15 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,7 °C

Энергетика
1 Авг  2019 1221

Сув энергиясининг мўъжизаси

Катта Фарғона каналининг иккинчи жаҳон урушидан олдин қурилганини биласизми? Учқўрғон яқинидаги Норин дарёсидан сув олувчи канал вилоят қишлоқ хўжалигида муҳим рол ўйнайди ва энди унга гидроэнергетика соҳасидаги муҳим рол «топширилмоқда».

Яқин вақт ичида Катта Фарғона каналида ГЭСнинг поғонали шаршараси (каскади) ишга туширилади. Бор-йўғи икки йил ичида «Topalang HPD Building» МЧЖ қурувчилари кичик ГЭСлар каскадини қуриш бўйича улкан ишларни амалга оширди.

Фарғона каналига тўсиқ қуриб, Норин сувини кичик янги каналга йўналтиришди. Шу билан бирга, иккита гидроэлектростанция жадал суръатларда қад ростлади. Жорий йилнинг бошида ишга тушириш юмушлари бошланди ва деярли якунига етиб қолган. Тез орада гидроэлектростанциялар электр энергияси ишлаб чиқара бошлайди.

– Кичик ГЭСларнинг каскадини қуриш 2017 йилда бошланган ва ҳозирда ниҳоясига етмоқда. Одатда бу беш-олти йилгача чўзиладиган жараён. Бунда ер ости сувларининг йўқлиги, котлованнинг қуруқлиги, тупроқнинг яхшилиги, геологик кўрсаткичларнинг жуда қулайлиги қўл келди. Буларнинг барчаси ишни тез тугатишга ёрдам берди, - дейди лойиҳа бош муҳандиси Элёр Эргашев.

– ГЭС агрегатлари бу ерга демонтаж қилинган ҳолда олиб келинди, чунки монтаж ва созлаш технологиялари жуда мураккаб ва жараён мутахассислардан маълум билим ва кўникмаларни талаб қилади, – дейди лойиҳа менежери Сун Цзян Фен. – Барча ишга тушириш ишларини ўз вақтида тугатишга ҳаракат қилдик. Биргаликдаги фаолият давомида бу борада катта тажрибага эга эканингизга ишонч ҳосил қилдик. Технологиямизга келсак, улар кўп марта ўзларини яхши томондан кўрсатган ва 40 йилдан ортиқ иш кафолатига эга.

Айни пайтда Катта Фарғона каналидаги кичик ГЭСлар каскади лойиҳаси «Гидролойиҳа» АЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Унинг смета қиймати - 31 млн доллар. «Dongfang Electric» (ХХР) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иккита турбинадан ҳар бирининг қуввати олти мегаваттга тенг. Таъкидлаш жоизки, ушбу компания маҳсулотлари дунёнинг ўнлаб мамлакатларида қўлланилади. Турбиналар ресурси 40 йилга мўлжалланган.

Мутахассисларнинг фикрича, истеъмолчилар ҳар йили 72,8 миллион кВт/соат электр энергияси олади ва бу тадбиркорлик ривожига туртки беради, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринлари пайдо бўлади. Барча қурилиш харажатлари кейинги саккиз-тўққиз йил ичида ўзини оқлайди.

Ҳар икки турбиналар махсус қурилган станцияларга монтаж қилинган. Сониясига 84 кубометр сув тўсиқдан оқиб ўтади ва уларни ҳаракатга келтиради. Биринчи турбина 1700 метр белгига жойлаштирилган, бу ерда 8,4 метр баландликдаги сунъий шаршара ўрнатилади. 500 метрдан кейин яна битта шундай иншоот мавжуд. Сўнг ишлатилган сув яна асосий оқимга қайтади ва у билан қишлоқ хўжалиги ерлари суғорилади.

 Икки йил аввал Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида ушбу соҳадаги истиқболларни ўрганиб, гидроиншоот лойиҳаси билан танишди.

Сув энергиясида табиатнинг ўзи инъом этувчи катта имкониятлар мавжуд. Мамлакатнинг ҳар бир минтақасида илғор жаҳон тажрибаси асосида кичик гидроэлектростанциялар тармоғини барпо этиш жараёни жуда муҳим бўлиб, улар аҳоли ва иқтисодиётнинг эҳтиёжларини қисман қондира олади. 15 та мавжуд гидроэлэктростанцияни модернизация қилиш ва табиий сув оқимлари ҳамда сув хўжалиги объектларида тўққизта янгисини қуриш кўзда тутилган. Улар орасида Наманган вилояти Учқўрғон тумани ҳудудида Катта Фарғона каналида жойлашган кичик ГЭСлар каскади (поғонали шаршара) ҳам бор.

Қурувчилар шижоат билан меҳнат қилмоқда: деярли 300 киши ишлайди, кўплаб техникалар, юк машиналари, ўзи ағдарувчи автомобиллар жалб этилган. Бетончилар – Абдурасул Мелибоев ва Сайфиддин Сулаймоновлар, пайвандчи – Мирзоҳид Холдоров, экскаваторчи Сарвар Мадиёровлар жонбозлик кўрсатмоқда. Таъкидлаш жоизки, объектда меҳнат қилаётганлар қатор ҳудудлардаги йирик гидроиншоотлар қурилишида иштирок этган ўз ишининг усталаридир.

– Мамлакат гидроэнергетикасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз, – дейди бульдозерчи Рашид Қўйлиев. – Тез орада станциямизда ишлаб чиқарилган электр энергияси уй-жойларга, ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларга етиб боради.

«Қизил ровот» подстанцияси билан объектни боғлайдиган 16 км узунликдаги электр узатиш линияси ҳам қуриб битказилди. Бу вазифани «Электр қурилиш лойиҳа» МЧЖ жамоаси уддалади.

Қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, республикамизда дарё ва каналлар кўп, агар улардан оқилона фойдаланилса, бу аҳолини электр энергияси билан таъминлашга ёрдам беради. Мамлакатда гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда, аллақачон бешта янги станция ишга туширилди. 2021 йилга келиб 42 та янги ГЭС қурилиши режалаштирилган.

Феруза Отахонова.

«Правда Востока».

Наманган вилояти.

Рашид Галиев сурати.

 

 «Правда Востока» газетасининг 2019 йил 1 августдаги 153-сонида «Чудо водной энергетики» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech