10 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент 0 °C

Таълим
24 Мар  2020 376

“Бугун аёллар барча соҳада меҳнат қилиши мумкин, ҳатто геологияда ҳам”

Аёлнинг оилада бир нечта вазифаси бор: аёл — модератор, аёл — иқтисодчи, аёл — ўқитувчи, аёл — ошпаз... Бир сўз билан айтганда, оиладаги тинч ва осойишта муҳитни таъминлашда аёл жонбозлик кўрсатади. Кўп замонлардан бери улуғланиб, шаънига мадҳлар битиб келинаётган ўзбек аёли бугун ўзининг модераторлик қобилияти, раҳбарлик салоҳияти билан ҳаётнинг барча жабҳаларига дадил кириб келмоқда.

Шундай аёллардан бири, айни пайтда И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори ўринбосари Элзара Юзликова 27 ёшида фан номзоди, 32 ёшида фан доктори илмий даражасини олган. У мамлакатимизда аёл раҳбарлар сафи кенгайиб бораётганидан мамнун. Буни юртимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор ва ишонч намунаси, деб ҳисоблайди.

Президентимизнинг ўтган йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг тадбиркорлик борасидаги ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва одил судловга эришиш даражасини ошириш каби мақсадлар ўз ифодасини топди. Бу қарор ижроси доирасида хотин-қизлар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилингани аёллар учун жамиятда ўз фаоллик ва ташаббускорлигини намоён этишга имконият эшикларини очди.

Элзара Юзликова кўп миллатли бағрикенг халқимиз меҳри ва ишончидан куч олиб, юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. У иш фаолиятини 2002 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг умумий педагогика кафедрасида бошлаган. “Ижтимоий педагогика” ва “Педагогик маҳорат” фанларидан амалий машғулотлар ўтказиш жараёнида педагогикада ютуқлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам борлигини илғаб, ўзининг номзодлик ва докторлик ишларида айнан шу йўналишдаги муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларини билдирди. 

Мутахассисларнинг ярмидан кўпи хотин-қизлар

— Муассасамизда таҳсил олаётган 1034 нафар талабанинг 208 нафари аёл-қизлардир, — дейди Элзара Юзликова. — Таълим даргоҳимизда нефть ва газ соҳаси учун кадрлар тайёрланади. Шу боис, филиалимизга кўпроқ йигитларнинг интилиши ва қизиқиши юқори. Талабаларимиз орасида қизлар йилдан йилга кўпаяётгани аёлларда барча соҳаларда фаолият юритиш ва ўз имкониятини намойиш этиши учун ишонч мавжудлигидан далолат беради. Педагогларимизнинг олтмиш фоизини аёллар ташкил этади. Бу юқори малакали геологларни тайёрловчи, ўзбек, рус ва инглиз тилларида дарс ўта оладиган профессионал мутахассисларнинг ярмидан кўпи аёллар деганидир. Бу ҳам аёл-қизлар ролининг жамиятда ошаётганига бир мисолдир. Бугун филиалнинг “Ўзбекнефтегаз” АЖ корхоналарида меҳнат қилаётган 1044 нафар битирувчиси орасида хотин-қизлар етарлича. 

Ёш тадқиқотчилар учун илмий майдон

Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида геология-қидирув соҳасини тубдан ривожлантириш, геология фанини чуқур ўрганиш вақти келгани алоҳида таъкидланган эди.

— Геологияга оид предметларни ўқитишни яхшилаш масаласи бизга катта масъулият юклайди. Шу йилнинг 17 апрель куни филиалимизда Ўзбекистонда илк бор Илмий тадқиқотлар инновацион марказини очиш режалаштирилмоқда. Илмий марказ ўттиздан ортиқ замонавий компьютер ва ишчи станция билан жиҳозланган бўлиб, нефть-газ соҳасининг барча йўналишларини бирлаштиради. Бир сўз билан айтганда, ёш тадқиқотчилар учун улкан майдонга айланади. Ёш изланувчиларнинг аксариятини қизлар ташкил қилиши бизни янада қувонтиради, — дейди салоҳиятли педагог.

Элзара Юзликова раҳбарлик фаолиятига ҳамоҳанг тарзда талабаларга валеология фанидан дарс беради. Унинг бир нечта чет тилларни мукаммал билиши педагогик ва илмий фаолиятида ҳам қўл келади. Хусусан, ўтган йили Тошкентда ўтказилган “Нефт ва газ OGU-2019” халқаро конференцияси, Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган халқаро газ форумида илмий асосланган фикр ва таклифларини айнан инглиз тилида баён этди. Чет эл университетлари ва халқаро ташкилотлар билан меморандумлар имзолашда ҳам Элзара Юзликованинг билими ва тил билиш қобилиятидан самарали фойдаланилади. 

Раҳбарликнинг юки оғир, айниқса, аёлга...

Икки фарзанднинг онаси, бир оиланинг саришта бекаси, аҳил жамоанинг раҳбари ва геология соҳасида изланаётган кўплаб ёшларнинг устози бўлган Элзара Юзликова жамоадаги ҳар бир ходимнинг, айниқса, аёлларнинг кайфияти билан қизиқади. Уларни тинглаб, муаммоларига биргаликда ечим топишга интилади.

Баъзи аёллар билан суҳбатлашсангиз, ҳаётдан, турмушидан нолийди. Арзимаган масалани ҳам катта муаммо сифатида кўтаради. Бундай тоифадан фарқли равишда олима ҳаётга доимо яхши назар, кўтаринки кайфият билан қарайди. “Ҳаётдан ҳеч қачон нолимаслик керак. Раҳбарликнинг юки оғир, айниқса, аёл киши учун. Кимда муаммо йўқ дейсиз?! Уларга таслим бўлмасдан, қайта-қайта олға интилавериш керак. Ана шунда бирор натижага эришасиз. Биз, аёллар нозик қалбимиз, юксак дид-фаросатимиз ва уддабуронлигимиз билан жамоада чиройли муҳит яратишимиз лозим”, дейди у.

Соҳиба Муллаева,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech