19 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,2 °C

Ижтимоий ҳаёт
4 Апр  2019 460

Чингиз Айтматов – публицист ва мунаққид

Яқинда Сайди Умировнинг “Чингиз Айтматов – публицист ва мунаққид” номли китоби наширдан чиқди. Сезганингиздек, китоб Чингиз Айтматовнинг ижодий фаолиятига бағишланган.

 

Чингиз Айтматов – асарлари жаҳон миқёсида кўп ва хўп ўрганилган, ўрганилаётган, таҳлил-тадқиқ қилинаётган адиблардан биридир. У ҳақда китоб ёзиш учун адибнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини мукаммал даражада билиш, унинг барча асарлари билан яхши таниш бўлиши лозим. Устоз Сайди Умиров Чингиз Айтматов ижоди мухлисларидан эканини китоб хулосасида таъкидлаб ўтган. Асарлари эълон қилиниши билан ўқиб чиққани, баъзиларини қайта-қайта ўқигани, адибнинг ижодига бағишланган бир қанча мақолалари эълон қилганни айтиб ўтади.

Ушбу рисола бамисоли адиб публицистикаси дарёсидан бир пақир сув олиб ўқувчилар, мухлисларига тутқазиш, мақола, очерк, интервю-суҳбат, адабий-танқидий ишлари ҳақида уларнинг билим ва тасаввурларини бойитишга қаратилган.

Муаллиф таҳлил жараёнида адибнинг жозибали, фусункор, танқид тасвири, мафтункор баёнидан олинадиган тотли таассуротни сусайтириб қўймаслик мақсадида адибнинг ўзига кўпроқ сўз беришга, мисол, парчалар келтиришни мақул топган. Бу эса китобнинг тушунарли, қизиқарли бўлишига хизмат қилган.

Китобда Чингиз Айтматовнинг инсон ва экология мавзусига бағишланган чиқишлари, бонг уришлари таҳлилига ҳам эътибор қаратилган. Бир ўринда Чин­гиз Айтматовнинг “Дунё халқлари тарихи”нинг яхши кўриб чиқилган янги тарихини яратиш вақти келди, буни ЮНЕСКО ёхуд БМТ бўлимларидан бири ўз зиммасига олмасмикан?” деган гапини келтиради муаллиф. 

Хуршид Дўстмуҳаммад,

филология фанлари доктори, ёзувчи:

– Чингиз Айтматовдек дунё кезган адиб ва арбобнинг публицистик дунёсини қамраб олиш, таснифлаш ва қулай режалаштириш жўн иш эмас, Сайди Умиров эса кўпни кўрган, тажрибали мутахассис сифатида тўғри йўл танлаган.

Китоб осон ўқилади, ҳар бир таҳлил, кузатув ва мулоҳазани ўқиётиб Чингиз оғанинг муборак сиймоси кўз ўнгингизда намоён бўлади. Табиий, улкан ижод мактабини ўрганиш давом этади, унинг янгидан-янги қирралари янада жозибали, янада эҳтиросли талқинларга чорлайди тадқиқотчиларни, зеро, Чингиз Айтматовдек улуғ ва бетакрор сўз соҳибининг ижодига доир ҳар бир изланиш ҳам бадиий, ҳам илмий, ҳам амалий аҳамият касб этади.

 Аҳмаджон Мелибоев,

Жаҳон адабиёти журнали бош муҳаррири:

– Ушбу китоб муаллифнинг узоқ йиллик мунтазам ўқиб-ўрганишлари, кузатишлари, таҳлиллари маҳсули. Сайди Умиров Чингиз Айтматов публицистикасини ипидан игнасигача ўқиб-ўрганиб, уни XX асрнинг улкан маънавий-маърифий воқелиги сифатида татбиқ этган.

Китоб тили енгил, ҳар бир таҳлил, кузатув ва мулоҳаза адибнинг янгидан-янги қирраларини кашф этади, зеро, Чингиз Айтматовдек улуғ ва бетакрор сўз соҳибининг ижодига доир ҳар бир изланиш ҳам бадиий, ҳам илмий, ҳам амалий аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, “Чингиз Айтматов – публицист ва мунаққид” китоби ўзбек олими Сайди Умировнинг Чингиз Айтматов ижодига чуқур эҳтироми рамзи сифатида кенг оммага тортиқ бўлиб қолади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech