30 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +34,3 °C

Фикр
5 Мая  2020 436

2020 йил бизга тақдим этган мактаблар, академиялар сабоқлари...

Севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг бир сатри бор: “Тўшак етмай тўнин тўшайди, Ўзбек”. Биз шундай халқмиз! Аввало, дунё бўйлаб тарқаган пандемияда, сўнгра Бухорода содир бўлган табиий офат ва ниҳоят Сирдарёдаги сув тошқини халқимизнинг кимлигини намоён этди. Тўй учун, қиз чиқазаман, ўғил уйлантираман деб йиққанларини ҳеч ўйлаб ўтирмай, иккиланмай сирдарёликларга бериб юборяпти. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларни кузатар эканман, саховат ва кўмак тадбирларида иштирок этаман, ҳисса қўшаман деганларнинг чек-чегараси йўқ. Савоб умидида борини беришга тайёр бўлган халқни яна қайдан топасиз.

Кеча оқшом 1966 йил Тошкентда содир бўлган ер силкиниши – зилзила ҳақидаги ҳужжатли фильмни 2 марта такрор кўрдим. Унда МДҲ мамлакатлари халқларининг бир-бирига меҳри, улар томонидан барпо этилган уйлар, қурилган дам олиш масканлари, кўрсатилган инсонпарварлик ёрдамлари ёритилган. Яна бир интернет фойдаланувчиси, 1988 йил Арманистонда содир бўлган офатда Навоий вилоятидан юборилган ёрдам ҳақидаги хабарни эслабди. Назаримда, халқларни тўйлар эмас, табиий офатлар кўпроқ бирлаштирар экан. Сирдарёда содир бўлган табиий офат Она халқимизни яна бир бор бирлаштирди. Бир неча кун илгари филология фанлари доктори, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад “2020 йил бизга жуда кўп мактаблар, академиялар олиб келди” деган фикр билдирди. Бу мулоҳаза замирида шундай ҳақиқат яширинганки, буни англаб етиш учун узоққа бориш шарт эмас. Уни ўзимиздан, юриш-туришимиздан, виждонимиздан қидиришимиз лозимга ўхшайди. Севимли ёзувчимиз таъкидлаган мактаб ва академиялар бу воқеалардан чиқазадиган хулосаларимиз эмасми?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир хабар мени жуда таъсирлантирди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Сардобага ёрдам учун махсус ҳисоб рақам очган эди. Куни кеча бир болакай Тошкент шаҳридаги “Наврўз” тўйхонасига келибди. “Сиздан олмаймиз” дейишса ҳам, “оласизлар” деб туриб олган. Жамғармада жами 64 минг 50 сўм пул чиқибди. Блогер Хушнудбек Худойбердиев телеграм каналида вазиятга баҳо бериб “Менимча, бу 64 млн сўмдек қадрли. Болалигидан қалбига Аллоҳ меҳр-шафқат ва бағриенгликни солиб қўйганига шукр. Тарбия берган ота-онасига минг раҳмат” дейди. Бу ҳолатни кўриб, биз тўғри йўлдамиз, имон, эътиқод йўлидамиз дея бемалол айта оламиз. Кейинги йилларда мамлакат раҳбарининг диний ва дунёвий таълимга, мутолаа маданияти, китобга бўлган эътиборининг ҳосиласи эмасми бу. Фарзандларимизнинг оқибатли, имон, эътиқодли, саховатли бўлиб тарбияланаётганидан хурсанд бўласан одам.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва расмий сайти орқали Сирдарёга инсонпарварлик ёрдами жўнатилаётгани ҳақида хабар бердик. Хабарни ўқиганлар пойтахтнинг турли чеккаларидан бизга алоқага чиқишди. Улардан бири, фарзандининг бахт тўйи учун йиққан 2 сандиқ сарпосини келтирибди. Қўлида 400000 сўм пул. Буни турмуш ўртоғим ойлигидан ажратиб бериб юборди. Буни кимга берай деди. Масъул ходимимиз, бизда ҳали кўмак учун ҳисоб рақами очилмагани боис, озиқ-овқатми нима бўлса олиб келинг, мен буни ололмайман дебди. Эътиборли томони, университет жойлашган ҳудудда истиқомат қилувчи бизни кузатиб турган, биз танимаган аҳоли ҳам бу хайрия тадбирига қўшилди. Олий ўқув юрти дарвозасидан хайрия қиламан деб кириб келаётганларнинг охири кўринмаяпти.

Саховат ва кўмак тадбиридан бирор-бир одам, бирор-бир ташкилот четда қолаётгани йўқ. Ўзбекистон Ахборот агентлиги, “Севимли” телеканали ташаббуси билан саховат ва кўмак акцияси кўтаринки руҳда ташкил этилгани, зарар кўрган аҳоли учун керакли буюмлар, кўрпа-тўшак, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилгани акс этган ижтимоий тармоқлардаги, оммавий ахборот воситаларидаги хабар ва постлар одамни ҳайратга солмай қўймайди. Ҳокимликларнинг бу акциядаги иштирокини эътироф этиш керак. Ҳаттоки, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳозирча кўмакни тўхтатиб туринглар кўринишидаги чақириғидан ҳам билиш мумкинки, савоб умидида бўлганлар сони шунчалар кўпки, уларни пешма-пеш Сирдарёга етказиб бериш учун имконият чегараланган. Бошқа дин ва миллат вакиллари ҳам саховат тадбирларидан четда эмас. Хориждаги ватандошларимиз ҳам хайрияга қўшилди. Демак, халқимиз оқибатли. Улар борини беришга тайёр. Сен тошкентлик, мен қашқадарёлик, сен ўзбек, мен рус деган маҳаллийчилик, миллатчиликни келтириб чиқазадиган тушунчалар ўрнини, бир тану бир жон бўлиб миллат қайғуси, Ўзбекистон учун яшаётган,  эл бўлиб, халқ бўлиб балоларга қалқон бўлаётган эзгулик, саховат, бағрикенглик юз кўрсатаётган яхшиликлар эгалламоқда.  

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар ходимлари, ҳарбийлар Сирдарёда кунни кун, тунни тун демай офат оқибатларини бартараф этиш учун ҳаракат қилмоқда. “Сардоба” сув омбори фожиаларидан кейинги қутқарув ишларида Миллий гвардиянинг 2 ходими жабр кўрган. Улардан бири сержант Ҳусниддин Суяров вафот этди. Яна бири қидирилмоқда. Миллат шаҳид кетган ўғлонини, фидоийларни унутмайди. Вақтинчалик яшаш жойлари билан таъминланган, бирозгина қўрқув ва саросимага тушиб қолган аҳоли вакилларидан хабар олиш, йўқлаш учун фан ва таълим фидоийлари, ижодкорлар, психологлар, журналистлар, блогерлар ва бошқа касб вакилларини учратиш мумкин. “Биз сиз билан биргамиз” сингари  чақириқлар билан кўмакка шошаётган, эл дардини тинглаб, эл дардига шерик бўлаётган юртдошларимиз биз бугун жуда катта синовдан ўтяпмиз.

Юртдошларимиздан бирининг ижтимоий тармоқларда билдирган фикрини қўллаб-қувватлашни истадим. Сирдарёда зарар кўрган ҳар бир маҳалла ва қишлоқ ҳар бир вилоятга берилсаю, ўша манзил обод этилса. Яхши ният билан янги маҳалла, янги кўчалар пайдо бўлса. Бу сирдарёликлар учун жуда катта совға бўлиб, уларнинг қалбида бир умр қолади. Камера кўтариб юрган фотографларимиз, тасвирчиларимиз ёзувларида бу офатлар муҳрланмоқда. Ижодкорлар эл-юрт қайғусини шеърларида, ижодий ишларида бериб бормоқда. Бугун оммавий ахборот воситаларида бу бош мавзуга айланган. Ижтимоий тармоқлар оқибат ва меҳрга, саховат ва кўмакка, яхшилик ва эзгуликка йўғрилган постлар билан тўла. Кимнингдир масъулиятсизлиги, беэътиборлиги, лоқайдлиги, очкўзлиги оқибати деб қараётган, адолат тантана қилинишини истаган юртдошларимизни ҳам тушунса бўлади. Хато ва камчиликларимиз шундай пайтларда яққол кўринади. Хулоса қилиб айтганда, 2020 йил бизга жуда катта дарс, сабоқ бўлди. Кейинги бир асрда бир мартаям қайд этилмаган пандемияни кўрдик. Бухорода истиқомат қилувчи 70 дан ошаётган ота-онам вилоятда содир бўлган бундай офатни биринчи марта кўраётганларини ҳадик билан айтадилар, интернетингга қара, бугун қандай об-ҳаво кузатилар экан болам деган саросима билан сўрайдиган бўлиб қолишди. Сирдарёда содир бўлган бундай кўламдаги сув тошқини ва талофатни бу халқ кўрмаган эди. Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақ. Бундай дарс ва сабоқларни бирор мактаб ёки академияда ўқиб ҳам олиш қийин. Шунинг учун ҳам 2020 йил бизга жуда катта мактаб, академияларни совға қилди, дейиш мумкин. Меҳр, оқибат, саховат, бирдамлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, садоқат, масъулият сингари туйғулар қайта юз кўрсатди. Бу синовлардан қўлни-қўлга бериб, бир тану бир жон бўлиб албатта ўтамиз.       

Амрулло Каримов

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech