26 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,7 °C

Спорт
5 Фев  2019 708

Азиз Турғунбоев ва бир қатор футболга алоқадор шахслар вақтинча четлаштирилди

Бир вақтнинг ўзида икки клуб билан шартнома имзолашда гумон қилинаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азиз Турғунбоев 2019 йилнинг 9 июль санасига қадар футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан дисквалификация қилинди. Мазкур вақт давомида Турғунбоев Суперлига ҳамда Про-лига “А” клублари билан шартнома имзолай олмайди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати маълум қилмоқда.

2018 йилнинг катта қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи сифатида ишлаб келган Илҳом Мўминжонов касб этикасига тўғри келмайдиган бир қатор ҳолатларга йўл қўйгани учун футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан 1 йилга дисквалификация қилинади. 

“Навбаҳор” вице-президенти Шамшод Сариков ва “Пахтакор” спорт директори Жаъфар Ирисметов 6 ойга дисквалификация қилинди

“Пахтакор” спорт директори Жаъфар Ирисметов ўзи фаолият олиб бораётган клуб Азиз Турғунбоевнинг трансфери масаласи юзасидан “Навбаҳор”га расмий чиқиш қилмаган бўлса-да, футболчининг ўзи, жамоа мураббийи Илҳом Мўминжонов ҳамда футбол агентлари билан бемалол иш олиб бораверган. Яъни, Турғунбоевнинг “Навбаҳор” билан шартномаси якунига 6 ойдан кўпроқ вақт бўлса-да, Ирисметов регламентга зид равишда клубни расмий огоҳлантирмай, у билан алоқага чиқаверган. Суҳбат давомида Ирисметов буни ўзи тан олди. 

Шунингдек, Ирисметов “Навбаҳор” билан иккинчи шартномага қўл қўймаслик, бу регламентнинг бузилиши бўлиши ҳақида Турғунбоевни тўғри огоҳлантирган. Бироқ спорт директори сифатида ўзи юқоридаги хатога йўл қўйган, шунингдек, “Пахтакор” таркибига келиб қўшилмаса футболчини 2 йил футболдан четлаштириб юбориш билан қўрқитган. Ваҳоланки, бу ишни у ЎФА орқали ҳал қилиши мумкин эди. Футболчига бўлган босим эса ортиқча. 

“Навбаҳор” вице-президенти Шамшод Сариков эса Турғунбоевни иккинчи шартномага ундаган ҳамда унга қўл қўйдирган. Шунингдек, ПФЛ рўйхатдан ўтказган бошқа клуб футболчисини ҳеч кимни огоҳлантирмай, Қрим йиғинига олиб кетган. Регламентни юқоридаги каби масалалари унга тушунтирилганда, Сариков улардан бехабарлиги, бошқа нарсадан умид қилгани, бошқача ўйлагани каби важларни келтирди. Шундан келиб чиқиб, ЎФА Сариковга ҳам футбол борасидаги билимларини ошириб олиш учун имконият беришга қарор қилди ва уни ҳам Ирисметов каби 6 ойга футболда четлатди. Қўшимчасига, футбол ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлмаган, ўз вазифасига нолойиқ деб топилган “Навбаҳор” бош директори Расул Акромов ҳам футболдан 6 ой “дам олади”. У мазкур масалаларни ўз назоратига олмагани, регламент ҳақида тасаввури йўқлигини тан олиб ўтди. 

Бу икки тарафнинг ўйинлари сабаб ҳуқуқий саводи етарлича бўлмаган бир футболчи азият чекди. Шунинг учун ҳам фақатгина Турғунбоевнинг дисквалификация бўлиб кетиши адолатдан бўлмасди. “Пахтакор” ва “Навбаҳор” раҳбарияти ўз спорт директорига, вице-президентига ишониб иш кўрган ва воқеанинг барча тафсилотларидан бохабар бўлмаган. Юқоридагиларни инобатга олиб, Азиз Турғунбоев билан тузилган ҳар қандай шартномалар ўз кучини йўқотган деб топилади. Яъни, 9 июлга қадар Турғунбоев ҳеч бир клуб билан алоқага чиқмайди, аммо шу санадан эътиборан эркин агентга айланади. 

ПФЛ айни вақтда регламент масаласида катта ўзгаришларни амалга оширди. Бундан буён шартномалар, футболчи ва мураббийларнинг этика масалалари жиддий назоратда бўлади ва ҳар ким қилмиши учун жавоб беради. Футболдан четлаштирилган шахслар билан алоқа ўрнатган, улардан футболга оид ишларда фойдаланган ҳар қандай тарафни жиддий санкциялар кутади. Шунингдек, футболга аралашгани аниқланса, юқоридаги шахслар бундан ҳам оғирроқ санкцияларга дучор бўлади. 

ЎФА “Пахтакор” ва “Навбаҳор” футбол клубларини юқоридаги каби масалаларга жиддий эътиборда бўлишга чақиради. Кейинги сафар клублар катта жарималарга тортилиши ёки футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Юқоридаги қарорлар икки қўмита аъзолари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech