22 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,8 °C

Транспорт
20 Июл  2020 796

«Тез ёрдам»га «Ўзавтосаноат» ёрдам беради

Тиббиёт муассасалари «Ўзавтосаноат» АЖ корхоналарида ишлаб чиқарилган тез ёрдам автомобиллари билан таъминланади.

Аҳолининг тиббий ёрдамга ўсган эҳтиёжини қондириш мақсадларида «Ўзавтосаноат» АЖ корхоналари томонидан «Volkswagen Caddy», «ISUZU D-Max» ва «Chevrolet Damas» автомобиллари базасида махсус жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомобиллари тақдим этилди.

«Жиззах автомобиль заводи» Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларига «Volkswagen Caddy» базасида тез ёрдам автомобилларини етказиб беришни бошлайди.

Машиналар мураккаб пайтда – бутун мамлакат юқори тайёргарлик ҳолатида бўлган пандемия даврида аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Аҳолига ўз вақтида ёрдам кўрсатишга ўзининг тезкор улушини қўшиш учун «Volkswagen Caddy» базасидаги автомобиллар кейинги ҳафтаданоқ «фронт»га чиқадилар.

Автомобилни жиҳозлаш билан Турин политехника университети битирувчиларидан иборат «Turin Invest Engineering» маҳаллий компанияси шуғулланмоқда. Компания муҳандислик ишланмалари (лойиҳалаштиришдан то фойдаланишга топширишгача)га ихтисослашади. Компания тасарруфида мехатроника, метрология лабораториялари ва мамлакатда ўхшаши бўлмаган юксак технологик жиҳозлар мавжуд.

Бундан ташқари, Самарқанд автомобиль заводидан ҳам Isuzu D-Max пикапи базасидаги амбуланслар партияси йўлга чиқди: 27 та тез ёрдам машинаси шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасига топширилди.

Isuzu D-Max пикапи базасидаги тез тиббий ёрдам автомобилининг янги модели Самарқанд заводида 2020 йил май ойидан бошлаб чиқарилмоқда. Автомобиль юқори ўтувчанликка эга, манёврчан ва ишончлилиги ҳамда тежамкорлиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, амбуланс, айнан қайси тиббий йўналишда ишлатилишига қараб, талаб ва мақсадларга кўра қўшимча жиҳозланиши мумкин.

Тез ёрдам хизмати махсус санитар атвопаркини кенгайтириш ва пандемия даврида беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш мақсадларида UzAuto Motors мамлакат минтақаларига Chevrolet Damas атвомобили базасида тайёрланган тез ёрдам автомобиллари партиясини жўнатди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабларига мувофиқ жиҳозланган 250 дона тез ёрдам автомобили пойтахт ва минтақалар ҳокимликлари буюртмасига кўра етказиб берилди, деб хабар беради «Ўзавтосаноат» АЖ матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech