01 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,2 °C

Кейинги авлод
20 Апр  2020 2315

“Эл-юрт умиди”дан кутилаётган катта умидлар

Ҳар қандай мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида жаҳон андозалари даражасида билим олган заковатли, ҳар томонлама баркамол миллий кадрларга эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёжни хорижда яшаётган ва профессионал фаолиятини юритаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни етакчи хорижий таълим муассасаларида ҳамда Ўзбекистонда тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали қондириш мумкин. Ёшларнинг хорижда таълим олишлари, тажриба орттиришлари учун кенг имконият яратиш мақсадида 2018 йил 25 сентябрда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат билан жамғарма хорижда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси қилиб белгиланди.

 “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ўтган 2019 йилда докторантура, магистратура, малака ошириш ва стажировка ўташ учун 2 та стипендия танлови натижаларига кўра жами 605 нафар иқтидорли ёш йигит-қиз дунёнинг 20 дан ортиқ илғор давлатида магистратура ва докторантурада ўқиш, стажировка ўташ ва малака оширишга юборилган. Айни кунларда эса 65 нафар стипендиат илғор хорижий давлатларда таълим олиш ва стажировка ўташни давом эттирмоқда. Стипендиатларнинг аксарияти Буюк Британия, Германия, Испания, Португалия, Финляндия, Хитой ва Россия сингари мамлакатларда ўқиб, илмий изланишлар олиб бормоқда.

 Кейинги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган “халқаро майдонга очиқ эшиклар” сиёсатининг муҳим натижаларидан бири хорижда истиқомат қилаётган, бой илмий-амалий тажрибага эга ватандошларимизнинг мамлакатдаги кенг қамровли ислоҳотларда тобора фаол иштирок этаётгани ҳисобланади.

Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарқатиш ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 14 март куни хорижда истиқомат қилаётган, замонавий билим ва бой профессионал тажрибага эга бўлган иқтидорли олим ва эксперт-ватандошлар билан қарийб 3 соат давом этган видеоконференция ташкил этилди. Ўзаро самимий ва Ватанга интиқлик руҳида ўтган видеомулоқотда АҚШ, Канада, Австралия, Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган жами 12 нафар ватандош олим ва эксперт иштирок этди. Унда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган  Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга оширишда ҳамкорлик масалалари хусусида фикрлашилди. Ватандошлар келгусида Ўзбекистон олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан мавжуд билим, малака ва тажрибаларини қўллашини, юқорида қайд этилган концепцияни амалга оширишда беғараз кўмак беришга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузурида хорижда истиқомат қилаётган юртдошлар иштирокида Халқаро экспертлар кенгашини ташкил этишга келишиб олинди.

— Ўзбекистоннинг халқаро имижини ошириш, олий таълим муассасалари фаолиятига оид аниқ бир йўналишларда таклифлар тайёрлаш ва амалиётда кенг қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш доим эътиборимиз марказида, — дейди “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори Адҳам Бекмуродов. — Тадбир давомида аниқ бир олий таълим муассасасини танлаб олиш ва унда лойиҳа-синов асосида тегишли таклифларни жорий этиш, олий таълимга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг халқаро экспертизасини ташкил этиш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Иштирокчиларга Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Яқин келажакда Халқаро экспертлар кенгашига Буюк Британия, Германия, Бельгия, Дания, Россия ва бошқа ривожланган мамлакатларда олий таълим тизими, илмий-тадқиқот муассасалари ва етакчи компанияларида фаолият юритаётган ватандош олимларимиз ва экспертларнинг аъзо бўлиб кириши кутилмоқда.

Ана шундай учрашувлардан яна бири 10 март куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда 70 нафарга яқин, жумладан, Малайзия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 55 нафар ҳамда катта илмий-амалий тажрибага эга бўлган 15 нафарга яқин ватандошимиз иштирок этди.

Мулоқот чоғида 2020 йилда Малайзия олий таълим муассасаларини битираётган ёшларимиз юртга қайтиб, тегишли соҳаларда меҳнат қилишга тайёр эканлигини билдирди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси эса, ўз навбатида, уларга вазирлик ва идораларда ишга жойлашиш юзасидан кўмак кўрсатадиган бўлди.

Жорий йилнинг 4 апрелида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузурида ташкил этилган Халқаро экспертлар кенгашининг иккинчи видеоконференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш, унинг афзалликлари, тизимнинг асосий қоидалари, АҚШ ва Европа моделларининг ўзига хос хусусиятлари ва унинг фарқли жиҳатлари, меъёрий-хуқуқий асоси юзасидан маълумотлар алмашилди.

Шунингдек, иштирокчилар келгуси видеоконференцияда олий таълим муассасалари илмий тадқиқот фаолиятини янада ривожлантириш, Scopus, Web of Science ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи журналларда мақолалар чоп этишни янада кўпайтириш, олий таълим муассасаларининг QS, THE, ARWU ва бошқа халқаро рейтингларни олишига амалий кўмаклашиш каби масалаларни муҳокама этишди. Кейинги ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич барча олий таълим муассасалари кредит-модуль тизимини жорий этган ҳолда фаолият юритиши алоҳида таъкидланди.

Бундай мулоқотларни йил давомида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Австралия, Жанубий Корея, Японияда таҳсил олаётган ёшлар, хорижда истиқомат қилаётган катта илмий ва амалий тажрибага эга ватандошлар билан ўтказиш режалаштирилган. Айни пайтда Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда хорижий олий таълим муассасаларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таҳсил олаётган юртдошларимизнинг маълумотлари асосида давлатлар ва мутахассисликлар кесимида каталоглаштирилган электрон реестр шакллантирилган. Унга 12 мингдан зиёд ватандошимизнинг маълумотлари киритилган. Базани катта илмий ва амалий тажрибага эга, йирик халқаро компанияларда ишлаётган етук олим ва мутахассислар ҳақидаги маълумотлар билан бойитиш кўзда тутилмоқда..

Келгусида вазирлик, идора ва ташкилотлар кадрлар хизматлари уларни ўз тизимларига раҳбарлик лавозимлари ёки масофадан маслаҳатчи-консультант сифатида жалб этиши ҳамда билим, тажриба ва кўникмаларидан тизимда кенг фойдаланишлари мумкин.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида хорижий етакчи олий таълим ва илмий муассасаларда малака оширган ва стажировка ўтаган ҳамда магистратура ва докторантурада таълим олган мутахассисларнинг (стипендиатларнинг) меҳнат фаолияти мониторинг қилиб борилади. Доимий суҳбатлар ташкиллаштирилади. Иш берувчилар томонидан хорижда таълим олган мутахассисларга яратилган шароитлар, уларнинг квалификацион имкониятларидан фойдаланиш ҳолатлари тизимли ўрганилиб, хулосалар таҳлил қилинади. Яширин ижтимоий сўровномалар ўтказилади. Барча маълумотларни бирлаштирган ҳолда уларнинг меҳнат фаолиятига доир ягона электрон база шакллантирилади.

— Мақсадимиз нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда истиқболли мутахассислар ўқишини мониторинг қилиш, уларнинг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашишига кўмаклашиш, касбий жиҳатдан ўсишига ва мансаб пиллапояларида кўтарилишига кўмаклашишдир, — дейди Адҳам Бекмуродов.

Бугунги кунда Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши олиб борилаётган кенг қамровли ишлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятида ҳам кўзга ташланяпти. Жумладан, хориждаги стипендиатлар билан мулоқот ўрнатилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

— Доимий алоқада бўлиш, зарур ҳолларда тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида махсус мулоқот гуруҳи ташкил этиб, улар билан тез-тез боғланиб турибмиз, — дейди жамғарманинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Мирзиё Содиқов. — Хорижда таълим олаётган стипендиатлар орасида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар кузатилмади.

— Мен Корея Республикасининг Ёнсей университетида стоматология йўналишида таҳсил оламан, — деб ёзади Рустам Рашидов. — Бу ерда ўқиш онлайн тарзда олиб бориляпти. Аммо бизнинг соҳада асосий билим беморлар билан алоқада бўлиш орқали берилиши сабабли барча ҳимоя чораларини қўллаган ҳолда клиникада бемор қабулида қатнашиб келмоқдамиз. Айни пайтда соғлиғим яхши, шикоятларим йўқ.

Кўпгина хориж мамлакатларида коронавирус инфекцияси туфайли таълим олиш жараёнлари вақтинча online шаклга ўтказилган. Айни пайтда ватанимизга қайтган стипендиатлар Ўзбекистондан туриб хориждаги ўзлари таҳсил олаётган университетлар ва илмий марказлар билан мулоқотни давом эттирмоқда.

Шунингдек, юртимизга қайтган стипендиатлар ҳудудий тиббиёт муассасалари томонидан ташкил этилган карантинда сақланмоқда. Жорий йилнинг август ойига қадар малака ошириш ва стажировка ўташ дастурининг жами 13 нафар ғолибининг Ўзбекистонга қайтишлари кутилмоқда. Қайд этиш лозимки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларини юртимизга қайтариш ишлари Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан назоратга олинган.

Туб ўзгаришларни бошидан кечираётган юртимиз интеллектуал салоҳиятга эга, аҳди қатъий, шижоатли ва билимли қатламга таянади. Мамлакат илмий салоҳиятини ошириш, аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш масъулияти “Эл-юрт умиди” жамғармасининг олдига катта вазифаларни қўймоқда. Зеро, “Эл-юрт умиди”дан кутилаётган натижа, умидлар катта!

 Рисолат Мадиева

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech