03 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,6 °C

Мамлакатимизда
21 Мар  2020 351

Беларусь элчиси Олмалиққа нега борди?

Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги Мавлоновлар хонадонига ташриф буюрди.

Бу йил 75 йиллиги нишонланаётган Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистоннинг миллионлаб ўғлонлари жанггоҳларда фидойиларча хизмат қилиб, йигитлик бурчини адо этган. 

Ана шундай фахрийларимиздан бири Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилиб, невара-ю, чеваралари ардоғида умргузаронлик қилиб келаётган 101 ёшли Абдураҳим ота Мавлоновдир.

Наврўз байрами кунлари арафасида Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич Абдураҳим отанинг хонадонига ташриф буюрди. 

Элчи жаноблари отахон билан Иккинчи жаҳон урушининг оловли жанггоҳларидан бири – Беларусь ҳудудини босқинчилардан ҳимоя қилиш, айниқса, 1944 йил 3 июлда Минск шаҳрини озод қилишдаги жасорати ва фидойилигини Беларусь халқи ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлади.

Отахон билан қизғин кечган суҳбат давомида Леонид Маринич Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Абдураҳим ота Мавлоновга махсус медални тантанали равишда топширди. Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов томонидан ҳам отахонга эсдалик совғалари туҳфа қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Абдураҳим отанинг 100 ёшни қаршилаши муносабати билан нишонланган юбилейида элчи Беларусь Президенти Александр Лукашенко номидан Абдураҳим отага «Беларусь» трактори, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан эса «Дамас» автомашинаси туҳфа қилинган эди, деб хабар беради ЎзА.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech