16 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,2 °C

Туризм
9 Дек  2018 1654

Бухорони қуш парвози баландлигидан томоша қилиш имконияти пайдо бўлади

Жорий йилнинг февраль ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига қилган ташрифи чоғида қадимий шаҳарда сайёҳлик индустриясини ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги «2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида замонавий меҳмонхона комплексларини қуриш, янги сайёҳлик йўналишларини очиш, туризмнинг турли йўналишларини ривожлантириш ва бошқа тадбирларни ўз ичига олган дастур тасдиқланди.

Дастур ижросини таъминлаш доирасида 2018 йилнинг тўққиз ойи давомида 12 та янги меҳмонхона ва 26 та меҳмонлар учун жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уларнинг умумий сони 124 тани ташкил этади ва бир вақтнинг ўзида 3963 кишини қабул қилиши мумкин. Соҳага хорижий инвестицияларни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Бухородаги «Зарафшон» меҳмонхонасининг бўш турган собиқ биноси инвестиция киритиш шарти билан Хитойнинг «Beston Machinery» компаниясига «ноль» қийматда берилди. Яна бир йирик «Бухоро Палас» меҳмонхона комплексига буюкбританиялик ҳамкорлар инвестиция киритади.

Хорижлик инвесторлар дарҳол замонавий меҳмонхоналар барпо этишга киришди. Вилоят марказида эса, Ҳиндистоннинг «Metric Ventures» компанияси меҳмонхона комплекси ва дам олиш ҳудудини қуради. Бунинг учун 2,7 гектар ер майдони ажратилган ва лойиҳалаш ишлари якунига етган. Яқин икки йил ичида иккита шундай бино бир кеча-кундузда ўн мингга яқин сайёҳни қабул қила олади.

Хорижлик меҳмонларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш учун шаҳарнинг тарихий қисмида 12 гектар майдонда «Қадимий Бухоро» сайёҳлик ҳудуди барпо этилади. Бу ерда шинам меҳмонхоналар, амфитеатр, савдо расталари, ҳунармандлар устахоналари ҳам жойлашади. Туркиянинг «Iris Engineering» компанияси билан ҳамкорликда собиқ Шаҳристон бозори ўрнида замонавий савдо маркази қуриш лойиҳаси тайёрланди.

Франциялик ҳамкорлар билан маъмурий марказнинг эски шаҳар қисмида сув босими ҳосил қиладиган минорада ҳам сайёҳлик объекти барпо этиш режалаштирилган. Натижада қуш парвози баландлигидан туриб Бухорони яхлит томоша қилиш имконияти пайдо бўлади. Меҳмонлару сайёҳлар кўплаб диққатга сазовор жойларни, маҳобатли тарихий ёдгорликларни, замонавий бинолар ва иншоотларни томоша қилишлари мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғидан келиб чиқиб, Етти пир меъморий комплексларида реконструкция қилиш ва улар атрофини ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Зиёрат сайёҳлигини ривожлантириш мақсадида замонавий инфратузилма ташкил этиляпти.

Шулар қаторида индустриянинг бошқа истиқболли йўналишларида ҳам жадаллашиш кузатилмоқда. Масалан, экологик туризм ихлосмандларини Қоровулбозор туманидаги «Жайрон» экомарказига саёҳат, пляж ва спорт туризми иштиёқмандарини эса Пешку туманидаги Қорақир кўли кутмоқда. Агротуризм йўналишини танлаганлар нафақат серқуёш ўлкада пишиб-етилган табиий неъматлар ҳосилини йиғиш жараёнини кузатишлари, балки бунда ўзлари ҳам бевосита иштирок этишлари мумкин. Маҳаллий ошпазлар ҳамда қандолатчилар шарқ ошхонасининг кўплаб тансиқ таомлари ва ширинликларини таклиф этадилар. Кўҳна шаҳарга ташриф буюрган кўпсонли  меҳмонлар учун турли театрлаштирилган томошалар, фестиваллар ва фольклор жамоалари ва халқ санъати усталари иштирокидаги танловлар тайёрлаб қўйилган. Наврўз байрами, «Қовун ва асал сайли», «Шарқ таомлари», «Ипак ва зираворлар» ва «Насриддин Афанди» фестивалларида ва бошқа тадбирларда минглаб ҳамюртларимиз ҳамда хорижлик сайёҳлар иштирок этадилар.

- Кўҳна Бухорога ташриф буюрувчи меҳмонлар сони йил сайин ошиб бормоқда, - дейди вилоят ҳокимининг Туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёров. – Биргина жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида шаҳримизга 2,1 миллион сайёҳ ташриф буюрди, хорижий сайёҳлар сони 232 мингдан ошиб кетди. Ўтган 2017 йилнинг муқобил даври билан солиштирилса, кўрсаткичнинг 1,8 бараварга ошганини кўриш мумкин. Йил охирига қадар Бухорога яқин ва узоқ хорижий давлатлардан яна 36 минг сайёҳ келиши кутилмоқда. Халқаро сайёҳлик ярмаркалари ва кўргазмаларининг ўтказилиши давомида қатор келишувларга эришилган.

Карим Абдурахимов.

«Правда Востока»нинг ўз мухбири.

Бухоро вилояти

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech