19 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21,6 °C

Спорт
24 Июл  2019 838

ХОҚ Таймазовнинг яна бир олтин медалини бекор қилди

Халқаро олимпия қўмитаси эркин кураш бўйича -120 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган олимпиада ўйинлари чемпиони Артур Таймазовнинг 2012 йилдаги олтин медалини ҳам бекор қилди. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, спортчининг ўша вақтда топширган допинг таҳлилларига кўра, унинг қонида тақиқланган дегидрохлорметилтестостерон моддаси топилган. Бу антидопинг қоидаларига зид бўлгани сабабли спортчидан медал олиб қўйилган.

ХОҚ интизом қўмитаси Артур Таймазовнинг натижаларини бекор қилгани ва ундан 2012 йилги олимпиада олтин медали ва мусобақа ғолиблиги учун берилган кўкрак нишонини қайтариб беришини сўраб сўровнома юборган.

Спортчининг ўзи ХОҚнинг бу айбловларини умуман тан олмаслигини билдирган ва ташкилотнинг “сиёсий томондан қуролланганини ва асоссиз ишларини давом эттираётганини” таъкидлаган. Собиқ курашчининг сўзларига кўра, ВАДА (бутунжаҳон антидопинг агентлиги) фаолиятини жиддий қабул қилишнинг ўзи нотўғри.

“ХОҚ Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада-2020 мусобақаси ғолибларини 10 йилдан кейин мукофотлашни, спортчиларга эса 10 йилдан кейин бўладиган текширувгача ўзларини ғолиб сифатида ҳис қилмасликларини ва ғалабани нишонламасликларини маслаҳат бераман” — дея ёзган Артур Таймазов Instagramʼдаги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат муқаддам Артур Таймазовнинг Пекинда бўлиб ўтган Олимпиада-2008 мусобақаларидаги олтин медаллари ҳам бекор қилинганди. 10 йилдан ошиқроқ вақт ўтиб ўтказилган текширувларга кўра, унинг қонидан туринабол ва станозолол тақиқланган моддалари топилган.

Эндиликда Артур Таймазовнинг ҳисобида 2000 йил Сидней олимпиадасидаги кумуш ва 2004 йил Афина олимпиадасидаги олтин медаллар қолди.

Маълумот учун, айни вақтда Артур Таймазов Россия давлат думаси депутати саналади. У Шимолий-Осетия сайлов округидан депутатликка сайланган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech