30 Ноябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент -1,8 °C

Халқаро ҳамкорлик
14 Мар  2020 697

АҚШ конгрессида Ўзбекистон бўйича брифинг бўлиб ўтди

АҚШ Сенати биносида мамлакатимизнинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси ташаббуси билан Небраска штатидан конгрессмен этиб сайланган Жефф Фортенберри идораси билан ҳамкорликда брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Тадбирда Небраска штатининг АҚШ конгрессидаги вакиллари, жумладан сенаторлар Деб Фишер ва Бен Сасс, конгрессменлар Жон Фортенберри, Дон Бэкон ва Адриан Смит, шунингдек Қонунчилик палатасининг 100 дан зиёд нуфузли вакиллари, олимлар стафферлар иштирок этди.

Учрашув қатнашчиларига Президент Шавката Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек диёримизнинг инвестициявий ва туристик салоҳияти ҳақида маълумот, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати, мамлакатга инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни янада яхшилаш, туризм соҳасидаги, маданий-гуманитар йўналишдаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш га алоҳида эътибор қаратилиши туфайли республикамизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда катта тажрибага эга бўлган Небраска штати билан ҳамкорлик муносабатларини кучайтириш имкони пайда бўлгани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Небрасканинг иқтисодий тузилмаси бир-бирига жуда ўхшаш экани қайд этилди.

Брифинг давомида сенатор Деб Фишер сўнгги йилларда Ўзбекистонда юз бераётган ижобий ўзгаришлар Капитолий ерида ҳам кенг миқёсда маъқулланаётганини эътироф этди. Сенаторнинг фикрича, республикамиз ва етакчи конгрессменлар идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ўзаро манфаатли масалалар бўйича икки томонлама маслаҳатлашувлар орқали янада ривожлантириш жуда муҳим. АҚШ мамлакатда давом эттирилаётган ислоҳотларни самарали амалга ошириш, жумладан, биринчи навбатда иқтисодиётни мустаҳкамлаш, кишилар турмуш шароитини яхшилашда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёр.

Шунингдек, Фишер хоним Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат бобида танлаган йўлини, хусусан минтақадаги давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласидаги қатъий ва ижобий саъй-ҳаракатларини ҳам юқори баҳолади.

АҚШ конгрессига Небраска штатидан сайланган энг обрўли сенаторлардан бири Бен Сасс Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ривожидаги ижобий суръатни сақлаб қолиш жуда муҳимлигини таъкидлади. “Мамлакатингиз ислоҳотлар бобида жуда илғор”, – дея Ўзбекистондаги ўзгаришларни юқори баҳолади у.

Конгрессмен Жон Фортенберри эса икки томонлама муносабатларни кенгайтириш истиқболлари ҳақида сўзларкан, Ўзбекистоннинг ёмғирлатиб суғориш бўйича технологияларга ихтисослашган “Valmont”, “Lindsay”, “Reinke” сингари компаниялар (Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур 3 та компания айланма ёмғирлатиб суғориш ускуналари ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорига етказиб бериш бўйича бутун дунёдаги миқдорнинг 93 фоизини назорат қилади), шунингдек Небраска чорвадорлар ассоциацияси, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳамда паррандачилик корхоналари вкиллари билан шериклигини йўлга қўйишдан манфаатдорлигини билдирди.

Конгрессмен Дон Бэкон билан минтақавий сиёсат ва хавфсизлик масалалари, жумладан Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасида парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. “Биз Ўзбекистонга ошкора миннатдорлик билдиришимиз керак”, – деди конгрессмен, Ўзбекистонинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этаркан.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech