26 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +36,4 °C

Мамлакатимизда
27 Мар  2019 1340

Юз ёшдан ошмоқликнинг сири нимада?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда энг узоқ яшайдиган инсонлар Японияда истиқомат қилади. Мамлакат аҳолиси ўртача 84 йил умр кўради. Бундан ташқари, оролда юз ёшдан ошган инсонлар сони ҳам бир миллион нафарга яқинлашган.

 

Мутахассислар бунга соғлиқни сақлаш тизимига юқори технологияларнинг жорий қилингани, соғлом турмуш тарзининг оммалашганини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда республикамизда ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида профилактика чора-тадбирлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ўлкамизда аср билан юзлашиб, жисмонан соғлом ва тетик юрган, ёшларга ўрнак бўлаётган кексаларимиз сонининг янада ошишига хизмат қилаётир

Самарқанд вилояти Нарпай туманида ҳам ёши улуғ отахон ва онахонлар кўпчилик. Ана шундай нуронийлардан бири «Бахт» маҳалласида истиқомат қилиб келаётган 101 ёшли Норбек ота Мардоновдир. У киши билан суҳбатлашганимизда ҳаёт йўлидаги барча хотираларини йилма-йил айтиб бериши, шижоат билан суҳбатлашишидан ҳайратландик.

– Умр йўлдошим билан 50 йил умргузаронлик қилиб, 9 нафар фарзандни вояга етказдик, – дейди ота. – Ҳаммасини олий маълумотли, уйли-жойли қилдик. Катта қизим 80 ёшга тўлди. Мен шунга амин бўлдимки, узоқ умр кўришнинг сири оиладаги хотиржамлик ва тотувликдадир.

Норбек отанинг ҳаёт йўли том маънода ибрат мактабидир. Отахоннинг ёшлик йиллари колхозлаштириш, уруш йилларига тўғри келди. Иккинчи жаҳон урушида Белоруссия, Украина, Москва остонасида жанг қилиб, ғалабани Ригада нишонлади. Уйига қайтиб келган Норбек ота институтни тамомлаб, мактабда ўқитувчилик қилди. Сўнг раҳбарлик лавозимларида узоқ йиллар фаолият юритган.

Айни пайтда Норбек ота бардам, бақувват, бугунги ислоҳотлардан мамнун. Бобонинг 30 набира, 64 эвара, 10 дан ортиқ чевараси йиғилганда тўй бўлиб кетади. Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка шукрона айтади. Ўзи яшайдиган ҳудуднинг энг кекса отахони сифатида маҳалладаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида ҳамқишлоқларига қимматли маслаҳатларини бериб келмоқда. Шу билан бирга, ҳамон уй ишларида тиниб-тинчимайди, шахсий томорқасидаги юмушларни бировга ишонмайди.

– Томорқа – етти хазинанинг бири, – дейди бобо. – Мўл хосил етиштирсангиз уйингизга барака келади, бозор арзонлашади, алалоқибат, халқ дастурхони тўкин бўлади. Ўзим бош бўлиб шахсий томорқамиздан ҳар йили уч марта ҳосил йиғамиз. Бундан ташқари, мевали дарахтларни пайвандлаб янги навлар яратаман, бу кўчатлардан қўни-қўшниларга тарқатаман.

104 ёшли момо 82 ёшли қизидан хавотирда

Нарпай тумани «Нарпай» маҳалласида 104 ёшли Бўстон момо Раҳматовани ҳамма танийди. Момо маҳалладошларига маслаҳатлари билан тиргак, у кишининг бир асрдан зиёд умр йўли барчага ўрнак. Иккинчи жаҳон уруши давридан бошлаб момо болалар боғчасида ишлаб, узоқ йиллар мудиралик қилган. Ҳозирда момонинг ёлғиз фарзанди Саломат ая ҳам 82 ёшни қаршилаган. Бўстон момонинг 10 нафар набираси, 30 та эвара ва 40 нафар чевараси бор. Суҳбатимиз асносида момонинг безовталиги сезилди. Сабабини сўрадик.

– Саломат ўғли билан Тошкентга концерт томоша қилгани кетган. Қизим йўлда толиқиб қолмасайди, деб ўтирибман, – деди момо хавотир билан.

Ҳамманинг юзига табассум югурди. Ахир, 104 ёшли момо 82 ёшли қизига қайғурмоқда. Демак, она неча ёшга кирса-да, қалби жонсараклигича қолади. Боласи улғайса-да, унинг учун мурғак гўдакдек туюлаверади. «Узоқ умр кўриш сири нимада», деганимизда, «Ғийбат қилишдан йироқ юрган одам кўп яшайди», дея қисқагина жавоб берди момо. Бундан 6 йил олдин момонинг тишлари қайта чиқиб, ҳаммани ҳайратга солган. Қизиғи, Бўстон момо ҳануз тиниб ўтирмайди. Айни пайтда томорқа ишларида бош-қош. Қаерга қандай экин экиш кераклиги тўғрисида невараларига ўргатиб туради, бир парча ерни бўш қолдирмайди.

Меҳнат — инсонни яшартиради

Нарпай тумани «Чорбоғ» маҳалласида яшовчи Шарофат момо Бобоева 105 ёшни қаршилади. Момо ҳақида маҳалладошларидан сўраганимизда у кишининг ҳануз далада меҳнат қилишини тўлиб-тошиб сўзлаб беришди.

Шарофат момо умр бўйи меҳнатда, етти нафар фарзандини улғайтириб, барчасини ўқитган ва уйли-жойли қилган.

– Меҳнат – инсонни яшартиради, – дейди у. – Ер инсонга куч-қувват беради. Эрта баҳордан кеч кузгача томорқада ишлайман. Ҳануз ўзим экин экиб, парваришлайман. Ҳаттоки, экинни бегона ўтлардан ҳам ўзим тозаламасам, кўнглим тўлмайди.

Энг қизиғи, момо мамлакатимизда бўлаётган барча янгиликлардан хабардор. Ҳаттоки, Президентимизнинг «Юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон тинч ва бадавлат умр кечириши, бугун ҳаётдан рози бўлиб яшаши – бизнинг бош мақсадимиздир», деган фикрларидан мамнунлигини билдириб, барчамиз биргаликда харакат қилсак, худо хоҳласа ўзимиз орзу қилган кунларга етамиз дейди. Момо бугунги кунимизга тинимсиз шукроналар келтириб, юртимиз тинчлиги учун туну кун дуода.

Нуронийларнинг сўзларига қулоқ тутиб, панду насиҳатларига амал қилганларнинг дунёқараши кенгайиб, фикрлари  теран бўлиши ҳаётий ҳақиқат. Ёшларни тарбиялашда, оила ва маҳалла-кўйда тотувлик ва осойишталикни таъминлашда кексаларимиз ўгити бугунги кунда муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, юртимизда ана шундай  нуронийларимиз панду насиҳати, дуолари бор экан, ватанимиз янада гуллаб-яшнайверади.

Нилуфар ЮНУСОВА

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech