25 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,6 °C

Спорт
1 Фев  2019 1086

“Бунёдкор” футбол клуби атрофидаги машмашалар  

 

“Бунёдкор” Суперлигани тарк этадими? 


“Бунёдкор” болалар футбол академияси ва у ердаги 500 нафардан ортиқ тарбияланувчининг тақдири билан кимдир қизиқяптими? 


Стадион номи ўзгартирилди, аммо ҳужжатларда ҳамон эски ном қайд этилмоқда, нега? 


ЎзА мухбири ушбу саволларга жавоб излади. 

  

 

  

Бугунги ўзбек футболи тараққиётида “Бунёдкор” клубининг алоҳида ҳиссаси бор, десак, ўйлаймизки, ҳеч ким инкор қилмайди. Бироқ, сўнгги йиллар “қалдирғочлар” учун силлиқ кечмаяпти. Айниқса, жамоанинг украиналик собиқ футболчиси Сергей Симоненко олдидаги қарздорлиги билан боғлиқ можаролар клуб нуфузига жиддий путур етказди.


2018 йилги мавсумда ана шу муаммо туфайли “Бунёдкор” клуби 6 очкодан маҳрум этилди. Агар янги йилда ҳам ушбу қарздорлик сўндирилмаса, жамоа Суперлигадан Про-лигага бадарға қилинарди, чунки бу ҳақда ФИФАдан Ўзбекистон футбол ассоциациясига огоҳлантириш хати келганди. Яхшиямки, клубнинг янги раҳбарияти ушбу муаммони белгиланган муддатда бартараф этди. 
Клуб раҳбариятининг маълум қилишича, шу йил 15 январда Сергей Симоненкога 386 миллион сўмлик (бу маош ва мукофот пуллари) қарз тўлаб берилган ва 17 январь куни украиналик футболчи “қалдирғочлар”га ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақида ФИФАга ёзма равишда маълум қилган. Шу тариқа “Бунёдкор” клуби устида “қора булутлар” бироз бўлса-да, тарқалгандек эди. Аммо... 
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “Бунёдкор” футбол академияси тез фурсатда ўз ўрнини ЎФА ҳузуридаги Республика болалар-ўсмирлар футбол академиясига бўшатиб бериши ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Шу ва бошқа айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА мухбири суриштирув ўтказди. 

 

“БУНЁДКОР” СТАДИОНИ АСЛИДА КИМГА ТЕГИШЛИ?

 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда футболни ривожлантириш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилди ва ҳамон шу йўлда собит келмоқда. Бу масалага доимо энг юксак даражада эътибор қаратилаётгани эса кишини қувонтиради, албатта. Шу кунгача футболни ривожлантиришга оид 10 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳам фикримиз тасдиғидир. Чунончи, Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам айни шу мақсадга хизмат қилиши билан миллионлар ўйини ихлосмандларини беҳад қувонтирди.


Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “Бунёдкор” стадионининг Ўзбекистон футбол ассоциацияси балансига ўтказилишини таъминлаш ҳам белгилаб қўйилган. Бироқ, муаммо шундаки, стадион ҳали-ҳамон клуб балансига тўлиқ ўтказилмаган. Нега?


Маълумки, “Бунёдкор” стадионини қуриш ишлари 2008 йилда бошланган. Мажмуада 2008-2010 йиллар давомида клубнинг ўша вақтдаги бош ҳомийси Zeromax компанияси ҳамда “Ўзнефтгазмонтаж” ташкилоти томонидан 73 миллиард сўмлик иш бажарилган. Zeromax компанияси банкрот, деб эълон қилингач, “Бунёдкор” футбол клуби таъсисчилигида “Бунёдкор капитал қурилиш” бошқармаси ташкил этилади. Барча маблағлар ўша бошқармага жалб этилиб, 2012 йилда “Бунёдкор” стадиони (алоҳида эътибор қилинг) қуриб битказилади. “Бунёдкор” футбол академияси эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси томонидан 2010-2012 йилларда барпо этилади ва 2013 йилда тўлиқ клуб балансига ўтказилади. Демак, академия “Бунёдкор” клубига тегишли.


Энди стадион масаласига келсак. Ҳозирда “Бунёдкор” стадионининг эгаси бор ёки йўқ, дейиш қанчалик ўринли? Мажмуа шу кунга қадар “Бунёдкор” стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси” масъулияти чекланган жамият тасарруфида бўлган. Дирекциянинг таъсисчиси эса “Бунёдкор” футбол клуби ҳисобланади.“Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан дирекция Ўзбекистон футбол ассоциацияси балансига ўтказилди. Аммо, “Бунёдкор” стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси” МЧЖ хизмат кўрсатиш ташкилоти бўлиб, унинг балансида ҳеч нарса йўқ.


Президент қарори қабул қилинган пайтда стадион қурилиши жараёнида ишлатилган бошланғич 73 миллиард сўмлик маблағ масаласи очиқ эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 35-сонли фармойиши “Бунёдкор” стадионининг тақдирига ойдинлик киритиб берди. Мазкур ҳужжатга кўра, мажмуанинг умумий қиймати 429 миллиард сўмдан зиёдроққа баҳоланди. Эндиги вазифа – ушбу ҳужжатга асосан “Бунёдкор” стадионини клуб балансига ўтказиш бўлиб, фақат шундан кейин стадион мамлакатимизнинг бош футбол ташкилоти балансига ўтказиб берилади. 

 

“МИЛЛИЙ” СТАДИОН ҚАЧОН ЎЗЛИГИНИ ТОПАДИ?

 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингач, орадан кўп ўтмай “Бунёдкор” стадиони номи ўзгартирилиб, эндиликда “Миллий” деб юритилмоқда.


Ҳақли савол туғилади: футбол ассоциацияси ҳали мажмуани тўлиқ ўз тасарруфига ўтказмай туриб қайси ҳужжатга асосан стадион номини ўзгартирди? Майли, Ўзбекистон футбол ассоциациясида бу масалани хаспўслаш учун қандайдир ҳужжатлар ҳам бордир дейлик, лекин нега расмий ҳужжатларда ҳалигача стадион “Бунёдкор” номи билан юритиляпти? Хуллас, савол кетидан савол чиқиб келаверади, аммо жавоб беришга келганда эса...


Хулоса ўзингиздан. 

 

Яна бир гап. Сўнгги пайтларда футбол жамоатчилиги орасида бир миш-миш оралади, эмишки жорий мавсумда Термизнинг “Сурхон” жамоаси Суперлигада иштирок этаркан.


Ўзбекистон профессионал футбол лигаси жорий мавсумда ҳам Суперлигада 12 та жамоа иштирок этиши ҳақида анча аввал эълон қилганди. Шундай экан, “Сурхон” қайси жамоанинг ўрнини эгаллайди?


ПФЛ Суперлига иштирокчилари бўлмиш “Навбаҳор”, “Андижон”, “Қўқон-1912”, “Насаф”, “Бухоро”, “Қизилқум” ва “Сўғдиёна” клубларига тегинолмаса керак, чунки бу жамоалар ўз ҳудудларининг Суперлигадаги ягона вакили. Қолаверса, уларнинг Суперлигадан четлатилиши ўша ҳудудларда футбол тараққиётига ҳам жиддий таъсир қилади. У ҳолда жанубликлар қайси жамоанинг ўрнини эгаллайди?


Бу ерда танлов имконияти кенг эмас. Тошкент шаҳри ёки вилояти жамоаларидан бири ўз ўрнини “Сурхон”га бўшатиб бериши мумкин. Тошкент вилоятининг "АГМК" жамоасига ҳам тегиб бўлмайди, негаки, улар Осиё Чемпионлар лигасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Демак, биргина “Металлург” варианти қолмоқда. 


Пойтахтнинг “Локомотив” ва “Пахтакор” клублари ҳам қитъа миқёсидаги энг нуфузли турнирда иштирок этишади. Қолаверса, ҳар икки жамоа ортида иқтисодий жиҳатдан бақувват ҳомийлар бор. Демак, бу ерда фақат “Бунёдкор” варианти қолди. Дард устига чипқон бўлиб ПФЛ Бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қуйидаги хабарни қолдирди:


“АГМК клуби Олий лигада қандай пайдо бўлиб қолганини эслайсиз-а? Адашмасам, ўшанда 1-лигани 8-ўринда тугатганди. Кейин бирдан юқорининг қарори билан бой клубга айланиб қолди ва Олий лигага қўшилиб олди.


Бу каби мисоллар бизда ҳамма даврда бўлган ва ҳали бўлади ҳам. Чунки, футболга пулни ким бераётган бўлса, унинг айтгани бўлади. Спорт принциплари эса қачонки клублар ўзи пул топишни бошлаганидан кейин ишга тушса керак.


Хулоса: кто платит тот и заказывает музыку”.


“Сурхон” жамоасининг бу мавсум Суперлигада иштирок этиши ҳақидаги гап-сўзлар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ, футбол ичида юрган инсонлар анчадан бери билишади бу ҳақда. Камига Илҳом Мўминжонов бошқарувидаги жамоа ўз таркибини Суперлига савиясига мос футболчилар билан тўлдирмоқда. Бунга Асилбек Омонов, Шерзод Каримов, Аъзам Алиев, Дилшод Жабборов, Аюбхон Нўъмонов, Азамат Алланиязов кабиларни мисол келтириш мумкин. Ҳатто терма жамоамиз аъзоси Даврон Ҳошимов ҳам бир муддат термизликлар сафида машғулот олиб борди, аммо сўнгги паллада темирйўлчилар бу футболчини илиб кетишди.


Сўнгги пайтларда Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан “Бунёдкор” футбол клуби ўртасидаги муносабатлар у қадар самимий кўринмаяпти. Шундан хулоса қиладиган бўлсак, “Сурхон” жамоасининг Суперлигага қўшилиши “Бунёдкор”нинг футболимиз элитасидан четлатилиши эвазига содир бўлмасмикан, деган хавотир уйғотади кишида. Кўпчиликни ташвишга солаётган яна бир жиҳат, ПФЛ шу кунгача бу миш-мишлар ҳақиқатга зид экани борасида расмий баёнот бермади. 
Ҳа, ота-боболаримиз “шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди”, деб бежиз айтишмаган. 

 

БОЛАЛАРНИНГ ТАҚДИРИ НИМА БЎЛАДИ?

 

Бугунги кунда “Бунёдкор” футбол академиясида асосий ҳамда тижорий гуруҳларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 400 нафардан ортиқ болалар ва ўсмирлар малакали мураббийлар қўл остида футбол сирларини ўзлаштириб келмоқда. Бироқ, Ўзбекистон футбол ассоциацияси “Бунёдкор” футбол академиясини ҳозирги жойидан чиқариб юбориш ва уларнинг ўрнига Республика болалар-ўсмирлар футбол академияси тарбияланувчиларини жойлаштиришга зўр бермоқда. Муаммо шундаки, ҳали Республика болалар-ўсмирлар академияси учун танлов ёки имтиҳон ўтказилмаган, истеъдодли ёшлар танлаб олинмаган. Шундай экан, ҳали фаолияти шакллантирилмаган ва бу борада амалий ҳаракатлар ҳам бошланмаган академия учун жой излаш қайси мантиққа тўғри келади? Ўзбекистон футбол ассоциацияси ота-боболаримиз айтиб кетган “янгисини қурмай туриб эскисини бузма”, мақолига тескари иш тутишадими?


Модомики шундай экан, “Бунёдкор” академияси тарбияланувчилари қаерга боради? Ёки футболимизнинг бош ташкилоти учун бу академия болалари бегонами? Ваҳоланки, халқимиз таъбири билан айтганда, "Боланинг бегонаси бўлмайди"! 

 

КИМ ҚАРЗДОР?

 

“Бунёдкор” клуби Суперлигадан четлатилишига ПФЛ ёки жамоа аъзолари олдидаги қарздорлик ҳам сабаб бўлиши мумкин. Хўш, бу борада клубда аҳвол қандай?


“Бунёдкор” клуби бош директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Мирзаевнинг айтишича, “қалдирғочлар”нинг ПФЛ ёки ЎФАдан ҳеч қандай қарздорлиги йўқ. Жамоа аъзоларига ҳам ўтган йилги ойлик маош ва мукофот пуллари тўлаб берилган. Аксинча, ПФЛ “Бунёдкор”дан 900 миллион сўм қарз. Бу маблағнинг 600 миллиони асосий жамоа Суперлигада 4-ўринни қўлга киритгани учун, яна 300 миллиони эса аёллар жамоасининг тарихда биринчи бор Ўзбекистон чемпиони бўлгани учун “Бунёдкор”га тўлаб берилиши керак. Бу маблағлар қачон клуб ҳисоб-рақамига келиб тушиши эса ҳозирча номаълум. ПФЛ тўлаб беришни ваъда қилишдан нарига ўтмаяпти.

 

ҲОМИЙЛАРНИНГ ХОҲИШИ ҚАНДАЙ?


Юқоридаги каби миш-мишлар келиб чиқишига кўп ҳолларда ҳомийлар футбол жамоасини молиялаштиришда муаммога дуч келаётгани сабаб бўлади. “Қалдирғочлар”нинг бош ҳомийси “Ўзтрансгаз” АЖ эса “Бунёдкор”ни молиялаштиришдан бош тортгани йўқ, аксинча, 2019 йилги мавсум учун сметани ўтган йилгига қараганда сезиларли даражада ошириб бермоқда.


Клуб раҳбарияти молиявий сарф-харажатларни тежаш мақсадида академия, шунингдек, аёллар ҳамда футзал жамоаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулоти билан таъминлаш таклифини билдиришганида бош ҳомий буни кескин рад қилган ҳамда “Бунёдкор” клубининг ҳар бир аъзоси асосий жамоа қайси фирма маҳсулотларидан фойдаланса, ўша либослар билан таъминланишини билдирган. Демак, “қалдирғочлар”нинг Суперлигадан четлатилиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ.

 

"ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА" ЁХУД АКАДЕМИЯНИНГ САМАРАСИ


Ўз вақтида “Бунёдкор” академияси ташкил этилгани бугун клуб жонига оро кирмоқда. Янги мавсум олдидан таркибни 10 дан ортиқ футболчи тарк этди. Жумладан, "АГМК"га 6 нафар, “Пахтакор” ва “Локомотив”га эса 2 нафардан футболчи йўл олди. Жамоа сардори Жавлон Иброҳимов ўз фаолиятини Жанубий Кореянинг “Сувон” (“Сувон Самсунг Блувингз” билан адаштирманг) жамоасида давом эттириш истагини билдирди.


Кетганларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов, энг аввало, академия тарбияланувчиларига эътибор қаратмоқда. Қолаверса, ўтган мавсум ижара асосида бошқа клубларда тўп сурган бир қатор футболчилар ортга қайтишди. 

 

Яна бир гап, “Бунёдкор” клуби шу кунгача ўз тарбияланувчиларини хорижга трансфер қилиш орқали 3 миллион доллардан ошиқроқ маблағ ишлаб топган. Яқин кунларда Рустам Ашурматов ҳам Жанубий Корея клубига трансфер қилинса (ҳар ҳолда шундай гар-сўзлар юрибди), бу миқдор янада ошади. Хўш, яна қайси клуб мамлакатимизга шунча маблағ олиб келгани билан мақтана олади? Бундан ташқари, академия қошида тижорий гуруҳлар фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бунинг ортидан ҳам “Бунёдкор” ҳар ой ўртача 50-60 миллион сўм ишлаб топмоқда.


Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўзбек футболи шу кунгача қанчадан-қанча футбол жамоаларини йўқотди. Бунга шонли анъаналарига эга “Трактор”, “Янгиер”, “Шаҳрихон”, “Косонсой”, “Ғазалкент”, “Кимёгар” ёки мустақиллик йилларида порлаб чиққан “Дўстлик”, "МҲСК", “Семурғ” (Ангрен), “Академия”, “Обод” (иккаласи ҳам Тошкент шаҳри) каби жамоаларни мисол келтириш мумкин. Энди улар сафига “Бунёдкор” ҳам қўшилишига йўл қўймайлик.


Қолаверса, сўнгги ўн йилликда ўзбек футболи эришган ёрқин ғалабалар замирида “Бунёдкор” жамоасининг бевосита ва билвосита иштироки бор. Эсланг, 2011 йилда “Насаф” ОФК кубогида ғалаба қозонди, негаки улар ички чемпионатда “Пахтакор”га бас келишса-да, “Бунёдкор”дан зўр чиқишолмади, натижада “аждарлар” бор эътиборини Осиё майдонларига қаратишди ва ана шу муваффақиятга эришди.


Ёки худди ўша йили миллий терма жамоамиз Осиё кубогида ҳозирча ўзининг энг яхши натижаси бўлиб турган ярим финал босқичигача етиб борди. Ўшанда бош жамоамиз асосини миллий чемпионатимизда “Бунёдкор” ва “Пахтакор” рақобатида тобланган йигитлар ташкил этишганди. Бу рўйхатга яна 2012 йили Дилшод Нуралиев бошчилигидаги ўсмирлар терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги ғалабасини ҳам қўшиш мумкин. Ўша жамоа таркибида ҳам “Бунёдкор” футбол академияси тарбияланувчилари муҳим ўрин тутишган. Шунингдек, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этишига ҳам бу жамоанинг, бу академиянинг ижобий маънодаги таъсири бўлган. 
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, “Бунёдкор” клуби Про-лигага тушириб юборилишидан ўзбек футболи нима ютадию, нима ютқазади? Ютуқдан кўра футболимиз бой берадиган жиҳатлар кўпроқ бўлишига ҳеч бир футбол мухлиси шубҳа қилмайди. Такрор бўлса-да, кейинги 10 йилликда футболимиз эришган барча натижаларда "БУНЁДКОР" клубининг алоҳида ўрни бор!  

ЎзА

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech