўстиришим керак-да.

14 кун ҳам ўтди. Муддатимиз тугади. Касалхонадан чиқаётганда меҳрибон дўхтирларимиз билан йиғлаб хайрлашдик.  Юзини бир мартаям кўрмаган фаришталаримизнинг соғлигини сўраб,  ҳар куни дуодаман. Уйига бормаганига 20 кун бўлганлариям бор экан. «Сизгаям карантин экан-да», деб ҳазиллашаман. Насиб этса, элимиздан бу коронавирус деган офат тез орада даф бўлади, ишонаман. Ҳар кун ҳовлининг қайси бурчагида юрсам ҳам қулоғимни динг қилиб телевизордаги янгиликларни эшитай дейман. Президентимизнинг элга қайғураётган  кўзлари, оғиримизни енгил қилаётган сўзлари бизга жуда катта мадад бўлади. Биз куч оламиз. Биласизми, бошида одамлар қоплаб озиқ-овқатлар олишган, шошишган, ваҳимага тушишган эди. Энди эслаб кулишади, ваҳима қилмасаям бўлар экан. Биз битта нарсага аминмиз: Президентимиз бизни ҳар қандай бало-қазодан эсон-омон олиб чиқади. Ўзбекистоннинг қудратли давлат эканини ҳис қилдим.  Қишлоғимиз кексалари айтганидек: ҳукуматимиз ҳаммани бир бағир қилиб жипслаштирди, бирлаштирди,  орамизни  ҳеч қанақа офат ёриб  ўтолмайди. Биз шундай кучли мамлакатмиз!»  

Лола Саодатова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech