19 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,2 °C

Ижтимоий ҳаёт
25 Мар  2019 461

Биринчи ўзбек механизатор аёли Турсуной Охунованинг хотира майдони ободонлаштирилди

Бу йилги Наврўз аёми Тошкент вилояти Чиноз туманининг “Яхши ният” маҳалласи аҳолиси учун қўшалоқ байрам бўлди. Чунки кўклам аввалида шу қишлоқда туғилиб, камолга етган биринчи ўзбек механизатор аёли, икки карра Меҳнат Қаҳрамони Турсуной Охунова шарафига кўп йиллар аввал барпо қилинган-у сўнг бир қадар қаровсиз қолиб кетган хотира майдони давлатимиз раҳбари топшириғи асосида ободонлаштирилиб, гўзал-файзиёб маънавият масканига айлантирилди.

 

Турсуной Охунова бюсти реставрация қилиниб, хотира майдони қайта қурилди, анча вақт қаровсиз қолиб кетган Турсуной Охунова музейи тикланиб, маданият марказига айлантирилди. Шу муносабат билан Чиноз туманининг “Яхши ният” маҳалласидаги мазкур масканда ўтган тадбирда уч авлод вакиллари бир нуқтада жам бўлди.

Тадбирда Турсуной Охунова ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ибратли хотиралар ёдга олинди. Бюст пойи баҳорий гулларга бурканди. Бу ҳудудда шу пайтга қадар сайлгоҳ ёки хиёбон бўлмаган. Ана шундай хайрли ташаббус натижасида катта ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларнинг унутилмас онлари янада файзли ўтадиган бўлди.

Оддий деҳқон фарзанди Турсуной Охуновага хос меҳнаткашлик, фидойилик, камтарлик каби фазилатлар бугунги авлодлар учун ҳам ибрат мактабидир.

Мазкур мажмуанинг яна бир аҳамиятли жиҳати – бу ерда ҳудуддаги таълим муассасалари ўқувчилари учун очиқ дарслар ўтказиш учун ҳам имконият ва шароит яратилгани билан боғлиқ. Бу таълим ва тарбияни уйғун олиб боришга хизмат қилади.

Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади. Турсуной Охунова музейининг тикланиши ёшлар қалбида бобомерос қадрият – “меҳнат инсонни улуғлайди”, деган ўлмас ғояни, бунёдкорлик руҳини мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилади.

Музей биносида тез кунда мусиқа ва шахмат тўгараклари иш бошласа, кўп ўтмай атрофдаги ерлар ҳам ободонлаштирилиб, катта хиёбон, сунъий футбол майдони, мўъжаз кутубхоналар барпо қилинади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech