27 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,9 °C

Биласизми?
13 Мая  2019 704

5 ёшли болангиз 10 ёшдек фикрлаяптими?

Қулоғимизга тез-тез чалинадиган бир гап бор. «5 яшли фарзандимнинг гап-сўзлари, ўзини тутиши 10 яшар болани эслатади. Ажабланиб қоламан...”.

Хўш бу нимани англатади?

Психолог Нилуфар Хўжамшукурова қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Одамлар шахсини турли усуллар билан таҳлил қилиб психологлар психологик ёш ва биологик ёш деган атамаларни ўртага ташлаган. Агар одамнинг хулқ-атворидаги хислатлари унинг биологик ёшидан анча илгарилаб кетиб, катта одамни эслатса, унинг психологик ёши биологик ёшдан устун деб қабул қилинади.

Психологик ёшми ёки биологик?

20 ёшли талаба 30-35 ёшдаги кишининг хулқ-атворини эслатса, демак, психологик ёш биологик ёшдан анча илгарилаб кетган бўлади. Бундайларни одатда, ақлли бола ёки ақлли инсон деб таърифлашади. Уларни ҳамма ҳурмат қилади. Жуда масъулиятли бўлади, мустақил ҳаётга эрта қадам ташлашдан қўрқмайдиган, ота-онасининг энг яқин ёрдамчиси, катталар билан бемалол мулоқотга киришиб кета оладиган бўлишади. Масъулиятли ишларни доимо уларга топширишади, ёш бўлса-да, катта лавозимларга таклиф қилишади.

Агар одамнинг хулқ-атворидаги хислатлари унинг биологик ёшидан анча орқада қолиб кетган бўлса, ўзини тутиши бола ёки ўсмирнинг қилиқларини эслатса, бундай шахсларнинг психологик ёши биологик ёшидан орқада қолган деб ҳисобланади. Психологик ёши орқада қолган 10 яшар боланинг гап-сўзлари, ўзини тутиши 5 ёшли болани ёки 25 ёшдаги инсоннинг ўзини тутиши мактаб ўқувчисининг қилиқларини эслатади. Улар ўзидан кичик ёшдагилар билан ўйнашни хуш кўради, хатти-ҳаракатлари истерик беморларга ўхшайди, енгилтак бўлишади, жиддий ишларга юзаки қарашади ёки қўл урмайди, тенгдошлари уларга (айниқса, қиз бола бўлса) тегажоқлик қилиб юришни хуш кўришади.

Болани жуда эркалатиб тарбиялаш ёки 14-15 ёшдаги ўспиринга 4-5 яшар боладек муносабатда бўлиш психологик ёшнинг орқада қолиб кетишига сабаб бўлади. Улар улғайганда масъулиятсиз бўлиб етишади, ўзлари бирон бир ишни мустақил эплай олишмайди, бировга қарам бўлиб ўсади. Уларни мақтаса ёш боладек хурсанд бўлиб кулишади, ёшига хос бўлмаган қилиқлар қилади.

Инсон психологияси шундай сир-синоатки, уни тушуниб етиш қийин. Аммо олимлар ҳамон тадқиқотлар олиб боряпти. Фарзандларимиз келажаги учун эса, тадқиқот натижаларига қараб ҳаракат қилишимиз жуда муҳим.

Меҳрангиз Усмонова

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech