24 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,1 °C

Долзарб
27 Июн  2020 898

АҚШ давлат котиби мажбурий меҳнатга қарши курашда Ўзбекистон тараққиётини эътироф этди

25 июнда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳар йили АҚШ давлат департаментининг одам савдосига қарши кураш ва назорат қилиш бошқармаси томонидан тайёрланадиган одам савдоси хусусидаги ҳисобот натижаларни тақдим этди.

Мазкур нашрда ҳар йили 187 давлат ва ҳудудлар, жумладан, АҚШ ҳукуматларининг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш юзасидан олиб бораётган саъй-ҳаракатлари акс эттирилади. Мамлакатлар Палерма протоколининг «уч П»ни кузатадиган минимал стандартлари (одам сотиш билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб қилиш, одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш ва одам савдосининг олдини олиш) бўйича баҳоланади.

Ўзбекистон кузатув рўйхати (Tier 2 Watch List) даги мамлакатларнинг иккинчи даражасида бўлишига қарамасдан, ҳисоботда мамлакатда ижобий янгиланишлар ва ҳукумат томонидан вазиятни ўзгартириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар қайд этиб ўтилган.

«Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда ҳукуматлар халқни пахта саноати ва бошқа соҳаларда ишлашга мажбур қилиши узоқ тарихга эга. Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа мамлакатлар учун янги стандартларни ўрнатмоқда», деди тақдимот чоғида Давлат котиби.

Ҳисоботда қонунчиликдаги ўзгаришлар, 2019 йилда фуқаролик жамияти фаоллари билан учинчи томон мониторингини олиб бориш ва одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича юқори даражадаги миллий комиссиянинг ташкил этилиши қайд этилган.

Ушбу Миллий комиссия Сенат раиси раҳбарлигида ташкил этилган, шунингдек, Миллий маърузачи институти жорий этилган. Бунинг натижасида профилактика ишлари кучайтирилган. Мазкур комиссия ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳамда Ички ишлар вазири раислигидаги 2 та мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва одам савдосига қарши курашиш қуйи комиссияларидан иборат.

Ҳисоботда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси меҳнат инспекторлари сонининг кўпайтирилганлиги, Инспекция томонидан 21 172 та текширувлар ўтказилганлиги, 18 332 та мурожаатлар кўриб чиқилганлиги ва 259 нафар мансабдор шахсларга, шулардан 132 нафарига мажбурий меҳнат учун маъмурий жарима кўлланилганлиги ижобий баҳоланган.

Ҳукумат томонидан мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўймаслик, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар алоҳида таъкидланган. Хусусан, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун маъмурий жавобгарликнинг кучайтирилганлиги, маъмурий жазо қўлланилгандан кейин мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилганлигига урғу берилган. Халқаро меҳнат нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича ишлар давом эттирилди – ХМТнинг 4 та конвенцияси ратификация қилинди («Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида»ги 144-сонли, «Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги 129-сонли, «Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги 81-сонли конвенциялар ва «Мажбурий меҳнат тўғрисида»ги 29-сонли Конвенциясига Баённома).

Шу билан бирга, мониторинг жараёнига фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилиш ижобий амалиёти давом этаётганлиги таъкидланган. 2019 йилда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 15 нафар фуқаролик жамияти вакилларига мониторинг жараёнида ҳеч қандай тўсиқларсиз иштирок этишини таъминлаш мақсадида рухсатномалар берилган.

Ҳукумат пахта теримига фуқароларни сафарбар қилишни камайтириш ва далаларда болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш, шу жумладан пахта терувчиларнинг иш ҳақини ошириш, ХМТ билан ҳамкорликда хабардорликни кучайтириш кампаниялари, шунингдек, жойлардаги мансабдор шахслар ва масъулларни мажбурий меҳнатдан фойдаланганлиги учун жазолаш бўйича чоралар кўришда давом этмоқда.

Вазиятни таҳлил қилиш билан бир қаторда, ҳисоботда АҚШ миллий қонунчилигининг экстерриториал қўлланилишига биноан Ўзбекистонни кейинги тоифага ўтказиш бўйича асосий тавсиялар келтирилган (Trafficking Victims Protection Act TVPA). Улар орасида:

- фуқароларга касбий мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишни рад этиш «ҳуқуқи» тўғрисида хабардор қилиш бўйича тадбирларни давом эттириш,

- қонуний тартиб ва қонунчиликка риоя қилиш,

- одам савдоси билан боғлиқ терговлар сонини кўпайтириш,

- одам савдоси жабрланувчиларини, шу жумладан халқаро шериклар билан биргаликда ишлаб чиқилган шахсларни аниқлаш учун тизимли ва профилактика ишларини жорий этиш,

- ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан одам савдоси ҳолатларни лозим даражада олиб бориш ва одам савдосининг яширин қурбонларини расмий равишда аниқлаш ва уларга ёрдам бериш усуллари бўйича ишлашни давом эттириш,

- қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича миллий ҳаракат режасини амалга оширишни давом эттириш,

- давлат бошпаналарига қабул қилинмаган жабрдийдаларга ёрдам ва бошпана берадиган ННТларнинг роли ва иштирокини кучайтириш,

-Жиноят кодексига одам савдоси қурбонларининг шахсини аниқлаш ва ҳимоя қилиш ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳасини қабул қилиш,

-Хусусий бандлик агентликларни назорат қилиш ва потенциал иш берувчилар томонидан эмас, балки иш берувчилар томонидан тўланиши керак.

Таъкидлаш жоизки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов яқинда ОАВга берган интервьюсида қонунчиликни ўзгартириш бўйича таклифлар тайёрланганини ва хусусий бандлик агентликларининг фаолиятини тартибга солиш ҳақидаги норматив ҳужжатлар қабул қилинишини кутилаётганлигини таъкидлади. Унга кўра, хусусий бандлик агентликлари чет элда ишлаш истагида бўлган фуқароларни чет элга ишлашга юборганлиги учун олдиндан ҳақ олмайди. Бу тўлов иш берувчи амалга оширилади, деб хабар беради Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech