19 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,8 °C

Бўш вақтда
13 Апр  2019 960

Доктор Смоль ва Профессор Перро усули

(Эдгар Аллан По)

18__ йилнинг кузида, Франциянинг энг жанубий департаментлари бўйлаб саёҳат қилаётганимда парижлик таниш шифокорлардан кўп эшитганим бир Maison de Sante (жиннихона)га ёки хусусий руҳий хасталар шифохонасига бир неча мил масофага яқин бориб қолдим. Илгари бундай муассасада ҳеч қачон бўлмаганман. Мен пайдо бўлган бу имкониятни қўлдан чиқармаслик учун йўлдошимга (бу жаноб билан бир неча кун олдин тасодифан танишиб қолгандик) кичиккина айланиш қилиб, шифохонани томоша қилишга бир неча соат вақт сарфлашни таклиф қилдим. Бироқ йўлдошим, биринчидан, жуда шошаётганини, иккинчидан, руҳий хасталар олдидаги табиий қўрқувини рўкач қилиб, рад жавобини берди. Шундай бўлсада у бундан тортиниб ўтирмаслигимни, боадаблик мулоҳазалари ўз қизиқишимни қондиришга халақит бермаслиги кераклигини айтди. Кейин секин юриши ва бугуноқ, узоғи билан эртага унга етиб олишим мумкинлигини қўшиб қўйди. Хайрлашаётганимизда миямга, эҳтимол шифохонага кириш қийиндир ва мени умуман, киритишмасалар ҳам керак, деган фикр келиб, бу борадаги ҳадигимни йўлдошим билан ўртоқлашдим. У, агар бош шифокор мсье Майарнинг шахсан ўзи мени танимаса ва қўлимда ҳеч қанақа тавсиянома бўлмаса, ҳақиқатан ҳам, қийинчилик пайдо бўлиши мумкин, дея жавоб берди. Нега деганда бундай хусусий шифохоналарда тартиб давлатникига қараганда анча қаттиқ. Айтишича, унинг ўзи мсье Майар билан бир неча йил муқаддам аллақаерда танишган экан. Йўлдошим мени ўша ергача кузатиб қўйишга ва у билан таништиришга ваъда берди. Лекин ўзи айтганидек, қўрқув ҳисси унга ушбу шифохона остонасидан ҳатлаб ичкарига киришга тўсқинлик қиларкан.

Мен унга миннатдорчилик билдирдим ва биз, катта йўлдан ўт босган дала йўлига қайрилдик. Ярим соат ҳам ўтмай, йўл тоғ этагидаги ўрмонда деярли бутунлай кўринмай қолди. Зах, зимистон ва қуюқ ўрмон ичида икки миляча масофа юрганимиздан сўнг ниҳоят, кўз ўнгимизда Maison de Sante намоён бўлди. Бу жуда антиқа усулда қурилган қасрга вақт ўз ҳукмини ўтказган бўлиб, хароб ва ташландиқ кўринар, тўғриси, бу ерда одамлар яшашига ишониш қийин эди. Ўша уйни кўрганим ҳамоноқ қўрқувдан қалтираб кетдим, отимни тўхтатдим ва ортимга қайтмоқчи ҳам бўлдим. Бироқ тезда қўрқоқлигимдан ўзим уялиб, йўлимда давом этдим.

Дарвоза олдига етиб келдик. Унинг қия очиқлигини ва ичкаридан бир кишининг мўралаб турганини кўрдим. Худди шу лаҳзада ҳалиги киши йўлдошимнинг исмини айтганча пешвоз чиқди ва шеригим билан самимий кўришгач, отдан тушишини сўради. Салобатли, келишган ва жисмонан бақувват бу киши мсье Майарнинг ўзи экан, унинг нозик ва эркин ҳаракатлари, ўзига хос виқорли, таъсир кўрсатувчи ва қадр-қимматга лиммо-лим юзи атрофдагиларда кучли таассурот уйғотарди.

Йўлдошим бизни таништириб, шифохонани томоша қилиш ниятида эканимни айтди ва мсье Майар менга иложи борича барча иззат-ҳурмат кўрсатилишини айтиб ишонтиргандан сўнг тезда у билан хайрлашди. Ўшандан бери уни қайтиб кўрганим йўқ.

У кетгач, бош шифокор мени кичкина лекин фавқулодда бежирим жиҳозланган меҳмонхонага бошлаб кирди, у ердаги ҳамма нарса: китоблар, суратлар, туваклардаги гуллар, мусиқа асбоблари ва бошқа буюмлар унинг нозик дидидан далолат берарди. Каминда олов гуриллаб ёнмоқда. Фортепьяно чалаётган ёш ва жуда гўзал аёл Беллинининг қайсидир бир операсидан ария ижро этаётган экан. Меҳмонни кўргач, куйлашдан тўхтади ва мафтункор навозиш билан салом берди. У паст товушда сўзлар ва бутун хатти-ҳаракатларида қандайдир итоаткорона юмшоқлик сезилиб турарди. Менга унинг чеҳрасида яширин ғам-андуҳ бордай туюлди, фавқулодда оппоқ юзи эса, менимча, ёқимтойликдан мосуво эмасди. Чуқур қайғуга чўмган бу аёл кўнглимда ҳурмат, қизиқиш ва мафтун бўлиш каби аралаш ҳисларини уйғотди.

Париждалигимда мсье Майарнинг шифохонаси, оддий тилда айтганда, «Эркинлик бериш усули» тамойилларига асосланганини эшитгандим. Жазолаш бу ерда мутлақо қўлланилмас экан, ва ҳатто, бошқалардан ажратиб қўйиш усулидан камдан-кам ҳолларда фойдаланишаркан. Мижозлар яширинча назорат остида бўлсалар-да, бир қарашда, анчагина эркинликларга эга бўлиб, кўпчилигига бино ичи ҳамда боғда соғлом кишилар киядиган оддий кийимларда сайр қилиб юришга рухсат этиларкан.

Буларнинг барини эсда сақлаган ҳолда ўзимни ниҳоятда эҳтиёткор тутардим, ёш хоним билан суҳбатлашаётганимда ҳам менда унинг ақл-ҳуши жойидалигига тўлиқ ишонч йўқ эди; ҳақиқатан ҳам, унинг кўзларида мени бунинг тескарисига қарийб ишонтирган қандайдир хавотир учқунини сездим. Шу боис ҳам ўйлашимча, ҳатто, жиннини ҳам хафа қилмайдиган ёки жаҳлини чиқармайдиган умумий мавзулар ва мулоҳазалар билан чекланардим. Айтган гапларимнинг барисига аёл ақл-ҳуши жойидаги кишилардек жавоб қайтарар, ўзининг билдирган фикрлари ҳам мутлақо соғлом одамларники каби эди. Бироқ жиннилик назарияси билан узоқ вақт шуғулланиш руҳий осойишталикнинг бу каби далил-исботларига ишончсизлик билан қарашни менга ўргатиб қўйган ва аёл билан бутун суҳбат чоғида ҳам бошидаги эҳтиёткорликни охирига қадар сақлаб қолдим.

Кўп ўтмай, махсус кийимдаги хизматкор қўлида патнис билан пайдо бўлди. Мен у келтирган мевалар, шароб ва газаклардан татиб кўра бошладим, хоним эса бу орада хонани тарк этди. Аёл кетгач, хўжайинга бурилиб, саволомуз тикилдим.

― Йўқ, ― деди у, ― йўқ, қўйсангиз-чи! У менинг қариндошим ― жияним, жуда ўқимишли аёл.

― О, минг бор узр! ― хитоб қилдим мен. ― Хатоим учун узр сўрайман, аммо ўзингиз ҳам буни қандай оқлаш мумкинлигини, шубҳасиз, яхши тушуниб турибсиз. Бу ердаги ишларни ажойиб тарзда йўлга қўйганингиз Парижда ҳам яхши маълум, мен шундай бўлиш эҳтимоли... мени тушунаётгандирсиз...

― Ҳа, албатта! Буни гапириш шарт эмас! Аксинча, мен сизга мақтовга лойиқ эҳтиёткорлигингиз учун миннатдорчилик билдиришим керак. Ёш кишиларда бундай эҳтиёткорликни жуда кам учратасиз ва мен сизга келувчиларнинг оқибатини ўйламай иш тутиши натижасида жуда ачинарли ҳолатларга олиб келган кўплаб мисолларни келтиришим мумкин. Мен жорий этган олдинги усул амалда бўлганида мижозларимизга қаерда истасалар, ўша ерда сайр қилиб юришларига имкон бериларди. Улар шифохонани кўришга келган ва ўйламасдан иш қиладиганларнинг айби билан тез-тез қаттиқ асабийлашиш ҳолатига тушиб қолардилар. Шу боис усулга қаттиқ чекловлар киритишга мажбур бўлдим, эндиликда ўзини бунга мос ҳолда тута олиши борасида шубҳа уйғотадиган бирорта киши шифохонага киритилмайди.

― Сиз жорий этган олдинги усул амалда бўлганида?! ― кетидан такрор сўрадим мен. ― Сизни тўғри тушундимми? Демак, мен олдин жуда кўп эшитган «Эркинлик бериш усули» ортиқ қўлланилмаётган экан-да?!

― Шундай, ― жавоб берди у. ― Мана, бир неча ҳафтадирки, биз ундан бутунлай воз кечишга қарор қилдик.

― Бўлиши мумкин эмас! Мени ҳайрон қолдиряпсиз!

― Биз, анъанавий усулларга қайтишни, ― деди хўрсиниб у, ― мутлақо зарур, деб ҳисобладик, сэр. «Эркинлик бериш усули» билан боғлиқ хавф сезиларли даражада ва унинг афзалликлари жуда бўрттириб юборилган. Жаноб, ишонтириб айтаманки, агар бу усул қаердадир синчиклаб текширилган бўлса ҳам фақатгина бизда амалга оширилган, холос. Мантиқан инсонийликка тўғри келадиган барча ишни қилдик ҳам. Афсуски, сиз бизда илгари бўлмагансиз, агар бўлганингизда ҳаммасини ўзингиз мулоҳаза қилиб кўрардингиз. Англашимча, «Эркинлик бериш усули» миридан-сиригача сизга таниш, шундайми?

― Унчалик эмас. Мендаги барча маълумотлар ― бошқа бировлардан эшитганларим, холос.

― Нимаям дердим, мухтасар қилиб айтганда, мен уни хасталарни аяйдиган ва барча нарсаларда уларга эркинлик берадиган усул, деб атаган бўлардим. Жиннининг калласига бошқача ўйлар келиб қолмаслиги учун у биз томонимиздан ҳеч қандай қарши ҳаракатга дучор бўлмасди. Биз уларга нафақат халақит бермасдик, балки уларнинг турли қилиқларига йўл қўйиб ҳам берардик. Янада барқарор тарзда соғайиш ҳолатларининг аксарияти шунга асосланган эди. Заифлашган ва хаста ақл-ҳуш учун, четдан қараганда бу беъманиликдай туюлса-да, шундан ишончлироқ усул йўқ. Масалан, бизда ўзини жўжалармиз, дейдиган мижозлар ҳам бўлган. Бунда даволаш шундан иборат бўлардики, биз, уларнинг бу хомхаёлларини ҳақиқат, дея қабул қилиб, маъқуллардик. Агар хаста кишининг ўзи буни етарли даражада чуқур англамаса, уқувсизлиги учун койиб берардик, худди шу асосда жўжалар нима еса ўша озуқа билан уни бутун ҳафта давомида боқардик. Бундай ҳолатда қандайдир бир ҳовуч дон ва майда тошлар чинакам мўъжиза яратарди.

― Наҳотки ҳаммаси ана шу эркинлик беришга қараб қолган бўлса?

― Албатта, йўқ. Бошқа оддий эрмаклар ҳам сезиларли рол ўйнаган ― мусиқа, рақслар, ҳар хил жисмоний машқлар, қарта ўйинлари, айрим китоблар ва ҳоказолар. Биз уларга ҳар бирининг бирон аъзоси касаллангандай ва ўзимизни айнан ўша хасталикни даволаётгандай қилиб кўрсатардик, «жинни» сўзи умуман ишлатилмасди. Бунда ҳар бир руҳий хастани қолганларнинг хатти-ҳаракатларини кузатишга мажбур қилиш ҳам жуда муҳим эди. Руҳий хаста кишига унинг ақл билан иш тутиши ва зеҳни жуда ўткирлигига таянаётганингизни билдириб қўя олсангиз бас ― у бутун вужуди билан сизга итоат этади. Худди шундай йўл тутиб, анчайин қимматга тушаётган назоратчиларнинг бутун бошли гуруҳини сақлаш заруратидан халос бўлдик.

― Бирорта ҳам жазо қўлланилмаганми?

― Бирорта ҳам.

― Мижозларингизни ҳеч қачон алоҳида сақламаганмисиз?

― Камдан-кам ҳолларда. Вақти-вақти билан уларнинг баъзиларида кутилмаганда талвасага тушиб қолиш ёки касалликнинг зўрайиши кузатилади, албатта. Ўшанда уларни бошқаларга юқумли таъсир кўрсатмаслиги учун алоҳида камерага жойлаштирардик ва бундайларни яқинларининг қўлига топшириш имконияти туғилгунга қадар ўша ерда сақлардик. Жазавага тушадиганлар бизда йўқ, уларни давлат шифохоналарига олиб кетишади.

― Демак, энди сизларда ҳаммаси янгича ва буни олдингисидан афзалроқ, деб ўйлайсиз, шундайми?

― Ҳа, шубҳасиз. Бу усулнинг заиф ва ҳатто, хавфли томонлари бор эди. Бахтимизга эндиликда Франциядаги барча руҳий хасталар шифохоналарида бунга барҳам берилган.

― Бироқ сўзларингиз, ― эътироз билдирдим мен, ― мени ғоят ҳайрон қолдиряпти. Негаки айни чоғда мамлакатда руҳий хасталикни даволашнинг ўзгача усули қўлланиладиган бошқа бирорта муассасаса йўқлигига менинг ишончим комил эди.

― Ҳали ёшсиз, дўстим, ― деди хўжайин, ― аммо шундай вақт келадики, дунёда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида бошқаларнинг сафсатасига таянмай, ўзингиз мустақил фикрлашни ўрганиб оласиз. Эшитганингизга ― умуман ишонманг, кўрганингизнинг эса ― ярмисига. Бизнинг руҳий хасталар шифохонамиз борасида ҳам шундай бўлган: қайсидир нодоннинг сизда янглиш фикр уйғотгани аниқ. Дарвоқе, тушдан кейин, йўл чарчоғини кўнгилдагидек чиқарганингиздан сўнг сизга бажонидил уйимизни кўрсатаман. Сўнг, уни амалда ўз кўзи билан кўрганларнинг фикрича, илгари ўйлаб топилганларидан сўзсиз самаралироқ бўлган усулимиз билан таништираман.

― Бу сизнинг шахсий усулингизми? ― сўрадим мен. ― Уни ўзингиз яратганмисиз?

― Ҳа, бундан фахрланаман ҳам. Ҳар ҳолда уни қайсидир маънода ўзимники, десам ҳам бўлади.

Хуллас, мсье Майар билан бир ёки икки соат суҳбат қурдик ва шу аснода у менга боғ ва гулхонани кўрсатди.

― Сизни мижозларимиз билан таништиришни сал кейинроққа суришга тўғри келади, ― деди у. ― Таъсирчан киши учун бундай томошаларда озми-кўпми юракни сиқувчи ҳолат бўлади. Менинг эса тушликдан олдин иштаҳангизни бўғиб қўйгим йўқ. Аммо, албатта, бирга овқатланамиз. Сизни бахмал қайладаги қизил карам кўшиб пиширилган а-ля Мену бузоқ гўшти билан сийламоқчиман ва кетидан бир қадаҳ кло-де-вужо ичасиз. Ана шунда асабингизни етарли даражада мустаҳкамлаган бўламиз.

Соат олтида овқатланишга таклиф қилишди: хўжайин мени жуда кўп, йигирма беш-ўттиз чоғли одам кутиб турган кенг ошхонага бошлаб кирди. Афтидан, йиғилганларнинг ҳаммаси аслзодалар ва жуда яхши тарбия кўрганлардан эди. Аммо тан олишим керакки, уларнинг эгнидаги кийимлар худди урфдан қолган илгариги серҳашам ва қўпол либосларни эслатар, ҳаддан зиёд дабдабали туюларди. Хонимлар диққатимни тортди: улар таклиф қилинганларнинг учдан икки қисмини ташкил қиларди. Айримларининг либосидан бугунги парижлик ҳозирда нозик дид ҳисобланган ҳолатга озгина бўлса-да, шама қилувчи бирон нима тополмаган бўларди. Ёши етмишлардан кам бўлмаган кўпгина хонимлар узук, билакузук, сирға каби қимматбаҳо тақинчоқларни роса тақиб олишган, кўкрак ва елкалари ҳаёсизларча очиқ. Яна бир нарсани сездим: фақат баъзи кийимларгина яхши тикилган, ҳар ҳолда уларнинг айримлари эгаларига лойиқ келарди. Атрофга боқиб, мсье Майар бизни кичик хонада таништирган гўзал қизни ҳам кўрдим. Аммо бир ҳолат мени ғоят таажжублантирди: қиз этаги қаппайган юбка, баланд пошнали пойабзал, кирлаган тўрли брюсселча бош кийим кийганди. У эса шунчалик катта эдики, бундан юзи кулгили даражада кичрайиб кўринарди. Уни илк бор кўрганимда чуқур қайғуда эди ва бу унга жуда ярашиб турганди.

Бир сўз билан айтганда, бу ерга йиғилганларнинг кийимларида қандайдир ғалатилик сезиларди. Ана ўша ғалатилик мени дарров яна дастлабки, «Эркинлик бериш усули» ҳақидаги фикрларимга қайтарди. Мсье Майар овқатланиб бўлгунимизча дастурхон атрофида ўтирганларнинг кимлигини айтмасликка қарор қилган кўринади, деб ўйладим. Кўринишидан, руҳий хасталар билан бирга овқатланиш менга завқ бағишламаслигидан ҳадиксираган, шекилли. Бироқ дарҳол парижлик дўстларимнинг жанубликлар ҳақидаги: «жуда ғалати одамлар ва ўзларининг эски тушунчаларига маҳкам ёпишиб оладилар», деган гапларини эсладим. Икки-уч киши билан суҳбатлашганимдан сўнг барча шубҳа-гумонларим жуда тез ва бутунлай тарқаб кетди.

Ошхонанинг ўзига келсак, жуда қулай, кенг ва катта бўлгани билан, менимча, шинамлик етишмасди. Ерга гилам тўшалмаган ― дарвоқе, Францияда кўпинча ерга гилам тўшамайдилар. Деразаларга пардалар осилмаган, уларга ўрнатилган эшиклар эса берк эди. Одатда дўконлар дарчаси эшикларида бўладиган ва бирининг устига иккинчиси кўндаланг қўйилган бақувват темир сурма лўкидонлар билан ёпилган. Тушунишимча, ошхона шифохона биносининг тўғрибурчакли қанотларидан бирига жойлашганди. Деразалар уч томонга қараган, эшик эса ― тўртинчи томонга; ҳаммаси бўлиб ўнтача дераза санадим.

Дастурхон жуда тўкин тузалган, турли-туман ноз-неъматлар қўйиб ташланган стол синиб кетай дерди. Бу ёввойиларча тўкин-сочинликни тасвирлашга тил ожиз. Гўшт шунчалик кўп эдики, нақ етти кунлик зиёфатга етарди. Ҳаётий ноз-неъматларнинг бундайин кўп ва бетийиқ исроф қилинишини умримда кўрмаганман. Аммо бунинг барида дид жуда кам кўзга ташланарди. Катта кумуш шамдонларга ўрнатилган сон-саноқсиз мум шамлар ёруғидан мўътадил ёруғликка ўрганган кўзларим қаттиқ қамашарди, улар столга ва хонанинг қўйиш мумкин бўлган барча жойларига қўйиб чиқилганди. Дастурхонга бир нечта чаққон хизматкор хизмат кўрсатмоқда, чекка бурчакдаги стол атрофида эса скрипка, флейта, тромбон ва барабан тутган етти-саккиз киши ўтирибди. Тановул чоғи бу азаматлар вақти-вақти билан мусиқа асбобларидан турли беўхшов овозлар чиқариб, роса асабимга тегдилар. Бу улар учун мусиқа эди, ва афтидан, дастурхон атрофидагиларга ҳам жуда манзур бўлаётганди, аммо менга эмас.

Умуман, кўз ўнгимда содир бўлаётган ҳодисаларда ғалатилик жуда кўп, деган фикр миямдан кетмай қолди. Аммо бошқа томондан дунёда ҳар хил, турлича ўйлайдиган, ўзлари яхши кўрган одатлару кўникмаларга эга одамларни учратиш мумкин. Бунинг устига ҳеч нарсадан ҳайратга тушмаётганимга етарлича саёҳат қилганим ёрдам бермоқда, ва мана, совуққонликни тўлиқ сақлаган ҳолда хўжайиннинг ўнг томонига ўтирдим, иштаҳам ҳам бўғилгани йўқ ва олдимда турган таомдан зўр иштаҳа билан тановул қила бошладим.

Дастурхон атрофида барча умумий мавзуларда жонли суҳбатлашарди. Хонимлар, кутилганидек, тинмай жаврардилар. Кўп ўтмай, зиёфат аҳлининг деярли бутунлай ўқимишли кишилардан ташкил топгани ва хўжайиннинг ўзи эса беҳисоб кулгили латифалар кони эканига амин бўлдим. Афтидан, у руҳий хасталар уйи директори сифатидаги вазифалари ҳақида суҳбатлашишни ёқтирарди, ва умуман, мени шу қадар ҳайрон қолдирган нарса ― дастурхон атрофида ўтирганларнинг барчаси жиннилар ҳақида зўр иштиёқ билан мулоҳаза юритардилар. Турли мижозларнинг ҳар хил ғалати қилиқлари ҳақидаги қизиқарли воқеалар бирин-кетин сўзлана бошланди.

― Бу ерда, ― деди ўнг томонимда ўтирган пакана бақалоқ, ― ўзини чойнакман, дейдиган бир нусха бўларди. Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, жинниларнинг миясига кўпинча, айнан, шу бемаъни ғоя ўрнашиб қолади. Францияда бундай чойнак-одамсиз ҳеч бўлмаганда битта жиннихонани топишнинг ўзи даргумон. Хуллас, ўша одам ўзини Англияда ишлаб чиқарилган чойнак, деб ўйлар ва ҳар куни эрталаб ўзини буғунинг юмшоқ териси ҳамда бўр билан яхшилаб тозаларди.

― Яна-чи, ― гапни илиб кетди қарши томонда ўтирган баланд бўйли киши, ― яқингинада бу ерда ўзини эшакман, деб миясига қуйиб олган биттаси бўларди. Шундай дея кўчма маънода гапирганда у ҳақ эди ва буни тан олмай илож йўқ. Жуда тиниб-тинчимаган жонсарак мижоз эди ва уни жиловда тутиб туриш учун қанча меҳнат сарфлаганмиз! Бир сафар қушқўнмасдан ўзгасини ейишни истамай қолса, денг; аммо биз ҳам фақат қушқўнмасдан бошқасини емайсан, деб туриб олиб, уни бу хомхаёлдан тезда халос этдик. Бунинг устига у ҳамиша мана бундай қилиб... мана бундай... тепиб қоларди.

― Мсье де Кок, марҳамат қилиб, ўзингизни одобли тутсангиз, ― дея унинг гапини бўлди ёнида ўтирган қари бир кампир. ― Эҳтиёт бўлинг, илтимос, оёқларингизни типирлатманг. Кимхоб кўйлагимни ифлос қилиб қўйдингиз-ку! Фикрингизни бундай кўргазмали намойиш этишингиз шунчалик шартмиди? Дўстимиз буни кўрсатмасангиз ҳам осонгина тушунарди. Чин сўзим, ўзингиз ҳам худди эшакка ўхшаб кетдингиз. Сизда бу жуда табиий чиқди, қойил!

― Минг бор узр, хоним! ― жавоб берди мсье де Кок. Сўнгги икки жумла унга мойдай ёқиб кетди. ― Минг бор узр! Зиғирча бўлсаям сизга ноқулайлик туғдириш ниятида эмасдим! Лаплас хоним, камина мсье де Кок соғлигингиз учун қадаҳ кўтариш бахтига муяссар бўлмоқдаман!

Шундай сўзлар билан мсье де Кок чуқур таъзим қилди, ғоят такаллуф ила ўз бармоқ учларини ўпди ва мадмуазель Лаплас билан қадаҳ уриштирди.

― Рухсат этинг, дўстим, ― деди мсье Майар менга мурожаат қилиб, ― сизга а-ля авлиё Мену бузоқ гўштидан бир бўлагини таклиф этсам, у қойилмақом қилиб пиширилган, бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз!

Шу лаҳзада уч нафар барваста хизматкор узоқ уннаб дастурхонга улкан таомни, тўғрироғи, мен дастлаб ўйлаганимдек, устига қўрқинчли, катта, даҳшатли бир нарса қўйилган катта патнисни, жойлаштиришга муваффақ бўлдилар. Дарвоқе, яқинроқдан қараб, унинг бор-йўғи бузоқча эканини кўрдим: у бутунлигича қовурилган ва тиз чўкиб турарди, оғзига эса олма тиқилган. Одатда, Англияда қуённи шундай қовурадилар.

― Бағоят миннатдорман, ташвишланманг, ― жавоб бердим мен. ― Очиғини айтсам, мен бузоқ гўштига унчалик ишқибоз эмасман, ҳалиги а-ля авлиё... номини нима дедингиз? Буни ошқозоним кўтара олмаса керак. Рухсатингиз билан қуён гўштидан татиб кўрсам, фақат олдин ликопчамни алмаштириб олай.

Дастурхонда, англашимча, французча услубда пиширилган хонаки қуён гўшти солинган яна бир нечта кичикроқ идишлар ҳам бўлиб, кўриниши оғизнинг сувини келтирарди, ишонаверинг.

― Пьер, ― қичқирди хўжайин, ― жанобнинг ликопчасини алмаштириб, унга анави «au chat» (мушукка ўхшаган ― французча) қуён оёғини солиб беринг.

― Анави... нимайди?

― Анави «au chat» қуён оёғи.

― Ҳм, бағоят миннатдорман, овора бўлманг. Мен, яхшиси, дудланган гўштдан татиб кўра қолай. «Бу қишлоқиларнинг сенга қандай овқат беришаётганини аниқ билиб бўлмайди, ― дея ўйладим ичимда. ― Бағоят миннатдорман, менинг ҳеч қанақа мушукка ўхшатиб пиширилган қуён гўштигаям ёки қуёнга ўхшатиб пиширилган мушук гўштигаям кўзим учиб тургани йўқ».

― Яна-чи, ― узилиб қолай, деган суҳбат мавзусини давом эттирди дастурхон охирида ўтирган ва юзи мурдаларникидай оқ бир киши, ― мен, бир вақтлар биздаги бошқа тентаклардан фарқли ўлароқ ўзини зўр бериб Кордова пишлоғиман, дейдиган мижоз ҳам бўлганини эслайман. У қўлига пичоқ олганча ўртоқларига оёғидан бир бўлак кесиб олишларини сўраб хиралик қилаверарди.

― Ҳа, шубҳасиз, у ғирт жинни эди, ― гапга аралашди яна кимдир, ― лекин барибир уни, фақат манави меҳмон жанобдан ташқари, ҳар биримизга яхши таниш нусха билан тенглаштириб бўлмайди. Мен ўзини шампан шишасиман, дейдиган кишини назарда тутяпман. Унинг баъзида тиқини пақиллаб отилиб, «ш-ш-ш»лаб қоларди. Мана бундай қилиб…

Кейин гапираётган одам ўнг қўлининг бош бармоғини чап лунжига тиқиб (назаримда, бу тарбиясизликнинг юқори чўққиси эди), уни шиша тиқини очилганга ўхшаган овозда чиқарди. Сўнг кўпираётган шампан виносига тақлид қилганча усталик билан тилини тишларига босиб, кескин ва бир неча дақиқа тўхтамасдан «ш-ш-шш»лаган товуш чиқариб турди. Бу қилиқнинг мсье Майарга умуман ёқмаганини аниқ кўрдим, аммо у лом-мим демади. Шу онда катта парик таққан ниҳоятда ориқ, жуда пакана киши суҳбатга қўшилди.

― Бу ерда яна бир бефаҳм бўларди, ― деди у, ― у ўзини қурбақаман, деб ўйларди. Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, у қурбақага сираям ўхшамасди. Афсус уни кўрмагансиз-да, сэр, ― гапида давом этди ориқ киши, менга юзланиб, ― унинг бу борада қандай табиийликка эришганини кўриб, чинакам лаззат олган бўлардингиз. Агар сэр, ўша одам қурбақа бўлмаганида ҳам бунга фақат ўз афсусимни билдирган бўлардим. Оҳ, унинг вақ-вақлаши-ю, қуриллашлари ― мана бундай қилиб: қур-р-р-қур-р-р, вақ-вақ-вақ! Дунёдаги энг чиройли овоз! Си-бемоль, вассалом! Баъзида бир-икки стакан вино отиб олгач, тирсакларини мана бундай қилиб ― столга қўйиб! мана бундай қилиб ― оғзи четларини қулоқларигача тортиб! мана бундай қилиб ― кўзларини айлантириб! ва ақлга сиғмас тезликда пирпиратардики, хуллас сэр, бу ҳақда журъат қилиб, очиқчасига айтаманки, ўша одамнинг бу истеъдодидан ҳайратга тушиб, донг қотиб қолган бўлардингиз!

― Бунга заррача ҳам шубҳам қилмайман, ― жавоб бердим мен.

― Яна бу ерда, ― дастурхон атрофида ўтирганлардан бири гап ташлади, ― ўзини бир чеким тамакиман, деб ўйлайдиган ёқимтойгина шумтака бўларди. Бечора ўзини сира бош ва кўрсаткич бармоғида тута олмай қийналарди.

― Бу ерда бир пайтлар яна Жюль Дезульер исмли кимса бўларди. Унинг чиндан ҳам жуда ғалати қилиқлари бор эди: у ўзини қовоқман, деб ўйларди. Доим пирогга ўзини қўшиб пиширишини илтимос қилиб, ошпаз аёлнинг жонига теккани-теккан эди. Унинг эса бундан ҳамиша жаҳли чиқиб, рад этарди. Ўзимнинг ҳам бунга ишончим комил, қовоқли а-ля Дезульер пироги унақа иштаҳани очувчи таом бўлмасди.

― Таажжуб! ― хитоб қилдим мен ва мсье Майарга саволомуз қарадим.

― Хо-хо-хо! ― қотиб-қотиб кула бошлади бу жаноб. ― Хо-хо-хо! Ҳе-ҳе-ҳе! Ҳи-ҳи-ҳи! Ҳу-ҳу-ҳу! Чиндан ҳам ажойиб! Ҳайрон бўлманг, бу дўстимизнинг ўзи шунақа қочирма гапларга уста, шумтакалигига боради-да, гапларини жиддий қабул қилманг!

― Яна бу ерда, ― дастурхоннинг нариги четидан овоз эшитилди, ― ўзига хос буюк шахс бўлган бир тасқара бўларди. Муҳаббат ақлдан оздирган бу одам каллам иккита дерди: бири ― Цицеронники, иккинчиси ― қўшалоқ эмиш, яъни бошининг ўртасидан оғзигача ― Демосфенники, иягигача бўлган пастки қисми ― лорд Брумники! Балки у адашгандир, бироқ гапга шу даражада уста эдики, исталган кишини ўзининг ҳақлигига ишонтира оларди. Кўпчилик олдида нутқ сўзлашга қаттиқ ҳавасманд эди. Бу иштиёқ, завқ шунчалик кучли ва бошқариб бўлмас эдики, баъзида стол устига мана бундай қилиб чиқиб олиб, ва...

Худди шу пайти, афтидан, гапираётган кишининг ошналаридан бири, унинг елкасига қўлини қўйиб, қулоғига ниманидир шивирлади. Бунисиям дарҳол нутқини тўхтатиб, стулга ўтирди.

― Яна бу ерда, ― деди баланд овозда олдинги нотиқнинг гапини қулоғига шивирлаш билан бўлиб қўйган киши. ― Бир Буллар-пилдироқ дегани бўларди. Уни бундай деганимнинг боиси, миясига, айнан, мен пилдироқман, деган ғоят қизиқ ва унчалик бемаъни туюлмайдиган фикр ўрнашиб қолганди. Унинг нима қилишини кўрганингизда кулавериб ўлиб қолардингиз. У битта товонида тўхтамасдан нақ бир соат айлана оларди ― мана бундай қилиб...

Аммо у нутқ сўзлашдан тўхтатган оғайниси бу сафар унинг ўзига худди шундай хизмат кўрсатди.

― Шунга нима бўпти? ― бор овозда қичқирди қари хоним, ― сиз айтаётган мсье Буллар нари борса бир ақлдан озган киши, холос, бунинг устига ғирт аҳмоқ жинни эди. Пилдироқ-одам! Ижозатингиз билан сўрасам, шунақасиям бўларканми? Бўлмағур гап! Мана, Жуаёз хонимни олайлик ― унинг анча ақллироқ бўлгани ўзингизга ҳам яхши маълум. Ўша аёлнинг ҳам ўзига хос бемаъни орзуси бор эди. Бироқ ўзини таниганларнинг барчасига хурсандчилик бахш этарди. Узоқ мушоҳадалардан сўнг қандайдир тасодиф билан ёш хўрозга айланиб қолганини тушунди ва ўзини шунга мос тута бошлади. У қанотларини жуда-жуда чиройли қоқарди ― мана бундай, мана бундай қилиб! Унинг қу-қу-қуқ-қуу! Қу-қу-қуқ-қуу! Қу-қу-қуқ-қу-у-у-у! деб қичқириши-чи ― жуда қойилмақом чиқарди!

― Жуаёз хоним, илтимос, одоб сақлаб ўтирсангиз! ― гапга аралашди қаттиқ жаҳли чиққан хўжайин. ― Ё хонимларга хос одоб сақлаб ўтиринг, ё ҳозироқ дастурхондан туриб кетинг! Танланг!

Хоним (Жуаёз хонимни тасвирлаган кампирнинг ўзини шундай ном билан чақиришганини эшитиб, чексиз ҳайратга тушдим) ўзига берилган танбеҳдан қаттиқ хижолат тортиб, бутунлай қизариб кетди. Бошини қуйи солиб, бирортаям товуш чиқармади. Аммо бошқаси, ундан анча ёш хоним суҳбатни давом эттирди. Бу менинг эски танишим ― кичкина меҳмонхонада кўрган гўзал қиз эди.

― О, Жуаёз хоним ростдан ҳам эси паст аёл эди! ― хитоб қилди у. ― Бироқ Эжени Сальсафеттнинг дунёшқарашларида соғлом ақл сезилиб турарди. У ёш, шунчалик гўзал ва шунчалик камтар аёл эдики, оддий кийиниш услубини одобсизлик, деб билар ва уни ўзгартириб, кўйлакнинг ичида эмас, балки ташқарисида бўлишни истарди. Аслида бунинг сира қийин жойи йўқ. Сиз фақат мана бундай қилишингиз... кейин мана бундай... бундай... кейин бундай...

― Вой, Худойим-эй! Сальсафет хоним! ― бирваракайига ўнлаб овозлар эшитилди. ― Нима қилмоқчисиз? Бас қилинг! Буни ўзимиз ҳам яхши биламиз! Бас! Етар!

Кейин шу ондаёқ бир неча киши ўрнидан туриб, Сальсафетт хонимни тўхтатишга шошилди. Йўқса, у бошқалар кўз ўнгида мутлақо кийимсиз пайдо бўларди. Лекин ана шу саҳнага якун ясагандек, шифохонанинг қаеридандир марказий қисмидан қулоқларни тешиб юборгудай қичқириқлар эшитилди.

Бу қичқириқлар асабимга оғир таъсир қилди, аммо ўзимдан ҳам кўра, дастурхон атрофида ўтирганларга чин дилдан раҳмим келиб кетди: умрим бино бўлиб соғлом одамларнинг бунақа қўрқувга тушишганини кўрмагандим. Барчасининг ранги докадай оқариб кетди, ўтирган стулларига ғужанак бўлиб олиб, товуш яна такрорланиб қолмасмикан, дея қўрқувдан дағ-дағ титраб, тишлари такилларди. Қичқириқ яна такрорланди ― бу сафар олдингисидан ҳам кучлироқ ва яқинроқдан эшитилгандек туюлди, кейин учинчи бор ― жуда қаттиқ, сўнг тўртинчи марта ― аммо бу сафар товуш анча паст эшитилди. Шовқиннинг тўхтаганига шубҳа қолмагач, дастурхон атрофида ўтирганларнинг кайфияти бирдан кўтарилди, барча яна жонланиб, тағин қизиқарли воқеалардан сўзлашга киришиб кетдилар. Худди шу пайти бояги ғала-ғовур ва саросиманинг сабабини билиш учун таваккал қилдим.

― Мутлақо арзимас гап! ― деди мсье Майар. ― Бундай ҳодисаларга аллақачон кўникиб кетганмиз ва уларга эътибор бермаймиз. Вақти-вақти билан жиннилар ув солиб қоладилар: худди кечаси итлар галаси увлагандек, биттаси бошласа, бошқаси қўшилади. Баъзида ана шу чинқириқлар концертида озодликка чиқишга уриниш ҳам кузатилади; бундай ҳолатларда қайсидир маънода хавф, албатта, бўлади.

― Қаровингизда нечта хаста бор?

― Айни дамда ўнтадан ошмайди.

― Аксарият кўпчилиги аёллар бўлса керак?

― О, йўқ, фақат эркаклар. Бунинг устига бақувват эркаклар, мен сизга айтсам.

― Шунақа денг? Менинг ҳамиша жинниларнинг кўпчилиги ― аёллар эканига ишончим комил эди.

― Одатда шундай, бироқ ҳаммавақт ҳам эмас. Яқингинада бу ерда йигирма еттитага яқин мижоз бўлиб, шундан ўн саккизтаси аёллар эди. Бироқ кўриб турганингиздек вазият кескин ўзгарди.

― Ҳа, кўриб турганингиздек, кескин ўзгарди, ― суҳбатга аралашди шатта отиб Лаплас хонимнинг кимхоб кўйлагини ифлос қилган жаноб.

― Ҳа, кўриб турганингиздек, кескин ўзгарди, ― дея бир овоздан такрорлашди йиғилганларнинг бари.

― Ҳой, қани, дарров оғизларингни юминглар-чи! ― қичқирди хўжайин кучли ғазаб билан.

Шу заҳотиёқ ҳаммаёқ сув қуйгандан жимжит бўлиб қолди ва бу бир дақиқага яқин давом этди. Хонимлардан бири мсье Майарнинг талабини тўғридан-тўғри тушуниб, итоаткорона оғзини қўли билан бекитиб олди ва тушлик охиригача шундай ўтирди.

― Анави хоним, ― дедим мен, мсье Майарга энгашиб шиврладим, ― боягина гапира туриб, хўроздай қичқирган ёқимтой хоним... ҳалиги... мутлақо беозор бўлса кераг-а?..

― Беозор?! ― хитоб қилди у росманасига ҳайратланиб. ― Яъни қанақасига? Нимани назарда тутяпсиз?

― Сал мазаси йўқдай, ― дедим мен, бошимга хиёл тегиниб қўйиб. ― Менимча, хоним жуда унчалик... хавфли касал эмас, тўғрими?

― Вой Худойим-эй! Бу билан нима демоқчисиз? Бу леди ― Жуаёз хоним, менинг яқин дўстим ва эски қадрдоним; у ҳам мен каби мутлақо соппа-соғ. Тўғри, унинг баъзи майда ғалати одатлари бор, аммо ўзингиз яхши тушунасиз... қари аёл... барча қари аёллар бундан у ёки бу маънода азият чекишади.

― Бу ўз-ўзидан тушунарли, ― деди мен, ― бу тушунарли, албатта... Қолган хонимлар ва жаноблар...

― Менинг дўстларим ва ёрдамчиларим, ― якун ясади мсье Майар ва кеккайганча қаддини ростлади, ― менинг энг яқин дўстларим ва ҳамкасбларим.

― Қанақасига? Ҳаммаси-я? ― сўрадим мен. ― Аёллар ҳамми?

― Албатта-да! Уларсиз эплолмаймиз. Дунёда ҳеч ким улар каби жинниларни яхши парвариш қила олмайди. Аёлларнинг, агар билсангиз, ўз усуллари бор: бу ёнувчи кўзлар, худди илоннинг сеҳрловчи нигоҳи каби, ажойиб таъсир кўрсатади.

― Ҳа, бунга шубҳа йўқ, ― тасдиқладим мен, ― бу тўғри! Аммо буларнинг барисида қандайдир ғалатилик бордай, аҳволи сал яхшимасдай, тўғрими? Ўзингизга ҳам шундай туюлмаяптими?

― Ғалатилик? Сал яхшимасдай? Сизга чиндан ҳам шундай туюляптими? Шубҳасиз, биласизми, биз жанубликлар ўзимизни чеклашни ёқтирмаймиз... кўнглимиз тусаган ишни қиламиз, ҳаётдан лаззатланамиз... ва ҳоказо...

― Ҳа, албатта, ― тасдиқладим мен, ― албатта!

― Кейин балки, биласизми, кло-де-вужо ҳам жуда ўткирлик қилаётган бўлиши мумкин... гапимни тушундингиз, шундай эмасми?

― Ҳа, албатта, ― тасдиқладим мен, ― албатта! Айтганча, мсье, сиз машҳур «Эркинлик бериш усули» ўрнига жорий этилган янги усул жуда қаттиқлиги билан ажралиб туради, дегандай бўлувдингиз. Сизни тўғри тушунибманми?

― Мутлақо бундай эмас. Тўғри, биздаги тартиб қаттиқ ва шундай бўлишиям керак. Бироқ биздаги парваришни (мен тиббий парваришни назарда тутяпман) хаста кишига бошқа ҳеч бир усул бера олмайди.

― Ўша янги усулни ўзингиз яратганмисиз?

― Унчалик эмас. Маълум маънода унинг муаллифи доктор Смоль ҳисобланиши мумкин, у ҳақда, шубҳасиз, эшитгансиз, албатта; бошқа томондан, усулимдаги баъзи нарсаларни таниқли профессор Перродан олганимдан бахтиёрман. У билан, агар адашмасам, ўзингиз ҳам шахсан танишсиз.

― Шу пайтга қадар бу жанобларнинг номлариниям эшитмаганимдан уялиб кетяпман.

― Вой, Худойим-эй! ― хитоб қилди хўжайин, стулини кескин ортга сурди ва қўлларини осмонга чўзди. ― Йўқ, мен сал нотўғри эшитдим чоғи! Сиз чиндан ҳам машҳур доктор Смоль ва таниқли профессор Перро ҳақида ҳеч қачон эшитмаганман, демоқчимисиз?!

― Билимсизлигимни тан олишга мажбурман, ― жавоб бердим мен, ― бироқ ҳақиқат ҳаммасидан устун. Аммо қанийди, ер ёрилса-ю, кириб кетсам. Буюклигига шубҳа бўлмаган бу шахсларнинг ишлари ҳақида ҳеч нима билмаслик ― қандай шармандалик! Уларнинг ишларини топиб, албатта, қунт билан ўрганиб чиқаман. Мсье Майар, сўзларингиздан кейин, ишонаверинг, чиндан ҳам ўзимдан жуда уялиб кетяпман!

Аслида ҳам шундай эди.

― Бу гапларни қўяйлик, ёш дўстим, ― деди меҳрибонлик билан мсье Майар қўлимни сиқиб. ― Келинг, бир қадаҳдан сотерн ичайлик.

Ичдик. Дастурхон атрофида ўтирганлар ҳам биздан ўрнак олишиб, ичдилар. Кейин яна бир марта, яна ва яна, у ёғи кетди... Улар тинмай алжирар, бир-бири билан ҳазиллашишар, кулишар, бир жиннилик кетидан иккинчисини қилишарди; скрипкалар ғижирлар, барабан гумбурлар, худди мисдан ясалган Фаларида буқалари каби тромбонлар ўкирарди. Ичилган шароб бошларни сархуш қила бошлагач, саҳна тобора даҳшатли кўриниш олиб, қандайдир жинлар базмига ўхшаб кетди. Бу орада биз ― мсье Майар ва мен ― сотерн ва вужо қуйилган қадаҳларга энгашиб олганча, суҳбатимизни деярли бақириб, давом эттирардик. Оддий товушда айтилган гап, худди Ниагара шаршараси тагидаги балиқ чиқарган овоз каби, суҳбатдошнинг қулоғига етиб бормасди.

― Сэр, ― мсье Майарнинг қулоғига қичқирдим, ― сэр, тушликдан олдин «Эркинлик бериш усули» билан боғлиқ хавф ҳақида гапиргандингиз. Ўшанда нимани назарда тутгандингиз?

― Ҳа, ― жавоб берди у, ― вақти-вақти билан бизда ғоят хавфли вазиятлар пайдо бўлиб туради. Ақлдан озганларнинг барча инжиқликларини олдиндан билиб олишнинг иложи йўқ. Шахсан менинг, доктор Смоль ва профессор Перроларнинг фикримизча, уларни ҳеч қачон қаровсиз қолдирмаслик керак. Сиз у ёки бу вақт мобайнида руҳий хастага «эркинлик бериш»ингиз мумкин, аммо у охир-оқибат, барибир жазавага тушишга мойил. Бошқа томондан, у айёрликка шу даражада устаки, бу ҳатто, мақолга ҳам айланган. Агар руҳий хаста бирор ишни қилмоқчи бўлса, буни жуда усталик ва ақлга сиғмас топқирлик билан яширади. Ўзини соғлом кўрсатишдаги устомонлиги эса инсон онгини ўрганаётган файласуфлар олдига энг сирли муаммолардан бирини кўндаланг қўяди. Жинни сизга мутлақо соғлом кўрина бошладими ― билингки, унга тийдириш кўйлагини кийдираверишнинг айни вақти.

― Аммо ҳурматли сэр, сиз айтган ўша хавф... сизнинг тажрибангиз... ва шифохона бошқаруви тажрибасидан келиб чиқиб... руҳий хасталарга эркинлик бериш қалтис иш, деб ҳисоблаш учун аниқ асосларингиз борми?

― Бу ердами... менинг тажрибамдан келиб чиқиб дейсизми?.. Нима десам экан, шунақа шекилли. Масалан, бу ерда яқингинада бошқаларига сира ўхшамайдиган бир ҳодиса рўй берди. Ўзингизга маълум, ўшанда «Эркинлик бериш усули» амалда эди ва мижозлар кўнгилларига келганини қилишарди. Улар ўзини жуда яхши, ҳайрон қоларли даражада яхши тутардилар! Исталган соғлом фикрли киши, субъектларнинг ўзини фавқулодда яхши тутишларидан ҳам бунда қандайдир ёвуз ният етила бошлаётганини тушуниб олган бўларди. Хуллас, бир куни эрталаб назоратчилар оёқ-қўллари боғланган ва махсус камерага қамалган ҳолда ўзларига келишди. Гўёки энди улар руҳий хаста-ю, ҳақиқий жиннилар эса ― назоратчилардай уларни қўриқлай бошладилар.

― Бўлиши мумкин эмас! Бунақа бемаъни гапни умримда эшитмаганман!

― Бу бор гап! Ҳаммаси нима учундир янги бошқарув усулини кашф қилгани ва унинг аввалгиларидан анча афзал экани миясига ўрнашиб қолган бир жиннини, деб бўлган; бу усулга кўра, жиннилар бошқарувга чиқадилар. Эҳтимол, у ўз усулини амалда синаб кўрмоқчи бўлгандир. Хуллас, барча мижозларни ўзига қўшилишга ва мавжуд ҳокимиятни тўнтаришга қаратилган фитнада иштирок этишга кўндирган.

― Хўш, у чиндан ҳам ниятига эришдими?

― Ҳеч бир шубҳасиз. Кўп ўтмай, назоратчилар ўзлари назоратда ушлаб турганлар билан ўрин алмашдилар. Бундан ташқари, илгари бемалол озодликда юришган жиннилар назоратчиларни дарҳол махсус камерага тиқишган, ва афсуски, уларга сурбетларча муомалада бўлишган.

― Аммо қайта тўнтариш ҳам ўзини куттириб қўймаган бўлса керак? Негаки, бундай вазиятнинг кўпга бормаслиги аниқ. Шифохонани кўргани қўшни қишлоқлардан келган деҳқонлар, бу ерга келувчилар ― ахир улар ҳаммани оёққа турғазишган бўлишарди!

― Ана шу ерда янглишяпсиз. Ғалаён кўтарганлар раҳбари жуда айёр эди. Келувчиларнинг ичкарига киришини бутунлай тақиқлаб қўйди. Фақат, кўринишидан ундан хавфсирамаса ҳам бўладиган бир ёш жанобдан ташқари. Унга уйни кўрсатиш ва шунчаки, уни жиндай лақиллатиш учун қабул қилди. Хуллас, роса лақиллатгач, дарвозагача кузатиб қўйди!

― Хўш, ўша жинни ўз бошқарувини қанча вақт сақлаб қолган?

― О, анчагина вақт, бирор ойча, қанчалигини аниқ айта олмайман. Жиннилар учун эса ўша кунлар худди байрамдек эди, гапимга ишонаверинг! Улар ўзларининг барча эски-туски жандаларини ташлаб, уйдан топишган барча яхши кийимларни кийиб, тақинчоқларни тақиб бемалол юришарди. Шифохона ертўласида шароб роса кўп эди. Шароб ичиш масаласида эса жиннилар чинакам иблисларга айланишади. Мен сизга айтсам, улар жуда ялло қилиб яшашган.

― Даволаш-чи? Исёнчилар етакчиси даволашнинг қандай усулини қўллаган?

― Нима дейишим мумкин, жиннига, юқорида айтганимдек, аҳмоқ бўлиш шарт эмас. Аммо унинг даволаш усули олдингисидан омадлироқ эканига ишончим комил. Чиндан ҳам бу ажойиб усул ― содда, аниқ ва бехавотир, турган-битгани ажойиб! Бу...

Худди шу дамда хўжайиннинг гапини чинқириқларнинг янги портлаши бўлди ва ўтирганларнинг барида саросима уйғотди. Бироқ афтидан, энди чинқираётганлар жуда тез яқинлашиб келаётган эдилар.

― Э Худо! ― хитоб қилдим мен. ― Ақлдан озганлар озодликка чиқишибди, бу кундай равшан!

― Сиз ҳақсиз, деб қўрқаман, ― гапимга қўшилди мсье Майар, даҳшатдан оқариб кетганча.

Шу сўзларни айтиб улгурмаган ҳам эдики, деразалар тагида қаттиқ бақир-чақир ва лаънатлашлар эшитилди; ташқаридаги қандайдир одамлар ичкарига кирмоқчи бўлаётганди. Эшикни эса нима биландир, афтидан, катта болға бўлса керак, уришмоқда эдилар, дераза эшикларини эса кимдир очмоқчи ва қўпормоқчи бўлиб, қаттиқ силкитарди.

Даҳшатли тартибсизлик бошланди. Мсье Майар эса мени ҳайрон қолдирганча, лип этиб буфет ортига ўзини урди. Ундан ўзини йўқотиб қўйишини сира кутмагандим. Мусиқачилар эса чорак соатки ғирт маст бўлганлари учун ўз ишлари билан шуғуллана олишмаётганди. Ҳаммаси бирдан оёққа туриб, асбобларига ташландилар ва стол устига чиқиб олиб, «Янки Дудл»га чала бошладилар. Улар ушбу мусиқани гарчи аниқ-таниқ чалмаётган бўлишса-да, ушбу шовқин-сурон ичида буни ғайритабиий кўтаринкилик билан ижро эта бошладилар.

Худди шу пайт дастурхон тузалган асосий стол устига ҳалигина уни зўрға тўхтатиб қолишган киши шиша-ю, қадаҳларни қулатганча сакраб чиқди. Кейин қулай туриб олди-да, ваъз айта бошлади, агар буни эшитишнинг озгинагина имконияти бўлганида эди, жуда зўр нутқ бўлган бўларди. Худди ўша дақиқада пилдироқларга ишқи тушган жаноб, қўлларини ён томонга тўғри бурчак остида чўзганча битмас-туганмас куч билан, худди пилдироқнинг ўзи каби, йўлида учраганларни уриб-йиқитиб, хонада чирпирак бўлиб айлана бошлади. Кейин шампан шишасининг оғзи очилиб, пишиллаб кўпирган товуши эшитилди. Қарасам, бу товуш ўзи тушлик чоғи бу ҳақда гапирган кишидан келаётган экан. Сўнг гўёки ҳар бир чиқараётган товуши ўзини қутқариб қоладигандай, қурбақа-одам бор кучи билан қуриллай, вақ-вақлай бошлади. Кейин бунга эшакнинг тўхтамасдан қаттиқ ҳанграши қўшилди. Қари танишим, Жуаёз хонимга жуда раҳмим келди, у шунчалик кучли руҳий ларзага тушгандики, камин ёнидаги бурчакда туриб олганча, хўрозга ўхшаб, бетўхтов: «Қу-қу-қуқ-қуу! Қу-қу-қуқ-қуу! Қу-қу-қуқ-қу-у-у-у!»ларди. 

Шундай қилиб, ҳодисалар ривожи ўзининг энг юқори нуқтасига етганда ушбу драмага якун ясалди. Негаки, ташқаридан бўлаётган босимга бақир-чақир, увлаш, хўрозга ўхшаб қичқиришдан бошқа ҳеч қандай қаршилик кўрсатилмагани боис барча ўнта дераза ҳам деярли бир вақтнинг ўзида учиб кетди. Ўшанда уларнинг кўзларида ўзим кузатган тонг қолиш ва даҳшатга тушиш ифодаларини ҳеч қачон унута олмасам керак. Олдинига мен уларни шимпанзе, орангутанг ва Яхши Умид бурунидан келтирилган улкан ва қоп-қора бабуинлар, деб ўйлаган қандайдир махлуқларнинг бутун бошли лашкари деразадан ичкарига қараб сакради. Кейин бизга аралашиб, даҳшатли чинқирганча чанг солиб, уриб-тепа бошладилар.

 Ўзим ҳам даҳшатли зарбадан бенасиб қолмадим ва диван тагига кириб олиб, қимирламай ётавердим. Худди шу аҳволда бир соатдан кўпроқ вақт хонада содир бўлаётган ҳодисаларга қулоқ тутганча, ушбу фожианинг яхшилик билан тугашини кутиб ётдим. Маълум бўлишича, бошқа ақлдан озганларни бош кўтаришга кўндирган руҳий хаста тарихини баён қилган мсье Майар менга ўзининг шахсий «жасорати» ҳақида гапириб берган экан. Бундан икки-уч йил илгари бу жаноб, чиндан ҳам, ана шу шифохона бош шифокори бўлган. Аммо ўзи ҳам ақлдан озиб, шифохона мижозига айланибди. Мени у билан таништирган йўлдошим эса буни билмаган. Назоратчиларни (улар ўн киши экан) ғафлатда қолдирган жиннилар, аввало, уларга смола суриб, устиларидан обдан патлар сочишибди, кейин эса ертўладаги махсус камерага қамаб қўйишибди. Шундай қилиб, улар бир ойдан кўпроқ вақт давомида тутқунликда бўлибдилар. Ана шу вақт давомида мсье Майар уларга олижаноблик кўрсатиб, смола ва патлар билан (бу ўзи яратган «усул»нинг таркибий қисми бўлган) яна етарли даражада нон ҳамда истаганларича сув билан таъминлаб турган. Сувни эса камерага насос ёрдамида узатишган. Охир-оқибат, улардан биттаси сув оқиб кетадиган қувур орқали чиқиб олишга муваффақ бўлиб, қолганларни озод қилган экан.

«Эркинлик бериш усули» айрим тузатишлар билан яна руҳий хасталар шифохонасида ўз ўрнини эгаллади. Мсье Майарнинг гапларига қўшилмасдан иложим йўқ, негаки унинг «даволаш усули» ўзига хос тарзда фавқулодда омадли эди. Ўзи тўғри айтганидек, бу усул ― содда, аниқ ва бехавотир! Ҳатто, зиғирчаям хавотирга солмайди!

Қўшимча қилиб, айтишим керакки, доктор Смоль ва профессор Перроларнинг асарларини қидиришга бўлган барча уринишларим зое кетди. Уларни топаман, деб бутун Европа кутубхоналарини титкилаб чиқдим ва ҳали ҳам уларнинг ишларидан бирортасини топганим йўқ.

Рус тилидан

Нурпўлат НУРҚУЛОВ таржимаси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech