25 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,2 °C

Мамлакатимизда
20 Мая  2019 785

Автомобилнинг яқинни ёритувчи чироқлари: нима росту нима ёлғон?

Сўнгги пайтларда автомобиль эгалари орасида энг кўп муҳокама қилинган мавзу яқинни ёритувчи фаралар ёки кундузги сигнал чироқлари (КСЧ)ни ёқмаслик учун жарима бўлди. Кўпгина ҳайдовчилар учун бу кутилмаган ҳолат бўлди ҳам.

Уларда саволлар пайдо бўлган, нима учун бу янгиликка эҳтиёж бор ва у ЙТҲнинг камайишига қандай таъсир қилиши мумкин каби.

Ҳукуматимизнинг 2019 йил 9 апрелдаги «Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори айрим йўл ҳаракати қоидаларини ислоҳ қилишнинг сабаби бўлди. Ҳужжатда қуйидаги жиҳатлар кўзда тутилган:

- куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт;

- айланма ҳаракатланиш чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситалари айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка (имтиёзга) эга;

- светофорнинг ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида транспорт воситаларининг олд қисми тўхташ чизиғи устида бўлмаслиги лозим;

- энди аҳоли пунктларида йўлларнинг чап томонида тўхташ ва тўхтаб туришга ҳар йўналишда биттадан ҳаракатланиш бўлаги бўлган, ўртада трамвай изи бўлмаган йўлларда ва бир томонлама ҳаракатли йўлларда рухсат этилади;

- транспорт воситаларини йўлнинг қатнов қисмида бир қатор қилиб, кажаваси бўлмаган икки ғилдиракли транспорт воситаларини икки қатор қилиб қўйишга рухсат этилади;

- маҳаллий ҳокимият органлари нафақат айрим турдаги транспорт воситалари учун йўл ёки йўл участкаларида тезлик режимини (тегишли белгиларни ўрнатиш билан) оширишга, балки уни камайтиришга ҳақли;

- юкни очиқ платформаларда ташишга агар юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан ёпилган бўлса, рухсат этилади;

- велосипед ва мопед ҳайдовчиларига рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно) тақиқланади;

- график қисм ҳам янги йўл қоидалари ва ётиқ чизиқлар билан тўлдирилади, жумладан, такрорловчи, огоҳлантирувчи ва тақиқловчи.

Бироқ ватандошларимиз орасида биринчи банд энг катта мунозарага сабаб бўлди. Баъзилар кун давомида чироқларни ёқиб юра бошлашди, аммо бошқалари ҳали ҳам эски услубда юришда давом этмоқдалар ва буни чироқларнинг қизиб эриб кетиши ва автомобилнинг ёниб кетиши мумкинлиги билан изоҳлашмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Қаҳрамон Худойберганов бунга қайси гап росту, қайсиниси ўйлаб топилгани ҳақида изоҳ берди:

- Кундузи сигнал чироқлари кундузги ёруғлик вақтида ҳаракатланадиган транспорт воситасининг кўринишини яхшилашга мўлжалланган ташқи ёруғлик мосламаларидир. Уларни габарит чироқлар билан адаштирмаслик лозим. Асосий мақсад, қарама-қарши томондан келаётган транспорт воситаси ҳайдовчисига унинг кўзларини қамаштирмай, кўринишни ҳосил қилишдир. КСЧ ёки паст нурли чироқлардан фойдаланиш ёнилғи истеъмолига бироз таъсир қилади. Мисол учун, двигателни эрталабки қиздиришда автомобилга ўрнатилган барча истеъмолчиларга қараганда кўпроқ ёнилғи сарфланади.

- Бизнинг иссиқ иқлимимиз шароитида яқинни ёритувчи чироқлар ёки кундузги сигнал чироқлари линзалари эриши мумкинми?

- Шундай эҳтимол бор. Яқинни ёритувчи чироқлар/КСЧ линзалари ва ёруғлик қайтарувчи чироқлар:

- электр симлари нотўғри танланган ёки уланишлар сифатсиз изоляцияланган чироқлар ўзбошимчалик билан ўрнатилган бўлса;

- лампочкаларнинг маълум чироқларга мос тушмайдиганига алмаштирилиши натижасида юқори қувват ва иссиқлик ажралиб чиқиши натижасида;

- техник текширув вақтида чироқлар электр ўтказиш диққат билан амалга оширилмаганда;

- сохта сертификатсиз чироқлар ва лампалар модулларидан фойдаланганда эриб кетиши мумкин.

Пластик бундай юкламага дош бермайди ва эриб кетади.

Қоидаларга бўйсунишни истамаган кўпчилик иссиқ иқлимимизни бунга рўкач қилади. Шундай қилиб, энг кенг тарқалган H4 ва H7 галоген лампаларининг иш ҳарорати Цельсий бўйича 450 даражага етади. Барча асл ва сертификатланган чироқлар ана шу ҳароратга мўлжалланган, шу боис бу жиҳат ёритиш мосламаларининг юқори ҳароратга чидамлилигига таъсир қилмайди. Мисол учун, ўртача йиллик ҳарорат +35 даража ва ёзда +50 бўлган Бирлашган Араб Амирликларида кундузи яқинни ёритувчи чироқлар ёки КСЧни ёқиб юриш бир неча йилдан бери амалда.

- Яқинни ёритувчи чироқлар/КСЧ нуридан фойдаланиш чиндан ҳам, йўлларимиздаги хавфсизликни оширишга қодирми?

- Бу фикрга жуда кўплаб экспертлар қўшилади. Инсон кўзлари объектларни эмас, балки улардан қайтган ёки улар чиқарган ёруғликни кўриши исботланган. Шунга кўра, йўл ҳаракати иштирокчиларининг кўзига тушган ёрқин ёруғлик, кўриш ҳудудидан анча олисда бўлса ҳам хавфни олдиндан сезишга имконини беради. Кундузи содир бўлган йўл-транспорт ҳосиаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг 50 фоизида ҳайдовчи бошқа иштирокчиларни, яқинлашиб келаётган автоуловлар ва пиёдаларни кўрмай қоларкан. Чорраҳаларда бу кўрсаткич 80 фоизгача ошади. Ёқилган чироқлар машинани сезиларли қилади. Шу билан бирга, яқинни ёритувчи чироғи ёки КСЧ ёқилган машиналар аслидан анча яқин бўлиб кўринади. Буларнинг бари биринчи навбатда хавфсизлик учун амалга оширилмоқда. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, бундай чора-тадбир йўл-транспорт ҳодисалари сонини тўққиздан йигирма беш фоизгача, пиёдалар ўлимини эса 29 фоизгача камайтиради. Ўзбекистонда йилига 9 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисалари рўй бераётганини ҳисобга олсак, улар сонини 15 фоизга камайтириш – яхшигина кўрсаткич ҳисобланади.

- Ушбу янгиликни жорий этишдан олдин, албатта, хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилган бўлса керак, айнан, қайсилариники?

- Яқинни ёритувчи чироқлар/КСЧнинг киритилиши иқлим шароитида фарқ қилувчи кўплаб давлатларнинг қонунларида кўзда тутилган. Мисол учун, Буюк Британияда КСЧ ўрнига яқинни ёритувчи чироқлардан фойдаланилади, аммо бунда уларнинг кучланиши камайтирилиши лозим. АҚШда – паст кучланишдаги узоқни ёритувчи чироқлар ёқиб қўйилади. Скандинавия мамлакатларида алоҳида сигнал чироқлари бўлиши шарт. Россияда туманга қарши чироқлардан КСЧ сифатида фойдаланиш кўзда тутилган. Қўшни давлатларда КСЧ бир неча йиллардан бери ишлатилади: Қирғизистонда - 2009 йилдан, Қозоғистонда - 2014 йилдан.

- Эски моделдаги автомобиль эгалари қандай йўл тутишлари керак бўлади?

- Бундай автотранспорт воситалари эгаларига электр жиҳозлари, электр симларини техник хизмат кўрсатиш шохобчаларида текширувдан ўтказиш ва яқинни ёритувчи чироқлар билан ҳаракатланишга ўтиш тавсия этилади.

- Туманга қарши чироқлар (ТҚЧ) ёрдамида шаҳар бўйлаб ҳаракат қилиш мумкинми?

- Йўл ҳаракатининг амалдаги қоидаларига кўра, ТҚЧдан ва шунингдек, яқинни ёки узоқни ёритувчи чироқлардан кўриш қийин бўлган шароитларда мустақил равишда; куннинг қоронғи қисмида, яқинни ёки узоқни ёритувчи чироқлар йўлларнинг ёритилмаган қисмларида; ЙҲҚларининг 138-бандида назарда тутилган шароитларда яқинни ёритувчи чироқлар ўрнига фойдаланиш мумкин.

- Ишлаб чиқарилаётган автомобилларимиз халқаро стандартларга мос келадими?

- Муомалага чиқарилган транспорт воситалари умумий техник регламентга мувофиқ бўлиши керак, хусусан, КСЧ ва бурчак чироқларини ўрнатиш ихтиёрий. Бироқ улар ўрнатилганда белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим. «Ravon R2» ва «Chevrolet Spark» автомобилларининг айрим модификациялари ТҚЧ ўрнига олдинги бамперда ўрнатилган КСЧ билан жиҳозланган.

Эвелина Синотова

суҳбатлашди.

«Правда Востока».

Аксарият фуқаролар янги қоидалар эндигина синовдан ўтмоқда ва уни ижро этмаганлик учун ҳали жаримага тортишмайди, дея янглиш ҳисоблашади. Негаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиришлар ҳали киритилмаган. Бироқ МЖКнинг 128-моддасининг биринчи қисми ташқи ёруғлик асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун санкцияларни назарда тутади.

Ушбу моддага яқинни ёритувчи чироқлар ёки кундузи сигнал чироқлар ёқилиши ҳақидаги қоидани бузиш ҳам киради. Биринчи қоидабузарлик учун жарима – ЭКИҲ 0,5 қисми миқдорида. Қоидабузарлик яна такрорланса, айниқса, ашаддий қоидабузарлар томонидан, бу жарима миқдорига ҳам таъсир кўрсатади ва энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech