20 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,6 °C

Долзарб
12 Авг  2019 784

ЕХҲТ ДИИҲБ одам савдосига қарши курашда Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди

Ўзбекистон Республикасининг Австриядаги элчихонасига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Ингибьёрг Солрун Гисладоттирнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини қўллаб-қувватлаши изҳор этилган мактуби келиб тушди.

Ҳужжатда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш борасидаги фармони, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича Миллий комиссия ва Миллий маърузачи институтини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. «Инсон ҳуқуқларига асосланган кўп соҳали ва тармоқлараро ҳамкорлик одам савдосига қарши курашиш учун яхши восита бўлиб хизмат қилиши мумкин», дейилади мактубда.

ДИИҲБ директори, шунингдек, Олий Мажлис юқори палатаси раисининг Миллий маърузачи этиб тайинланиши Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш муаммосини ҳал этишда муҳим қадам бўлишига амин эканини билдирган, дея хабар беради ТИВ матбуот хизмати.

Якунда Ингибьёорг Солрун Гисладоттир ДИИҲБ одам савдосига қарши курашда Ўзбекистонга келгусида ҳам ёрдам бериш ва зарурий техник қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Президентимизнинг фармонини амалга ошириш бўйича эксперт маслаҳатларини беришга тайёр эканини тасдиқлаган.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech