18 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,9 °C

Бўш вақтда
16 Мар  2019 2252

Боскоплар — улкан бошли қадимий одамлар

Улар худди ҳозирги одамлар сингари икки оёқда ҳаракатланишган, худди биз каби бўй ва тана тузилишига эга бўлишган. Бироқ Жанубий Африка аҳолиси ўртасида улкан бош ва болаларникига ўхшаган юз тузилиши билан ажралиб туришарди. Улар ўзга сайёралардан учиб келишмаган ва узоқ келажакдан ҳам ташриф буюришмаган. Боскоплар бир неча ўн минг йиллар давомида курраи заминимизда яшашган ва кейин кутилмаганда йўқ бўлиб кетишган.

Олимлар боскоплар, деб ном берган ушбу сирли мавжудотлар миясининг ҳажми бизникига қараганда чорак марта каттароқ бўлганига нима дейсиз? Тадқиқот учун жуда ҳайратда қолдирар даражадаги мавзу, шундай эмасми? Бу, шубҳасиз. Бироқ мана, ярим асрдирки, боскоплар фан назаридан бироз четда қолганди. Ўтган асрнинг 1958 йилида антропологлар қазиш ишлари пайтида топилган бу гоминидларга тегишли қолдиқларда ноодатий нарсанинг ўзи йўқ, деган қарорга келишганди.

Аммо кейин яна боскоплар мавзуси жонланиб қолгандек гўё. Нейрофизиология бўйича америкалик таниқли мутахассислар Гари Линч ва Ричард Грэйнжер «Катта мия: инсон заковатининг пайдо бўлиши ва келажаги» деб номланган китобни чоп этишди. Китоб муаллифларининг ўз асарида келтиришларича, боскоплар мияси ҳажмининг катталиги сабабли ҳозирги инсоннинг қўлидан келмайдиган лаёқатларга эга бўлишган экан. Бундан эса антропологлар дарҳол жунбушга келдилар. Тўғри-да, ахир китоб муаллифлари антропологиядан мутлақо бехабар ва анчагина йироқ кишилар бўлса. «Бунинг бари атлантлар тўғрисидаги афсонага ўхшайди», дея ёзади Висконсин-Мэдисон университетининг антропология бўйича профессори Жон Хокс. Орадан анча йиллар ўтиб, боскоплар ҳақидаги мавзу яна янги куч билан юзага қалқиб чиқди. Аммо бир қарашда бу ўз касбининг усталари ва ғоят нозик соҳага «бурнини тиққан» ҳаваскорлар ўртасидаги жуда кўп чайналган гаплардан иборат ўзига хос «отишма»га ҳам ўхшаб кетади. Аслида эса бу ерда гап олимларнинг мия эволюциясига аниқлик киритишга ҳаракат қилиши ҳамда бош чаноғи ўлчами унинг ичидаги мия функцияларига таъсир кўрсатадими-йўқми, деган эски саволга жавоб топиш ҳақида кетмоқда. Бошқача қилиб айтганда — мия ҳажми ва заковатлилик бир-бирига боғлиқми, деган саволга аниқлик киритишда.

Боскопларнинг ҳақиқатан ҳам, Ер юзида яшагани фан оламига 1913 йилнинг кузида маълум бўлганди. Ўшанда Порл-Элизабет (ҳозирги ЖАР ҳудуди) музейи директори Фредерик Фитцсимонсга эски суяк қолдиқларини келтиришганди. Суяклар топилган Боскоп шаҳри яқинидаги жойда бўлиб қайтгандан сўнг Фитцсимонс қолдиқлар нопропорционал ва жуда улкан бош чаноғига тегишли, деган қарорга келди. Ўша бош чаноғи Африка ҳудудларида бундан 30 000 дан 10 000 йилгача муқаддам яшаган одамга тегишли эди. Унинг бўйи — 170 см, мияси ҳажми — 1800—1900 см3 (бу ҳозирги инсон миясининг ўртача ҳажмидан 30 фоиз зиёд дегани) бўлган. 1915 йилда эса Фитцсимонс «Nature» журналида мазкур топилмалари ҳақида маълумотни ҳам эълон қилганди.

Боскопларнинг пайдо бўлишига қадар Ер юзида инсон эволюцияси якунига етган бўлиб, курраи заминда «Homo sapiens» («Ақл-идрокли одам»)лар ҳукмронлиги бошланган, деб ҳисобланади. Бироқ бир пайтлар Кейптаунда фаолият олиб борган палеонтолог олим Роберт Брум катта бошли одамларни «Homo sapiens»ларнинг (бу ерда Homo sapiens = сўзма-сўз «Бурун одами», яъни Боскоп жойлашган Шарқий Капс провинциясидаги жой маъносида ҳам. «Бурун» эса аъзо маъносида эмас) алоҳида гуруҳига ажратишни таклиф қилди. Дастлаб, улар «боскоп одами», «боскопоид» ва охир-оқибат «боскоп», деб атала бошланган. Кейинчалик бошқа қолдиқлар ҳам топилгач, улар ана шу гуруҳга мансуб, дея қайд этилди.

Австралопитекни кашф қилган таниқли антрополог Раймонд Дарт 1923 йилда пильдаун одами (Буюк Британиядан топилган қиёфаси маймунни эслатадиган одам қолдиқлари назарда тутилмоқда. Дарвоқе, кейинчалик унинг сохта экани аниқланган) борасидаги баҳс-мунозараларга ўралашиб қолиб, боскопларга етарлича аҳамият бермаётган илмий ҳамжамиятдан ва Биринчи жаҳон урушидан зорланганди. Дарт топилмани батафсил тасвирлаб, боскопларнинг катта мияси гидроцефалия (мия оралиқлари ва орқа мия каналида суюқликнинг керагидан ортиқча тўпланиши билан кечадиган касаллик) натижаси эмаслигини исботлаб берган ҳам. Бундай одамлар учун улкан бош — бирор нуқсон ёки касаллик эмас, балки одатий меъёр бўлган. Бироқ шунча уринишларга қарамай, боскопларни яна унутиб қўйишди.

Кейинги сафар эса боскопларни 1958 йилда эсга олдилар. Бир эмас, икки марта! Эссенавис Лорен Айзли боскоплар ҳақида завқ-шавқ билан «Келажак одами», деб номланган эссени ёзган бўлса, антрополог Рональд Сингер ҳеч бир завқ-шавқсиз уларни «кўмиб ташлашга» уриниб кўрди. Сингернинг ўз мақоласида келтиришича, худди Брум каби боскопларни алоҳида гуруҳга ажратишга ва боз устига уларни «боскоп ирқи» деб аташга ҳеч қандай асос йўқ. Сингернинг фикрича, калла суякларини «боскоп»лар гурҳига ажратишда зарурий мезонларга амал қилинмаган, яъни ушбу гуруҳга учраган барча катта ва эски калла суяклари киритилаверган.

Сингернинг мақоласи чоп этилгандан сўнг, Линч ва Грэйнжерларнинг китоби чиққунга қадар, боскопларни яна 50 йил унутиб қўйишди.

— Мен боскоплар ҳақида илк бор бундан 40 йил олдин эшитганман, — дейди Линч. — Ўшанда Айзлининг китобидан келтирилган парча бутунлай хаёлимни ўғирлаганди.

Хуллас, Айзлининг китоби Линч ва Грэйнжерларнинг китобидаги адабиётлар рўйхатидан ўрин олган бўлса, Сингерга бундай «ҳурмат» кўрсатилмаган. Бироқ унинг мақоласи Брум ва Дартларнинг илмий ишларидан келтирилган иқтибослар билан тўла эди.

Мия ҳақидаги фан бўйича мутахассисларнинг ўзини бошқа соҳага уриши антропологлар ўртасида ғазабланиш ҳиссини уйғотди. Ҳеч нарса, янги турларга ажратиш ва олам тузилишидаги силлиқ кўринишни бузишдиек уларнинг ғашига тегмайди. Бундан ўн беш йиллар муқаддам Грузиядаги Дманиси, деган жойдан чиққан дастлабки топилмаларни ўрганган грузиялик олимлар Ер юзида бундан 1,8 млн. йил муқаддам яшаган янги одам тури кашф қилинди, деган қарорга келишди. Унга эса жой номидан келиб чиққан ҳолда «Homo georgicus» дея ном ҳам берилди. Биласизми, бу дарҳол фан оламида кулгига сабаб бўлди. Энди эса олимлар Линч ва Грэйнжерларни танқид қилишмоқда. Берклидаги Калифорния университетининг таниқли олими Тим Уайтнинг тасдиқлашича, боскоп тури ҳақида ҳатто, гапириш ҳам ўринсиз экан. Нейрофизиологларни ўз сайтида қаттиқ танқид остига олган олим Жон Хокс эса асарни ўқиб чиқмаганини тан олган ҳолда китобдаги нашриёт аннотациясининг ўзиёқ унда кучли норозилик уйғотганини таъкидлайди.

Хокснинг таъкидлашича, «боскоп ирқи» борасидаги барча фаразларни бир пайтлар Рональд Сингер тўзғитиб юборган. Унинг фикрича, Боскоп яқинидаги қазилмалар чоғи топилган ашёлар — бу бор-йўғи ҳозирги Жанубий Африкада яшовчи бушменлар ва готтентотларни бирлаштирувчи койсанс ирқи вакилларининг улкан бош чаноқлари эмиш. «Улар ҳеч қаёққа йўқолиб ҳам кетишмаган, улар ҳалиям биз билан бирга», дейди олим.

— Хокснинг мулоҳазалари жуда бемаъни туюлади, — дейди хафа бўлиб Линч.

— Китобда ҳеч қандай «боскоп ирқи»ни тилга олмаганмиз, ҳатто, — ҳаммуаллифининг фикрини қувватлайди Грэйнжер. — Бирор жойда боскопларнинг қандайдир янги турга мансублиги ҳақида ҳам ҳеч нима дейилмаган. Китобда нафақат боскопларнинг бош чаноқлари, балки кўплаб, 10 минг ёшга тенг калла суякларига эътибор қаратилган. Боскопларники эса улар орасида энг катта бош суякларидир. Шу боис ҳам, табиийки, биз, уларга кўпроқ эътибор қаратганмиз. Фикрларимиз, албатта, дадилона ва назарий таҳлил учун жуда қизиқарли бўлишига шубҳа йўқ.

Тан олиш ҳам керак, муаллифлар келтирган фикрлар ҳақиқатан ҳам дадилона. Унга кўра, биз, гавдасини тик тутиб юрадиган ва миясининг ҳажми бизникидан 350 см3 кам бўлган одам, «Homo erectus»дан анча ақллироқ бўлсак, миясининг ҳажми бизникидан 400 см3 зиёдроқ келадиган боскоплар ҳам биздан шунча ақллироқ бўлишган.

— Мияни визуаллаштириш ҳамда мия ҳажми ва IQ (заковатлилик коэффициенти) ўртасида баъзи боғликликлар мавжудлиги борасида янги-янги тадқиқотлар кўпаймоқда, — дейди Гари Линч.

Китоб муаллифлари, жуда эктиёткорлик билан, боскопларнинг ақлий ривожланиш коэффициенти ўртача 149 га тенг бўлган, деган тахминни илгари суришган. Ҳозирги одамда бу ўртача 100 ни ташкил қилади, дея ҳисобланади.

Аммо Илмий-тадқиқот институти ва МДУ Антропология музейи директори Александра Бужилованинг тасдиқлашича, мия ҳажми, оғирлиги ёки ўлчамига асосланиб, заковатлилик даражаси ҳақида гапириш мумкин эмас.

— Содда мисолларни эсланг: Анатоль Франс ва Иван Тургенев, — дейди у, — биринчисининг мияси жуда кичкина бўлган, иккинчисида эса жуда катта эди. Фақат Байроннинг миясидан кичикроқ бўлган, холос. Шунга қарамасдан, уларнинг ҳар бирида заковатлилик даражаси ўта юқори бўлган.

Линч ва Грэйнжер ўз позициясини тасдиқлаш учун боскоплар ва замонавий одамнинг мияларидаги фарқ фақатгина уларнинг умумий ҳажми билан чекланмаган, дея келтирадилар. Боскопларда миянинг пешона қисми жуда кучли ривожланган ва унинг ҳажми ҳозирги одамникидан бир ярим баравар катта бўлган ҳам. Интеллектуал фаолиятнинг каттагина қисми, айнан, миянинг шу соҳасига тўғри келади.

Муаллифларнинг фаразича, приматлар (сутэмизувчилар синфининг энг юқори туркуми — одамлар, маймунлар)да мия пўстлоғининг катталашуви биринчи навбатда мия пўстлоғининг ассоциатив соҳаларига тегишли бўлади. Уларда «тасодифий кириш тармоғи», деб номланувчи алоҳида кўринишдаги нейронлар тармоғи мавжуд. Линч ва Грэйнжерлар бундай тармоқлар хатти-ҳаракатининг компьютердаги моделидан фойдаланиб, боскоплар ва ҳозирги одамнинг фикрлаш қобилиятидаги фарқлар нимада эканини тахмин қилишга эришишган.

Биринчидан, боскопларда биттагина «фикр»нинг ўзидаёқ кўп ахборот мавжуд бўлган. Исталган фикрий образ жуда кўп деталлардан ташкил топади: масалан, учрашувда неча киши иштирок этмоқда, қаердадир орқа тарафда қандай товушлар эшитиляпти, атрофда қандай ранглар мавжуд? Англаганингиздек, боскопларнинг хотиротлар олами ҳам жуда бой бўлганига шубҳа йўқ. Ҳозирги одам, дейлик, бирор манзаранинг фақат баъзи лавҳаларинигина эслаб қолиши мумкин. Боскоплар эса ўша манзарага қўшиб, турли товушлар ва ҳидларни ҳам эслаб қола олганлигига китоб муаллифларининг ишончи комил.

Иккинчидан, боскопларнинг нейрон тармоғи анча ривожланганлиги сабабли ассоциациялар борасидаги имкониятлари ҳам жуда юқори бўлган. Улар ҳодисалар ва фактлар орасидаги боғлиқликни ҳам тушуна олишган. Буни хозирги одамнинг уддалай олиши жуда-жуда қийин. Лекин ана шундай яққол кўзга ташланмайдиган боғлиқликни илғай олиш ҳам жуда муҳим.

— Исаак Ньютоннинг олманинг ерга тушишини гравитация ҳодисаси билан қандай боғлай олганини бир эслаб кўринг, — дейди Линч.

Учинчидан, боскоплар бир неча ахборотлар оқими билан параллель равишда ишлай олишган.

— Кенгайган мия тармоқлари бир вақтнинг ўзида суҳбатлашиш билан параллель равишда бошқа топшириқ ҳақида бош қотириш имконини берган, — дея ўз тахминини ўртага ташлайди Линч. Боскоплар ўта мураккаб ва ечимлари беҳисоб кўп бўлган масалаларни ҳам таҳлил қила олганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Уларда эски хотиралар дахлсиз қолган: боскоплар зарур пайтда ўзини анча ёшлик даврига «созлай» ҳам олишган. Замонавий киши эса бундай ишни деярли амалга ошира олмайди.

— Бу ерда илгари сурилган тахминлар жуда қизиқ. Ҳақиқатан ҳам, катта ҳажмдаги миянинг қандай имкониятларни ато этишини тушуниш жуда муҳим иш, — дейди Сиэтлдаги Вашингтон университети нейрофизиологи Уильям Кельвин.

Бу ерда фақат бир нарса тушунарсиз қолмоқда. Муаллифларнинг таъкидлашларича, бемалол шеърлар ёзиш ёки шоҳ мусиқий асарлар яратиш имкониятига эга бўлган одамлар нима учун Ер юзида 20 000 йилча яшаб, йўқ бўлиб кетишган. Янаям тўғрироғи, нега уларнинг авлодлари ўзларининг катта миялари билан мақтана олмайдилар. Эҳтимол, бундай катта мия учун жуда кўп қувват зарур бўлиб, уларнинг еган емиши бундай имкониятни бера олмагандир? Балки ана шундай катта каллага эга фарзандни дунёга келтириш фавқулодда қийин бўлгандир? Ким билсин, улар бундай миядан унумли фойдаланиш мумкин бўлган даврлардан анча илгарироқ пайдо бўлишгандир? Бунда «ташқи илм ташувчи омиллар» ва заковатлилик даражасини етарлича қўллаш мумкин бўлган маданият назарда тутилмоқда. Боскопларни синчиклаб ўрганган антропологлар эса уларнинг бундай катта бош чаноғига эгалигига қарамай, юз тузилиши болаларники каби кичкина бўлган, деган хулосага келишган. Бундай ҳодиса натижасида, тўғрироғи, катта ёшдаги кишиларнинг болаларникига ўхшаган чеҳраларга эга бўлиши баъзида жуда тезкорлик билан кечувчи эволюцион ўзгаришларга сабаб бўларкан.

— Эҳтимол, табиатнинг ўзи боскопларда мия эволюциясининг вариантларидан бирини синаб кўргандир, — деб ҳисоблайди биология фанлари доктори, Инсон морфологияси илмий-тадқиқот институти эмбриология бўлими раҳбари Сергей Савельев. — Бироқ бу уриниш бошданоқ муваффақиятсизликка учрашга маҳкум бўлган. Бундай мия учун жуда кўп қувват сарфланиши табиий ва ўша даврларда жуда кам афзалликларга эга бўлган. Жорий масалаларни ҳал этиш учун бизга, яъни ҳозирги одамларга, айни дамда ана шундай ҳажмдаги миянинг ўзи етарли.

Китоб муаллифларининг ўзлари эса худди ҳамкасблари-антропологлар устидан мазах қилгандек, улкан каллали гоминидларнинг қирилиб кетиши борасида ўз тахминларини илгари сурадилар. Боскоплар айнан, ўзларининг жуда юқори таҳлилий қобилиятлари сабабли ҳам йўқ бўлиб кетган бўлиши мумкин экан. Ўз ривожланиши даврида келгусида ўзларини нималар кутаётгани билан боғлиқ беҳисоб ечимларни таҳлил қилиб, ҳисоблаб кўришган ва келажакда ўзларини бирор яхши нарса кутмаётганини англагач, яшаш учун курашни тўхтатишган.

Ким билсин, вақти келиб бу каби саволларга ҳам жавоб топилар.

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech