16 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +5,8 °C

Молия
1 Июл  2019 1311

«Ишонинг, лекин текширинг» режими ўрнига «ақлли» қурилма

Товарларни сотиб олаётганда, агар у йирик харид маркази ёки гипермаркет бўлмаса, ҳаммавақт ҳам чек берилавермайди. Муаммо шундаки, истеъмолчи учун бунинг қизиғи йўқ. Ахир, пули тўланади ва маҳсулот сифати жойида текширилди. Бу бирор даъво пайдо бўлганда нафақат ҳуқуқларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради, балки бундан солиқлар йиғилиши ҳам зарар кўради. Масъулиятли фуқаро бўлиш борасидаги даъватлару чақириқларга на сотувчилар ва на уларнинг мижозлари эътибор қаратмайди. Яхшиямки, инсон омилининг минимал таъсири билан муаммони ҳал қиладиган технологиялар мавжуд.

1 июлда онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланиш бўйича тажриба лойиҳаси якунига етади. Ташаббус Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 февралдаги «Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази ДУК директори Ҳаёт Насруллоев натижалар ҳақида сўзлайди:

– Жорий йилнинг 22 июнь ҳолатига кўра, ҳар хил турдаги фаолиятнинг 175 дан ортиқ савдо нуқталари ихтиёрий равишда фискал модулли онлайн-НКМни ўрнатди. 80 мингдан ортиқ молиявий чеклардан иборат ДСҚга ўтказилган фискал маълумотларнинг умумий миқдори 37 миллиард сўмдан ошди.

– Оддий ва онлайн-НКМ ўртасидаги асосий фарқ нимада?

– Анъанавий машинада бузилган чекларнинг ҳақиқийлигини текшириш мумкин эмас, чунки улар офлайн режимида ишлайди. Фискал модулли онлайн-НКМ текширувларида QR-код ва чекнинг ҳақиқийлигини текшириш имконияти мавжуд. Бу давлат солиқ хизмати органлари томонидан товарлар ёки хизматлар номи ва миқдори, ҚҚС маблағлари миқдори ва унинг ставкаси, акциз солиғи тўғрисидаги маълумотларни олишни назарда тутади. Бу назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлар ўртасидаги ишончли муносабатлар учун замин яратади - текширувга эҳтиёж қолмайди, бизнесни соядан чиқариш орқали бюджетга тушумлар кўпаяди.

Харидорлар ҳам, ўз навбатида, мобиль қурилмалар ёрдамида QR-кодларни аниқлаш дастурлари орқали онлайн-НКМ орқали берилган чекларнинг ҳақиқийлигини текширишлари мумкин. Уларни App Store ва Google Play дан бепул юклаб олиш мумкин. Шундай қилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади – сифатсиз ёки нуқсонли маҳсулотни қайтариш имконияти пайдо бўлади. Шу билан бирга, чекнинг қоғоз нусхасини сақлаш шарт эмас. Сотиб олиш ҳақидаги барча маълумотлар ДСҚ маълумотлар базасида, шунингдек, харидорнинг мобиль телефонида ишончли сақланади.

– Кўпинча оддий касса аппаратига эга сотувчилар, чек чиқариб беришмайди. Агар онлайн-НКМ ўрнатилса, улар бу вазифани қатъий амалга оширадими?

– Сабаби оддий: давлат солиқ хизмати органлари реал вақт режимида онлайн-НКМ орқали молиявий маълумотларни олиш имконига эга бўлади, чек чиқариб бермайдиган савдо нуқталарини аниқлашнинг кўплаб алгоритмлари пайдо бўлади. Ишлаб чиқилган таҳлилий тизим мавжуд бир қатор таваккалчилик алгоритмларини амалга ошириш ва виждонсиз тадбиркорларни аниқлаш имконини беради.

Шу билан бирга аҳолининг солиқ маданиятини ошириш вазифаси ҳам юклатилган. Бунинг учун харидорлар орасида мунтазам совринли чеклар тақдим этилмоқда. Уларда иштирок этиш учун «Soliq» мобиль иловаси орқали чекни рўйхатдан ўтказиш талаб этилади. Ғолиблар қимматбаҳо совринлар эгалари бўлишади.

– Янги қурилмалар фирибгарликдан суғурталанганми?

– Онлайн-НКМ ДСҚ серверларига юборилган маълумотларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлайдиган мажбурий тартибдаги фискал модулга эга. Киберхавфсизлик молиявий модул апплетида амалга оширилган миллий криптографик ахборотни ҳимоя қилиш стандартининг алгоритмлари билан кафолатланади. Бундан ташқари, онлайн режимида маълумотлар солиқ органларининг Марказий маълумотлар базасига ўтказилади ва истеъмолчилар исталган вақтда уни текширишлари ва фирибгарлик ҳолатлари аниқланганда бу ҳақда хабар беришлари мумкин.

– Онлайн-НКМга ўтишдан бош тортган тадбиркорлар ҳам учрадими ва бу қарорни ўзлари қандай изоҳлашди?

– Ҳа, баъзи тадбиркорлар пилот лойиҳада иштирок этишни исташмади. Мисол учун, тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра ихтиёрий иштирокчилардан онлайн-НКМ ва фискал хотира билан ишлайдиган машиналардан ҳам чекларни чиқариб бериш кераклиги сабаб бунга розилик беришмади. Бундай ҳолат баъзи ноқулайликларни келтириб чиқарди.

Ўтишни истамаслик, шунингдек, бунинг пилот лойиҳа экани билан ҳам боғлиқ. Дастлаб, субъектлар янги тизимга ишонишмади. Кўплаб саволлар туғилди ва кунлик савдо тушумларини тўлиқ инкассация қилишни интуитив тарзда рад этиш юзага келди.

Синов ташаббуси даврида кўплаб таклифлар келиб тушди. Мисол учун, товарлар ёки хизматларни қайтариш функциясини қўшиш, чегирмалар ва бошқа тўловларни (содиқлик карталари бўйича) ҳисобга олиш имкониятини яратиш, онлайн-НКМ қўллашдан олинган маълумотлар асосида солиқ тўловчининг шахсий кабинетида солиқ ва турли таҳлилий ҳисоботларни автоматик тарзда яратиш.

Маълумот: «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази ДУК пилот лойиҳани амалга ошириш доирасида онлайн-НКМни қўллаш орқали савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тушумларни автоматлаштирилган назорат қилиш тизимининг молиявий маълумотлари оператори ҳисобланади.

Маҳмуд Муртазаев суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech