08 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +4,4 °C

Мамлакатимизда
24 Фев  2020 2315

1 мартдан нималар ўзгаради?

Адлия вазирлиги Ўзбекистон қонунчилигида 2020 йил март ойидан қанақанги ўзгаришлар кутилаётгани ҳвақида қуйидагиларни эслатади:

1. Инкассация хизматлари учун ҳақ буюртмачи томонидан тўланади

Хўжалик юритувчи субъектларнинг нақд пулларини банкларга инкассация хизматлари орқали етказиб берилиши бўйича хизмат ҳақи шартнома асосида буюртмачи, яъни инкассация хизматлари кўрсатилишининг ташаббускори (хўжалик юритувчи субъект ёки банк) томонидан тўланади.

2. Қурилишнинг лойиҳа ҳужжатларига ўсимликларни салбий таъсирдан ҳимоя қилишга оид мажбурий талаб киритилади

Қурилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, қурилиш объектларини ободонлаштириш, бузиш, қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилиш пайтида лойиҳалаш ҳужжатларига қуйидаги мажбурий талаблар киритилади:

- ўсимлик дунёси объектларига, уларнинг ўсиш муҳитига салбий таъсирнинг олдини олиш, шунингдек, уларни бундай таъсирдан ҳимоя қилишни таъминлайдиган чоралар;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация чоралари;

- кўкаламзорлаштириш ишларини лойиҳалаштириш қоидаларига ҳамда шу соҳадаги меъёрларга мувофиқ амалга ошириш.

3. Қурилиш соҳасидаги айрим ходимлар маоши ошади

Бюджет тизимидаги бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлардан ташқари капитал таъмирлаш объектларида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича талаблар бекор қилинади.

Шунингдек, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 1,4 баробарга оширилади.

4. Лимонзорларни барпо этишнинг янги тартиби жорий этилади

Унга кўра, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги, ҳокимликлар, қайта ишлаш корхоналари ва экспорт қилувчи ташкилотлар иштирокида ташкил этиладиган кооперациялар (кластерлар) ва маҳсулот етиштирувчилар учун алоҳида вазифалар белгиланди.

Жумладан, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги янги барпо этиладиган лимонзорлар учун стандартларни (кўчат нави ва сифати, экиш схемаси, иссиқхонага қўйиладиган талаблар, ресурс тежовчи технологиялар ҳамда бошқалар) белгилайди, лимончилик тармоғини ривожлантиришда илғор хорижий тажриба ва ресурс тежовчи инновацион технологиялар жорий этилишини ташкил қилади.

Шунингдек, кооперацияларга бирлашган лимон етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва тадбиркорлик субъектларига:

-  янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг ҳар бир гектари учун 30 млн сўмдан ошмайдиган миқдори Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан;

- лимон меваларининг экспорти билан боғлиқ транспорт харажатларининг 25 фоизигача бўлган миқдори Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан субсидия сифатида қоплаб берилади.

5. Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизими жорий этилади

Баҳолаш ярим йиллик ва йил якуни бўйича ўтказилади.

Баҳолаш натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туман ва шаҳарлар рейтинги тузилади, рейтингда юқори кўрсаткичларга эга ҳудуддаги ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бошқарув ходимлари моддий рағбатлантирилади.

Баҳолаш Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

6. Айрим жиҳозларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилиши тақиқланади

Аввал фойдаланилган, божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилгани 3 йилдан ошган индукцион печлар ва камераларнинг (ТИФ ТН коди 8514 20 1000) Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилиши тақиқланади.

7. Ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади

Аҳоли масканларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ободонлаштириш, шунингдек, уларда комплекс қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга оид қарорлар дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилади.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар қабул қилинганидан (расмийлаштирилганидан) кейин бир кун муддатда тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади.

8. Айрим ҳудудларда кадастр паспортининг янги намунаси жорий этилади

Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида – 2020 йил 1 мартдан бошлаб пластик шаклда тайёрланадиган кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунаси жорий этилади.

Бунда, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш юзасидан мурожаат қилинганда, ариза берувчига ДХМлар орқали янги намунадаги кадастр паспорти берилади.

9. Ипотеканинг янги тартиби бўйича субсидияга аризалар ДХМ орқали берилади

Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасидаги субсидиялар олиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

10. Нодавлат тиббий ташкилотларда лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан 2,5 йилда кўпи билан бир марта давомийлиги 5 кундан ошмаган текширув ўтказиладиган бўлади.

Шунингдек, Давлат ёнғин назорати органлари томонидан ёнғин хавфлилигига кўра объектлар бўйича қуйидаги муддатларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши юзасидан текширув ўтказилади:

- 1-гуруҳга кирадиган объектларда – 1 йилда кўпи билан бир марта;

- 2-гуруҳга кирадиган объектларда – 2 йилда кўпи билан бир марта;

- 3-гуруҳга кирадиган объектларда – 3 йилда кўпи билан бир марта.

11. Назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.

12. «Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри» онлайн тарзда реал вақт режимида янгиланувчи очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга туширилади.

13. Давлат умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, «Замонавий мактаб»ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳалари ва жиҳозлаш меъёрлари асосида амалга оширилади.

14. Жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.

15. «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни кучга киради.

16. Республика бўйича – тегишли равишда тракторчи-машинист гувоҳномасини расмийлаштиришда – тракторчи-машинист гувоҳномасининг, техникаларни рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) – техник паспорт ва техник гувоҳноманинг янги намуналари берилади.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech