29 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,3 °C

Кейинги авлод
26 Мая  2020 1302

Шовотда замонавий билим маскани қад ростлаяпти

Шовотдаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатининг қурилиш ишлари қандай кетмоқда?

Жорий йил март ойида Давлатимиз раҳбари Хоразмга амалга оширган ташрифлари чоғида Шовот туманидаги 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб негизида замонавий таълим маскани қад ростлаши лозимлигини айтган эдилар.

Хоразм вилоятидаги ушбу умумтаълим мактаб-интернати ўз тарихи ва эътирофга лойиқ натижалари билан халқ орасида обрў қозонган. Ташкил этилганига 44 йил бўлган ушбу мактабдан ўтган йилларда 100 дан ортиқ олим, хусусан, 36 нафар фан доктори, 68 нафар фан номзоди етишиб чиққан. Хусусан, турли йилларда МДҲ давлатларида ўтказилган физика-математикадан халқаро олимпиадаларда 30 дан ортиқ ўқувчи қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган.

2020 йилнинг 19 мартида эса мазкур мактаб негизида “Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика-математика мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Қарор билан билан мактаб интернат фаолиятини самарали йўлга қўйишга қаратилган хайрли ишда Адлия вазирлиги етакчи вазифалардан бирини бажариб келяпти.

Қарорда мактабни замонавий таълим даргоҳига айлантириш, унда таҳсил оладиган ўқувчиларни мустақил фикрли, ташаббускор, креатив ва халқаро майдонда ўзини дадил намоён эта оладиган илмли ёшлар сифатида тарбиялаш мақсади қўйилмоқда. Бунинг учун етарли шарт-шароит яратилиши, хусусан, мактабга маҳаллий ва хорижий етук ўқитувчиларни жалб қилиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор вазифалар белгиланган эди.

Шундан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан биргаликда халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан қайта жиҳозлаш, шунингдек, мактаб учун 20 ўринли турар жой биноси қуриш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Жорий йил 25 майда Адлия вазири Русланбек Давлетов Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов билан биргаликда ушбу халқаро мактабнинг лойиҳалаш ва қурилиш-тиклаш жараёнлари қандай ташкил этилаётганини яқиндан ўрганди. Халқаро мактабда олиб борилаётган реконструкция, капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш, шунингдек, мактаб учун 20 ўринли турар жой биносини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Соҳага оид раҳбарлар иштирокида амалга оширилган ушбу ташрифда халқаро мактабнинг қурилиши бўйича олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш ҳамда қарор ижроси бўйича белгиланган вазифаларни ўз муддатида ва сифатли бажариш лозимлиги алоҳида таъкидланди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech