10 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,6 °C

Бизнес
21 Ноя  2019 1709

Давлат органларига хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш тақиқланди

“Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилади.

Қарорга кўра, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

2020 йил 1 февралдан бошлаб:

- экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади;

- фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори Молия вазирлиги томонидан келишилган ҳолда белгиланади;

- юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб қуввати 140 киловаттгача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига улаш жараёнида сарфланадиган харажатлар тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, давлат хизматлари марказларига техник шартларни олиш учун мурожаат қилиш билан бир вақтда берилган сўровномасига асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур маблағлар тадбиркорлик субъектлари фойдаланган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан бир йил давомида ундириб олинади.

2020 йил 1 январдан қуйидаги талаблар бекор қилинади:

- тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;

- давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишда тақдим этиш;

- мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech