08 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,6 °C

Мамлакатимизда
25 Дек  2019 987

20 дан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди

“Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилади.

Қонунга мувофиқ, баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан 20 дан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди.

Жумладан, тоғ-металлургия тармоғи корхоналари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилди.

Киритилган ўзгартишларга кўра, портловчи моддаларни, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун махсус материаллар ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланадиган корхоналар Президент қарори билан давлат тасарруфидан чиқарилади ва хусусийлаштирилади.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодекс янги норма билан тўлдирилди. Унга кўра мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин. Иш ҳолатлари ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлганда, шунингдек бошқа зарур ҳолларда ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим этилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни судда кўриб чиқиш чоғида суднинг ташаббусига ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш бўйича қарор ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида чиқарилиши ва ижро этиш учун юборилиши мумкин.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech