26 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23 °C

Бўш вақтда
31 Мар  2019 1086

Эман ороли хазинаси

Яшириб қўйилган хазина ва бойликларни топиш кўпчиликка жуда қизиқарли туюлади, албатта. Аммо бу осон иш эмас...

Бирданига бойиб кетишни истамайдиган киши бўлмаса керак. Баъзи хазиналарни-ку, умуман топиб бўлмайди. Лекин уларни топишга бўлган уринишлар барибир давом этмоқда. Қадимда шимолий Атлантикада «тирикчилик» қилган денгиз қароқчилари негадир Канада соҳилларига яқин жойлашган кичик Оук (Оук — «эман», деб таржима қилинади) оролини «ёқтиришган». Бу гўша дам олиш ва кўнгилхушликдан ташқари, хазиналарни яшириш учун ҳам жуда қулай орол эди.

XVIII аср ўрталарида Канаданинг шарқий қирғоқларига эга чиқиш учун инглизлар ва французлар ўртасидаги уруш кескин тус олди. Тарихий манбаларда келтирилишича, оролнинг ўзида ҳам махсус гарнизонлар пайдо бўлиб, денгизда ҳарбий кемалар росаям кўпайиб кетган экан. Натижада бу атрофда қароқчилар учун «нон қолмаган». Бу ўз-ўзидан тушунарли, албатта. Негаки, қароқчиларнинг французларга бўлмаса, инглизлар қўлига тушиб қолишлари мумкин эди. Шу боис улар бу атрофларда бутунлай қорасини кўрсатмай қўйишган. Орол ҳам бора-бора одамларнинг эсидан чиқди. Фақат орадан бир неча ўн йил ўтгач, Оук оролини эслаб қолдилар. Бунинг сабаби бор эди, албатта.

1795 йилда Янги Шотландия ярим ороли соҳилларидаги балиқчилар қишлоғида истиқомат қилувчи бир неча шоввоз денгиз сайрига чиқди. Улар Махон бўғозининг шарқий қирғоғида эманзорли кичик бир оролга дуч келдилар. Бу эса ўша ташландиқ Оук ороли эди.

Оролни тадқиқ эта бошладилар. Кўп ўтмай, танасига жуда кўп белгилар чизилган якка эманга дуч келишди. Айниқса, эман остидаги қудуқ уларнинг эътиборини ўзига тортди. Йигитлар дарҳол енг шимариб, ишга киришдилар. Уч метрча қазиганларидан сўнг ходалардан ясалган мустаҳкам тўсиқ пайдо бўлди. Бироқ уни олиб ташлолмадилар. Хуллас, уйга қуруқ таассуротлар билан қайтишларига тўғри келган.

Фақат саккиз йилдан сўнггина оролга қайтишди. Зарур иш қуролларига эга хазина қидирувчилар якка эман ва қудуқни тезда топишди. Шунча йил мобайнида деярли ҳеч нарса ўзгармабди. Оролга ҳам ҳеч ким келмаган эди. Бу сафар тўсиқ олиб ташланди.

Хазина қидирувчилар 20 метр чуқур қазиганидан сўнг қандайдир қаттиқ жисмга тўқнаш келдилар. Бу бир катта силлиқ тош бўлиб, қандайдир шифрланган ёзувлари бор экан. Гарчи уни ўқишни уддалай олмаган бўлсалар-да, хазинага яқинлашиб қолишганини англашди. Жон-жаҳдлари билан кавлай бошладилар. Бироқ бу сафар сув чиқиб кетди. Сувни нима қилишни билмай, кутишга қарор қилдилар. Аммо бу сафар ҳам хазина изловчиларнинг омади келмай, сув сатҳи сира пасаймасди. Хуллас, барча уринишлари зое кетиб, хазинани тополмадилар.

Шундан сўнг Эман ороли ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилди. Тошдаги ёзувлар эса қудуқда хазина яширилганидан дарак бериши мумкин, дея тахмин қиларди кўпчилик. Бирлари:

― Қизиқ, хазина кимга тегишли экан-а? ― дейишса, бошқалари:

― Кимга бўларди? Қароқчиларга-да?! ― дейишарди.

Бу борада кўплаб тахмину фикрлар мавжуд. Айримлар ушбу жойга туб америкаликлар ўз бойликларини конкистадорлардан яширганини айтса, бошқалари инглиз руҳонийлари хазинасини Генрих VIII дан беркитишга уринган, деган фикрни илгари сурарди. Учинчилари эса, хазина қароқчиларники, дерди. Тарихчиларни эса биринчи навбатда қизиқтиргани Оукка яширилган хазина кимга тегишли экани эди.

Эманли оролга ҳар тарафдан хазина қидирувчилар оқиб кела бошладилар. Бироқ барисининг уриниши муваффақиятсизликка учрарди.

Ўтган асрнинг ўрталарида қидирув экспедицияларидан бири бурғу ёрдамида 30 метрча қазиган ҳам. Бироқ кейин бурғу учи қандайдир бўшлиққа тушиб кетган. Маълум бўлишича, орол остида бутун бошли яширин ерости каналлари тизими мавжуд экан. Хуфя йўллар эса контрабандачилар бухтаси билан боғларди. Денгиз кўтарилиши ва қайтиши эса қудуқдаги сув даражасини кўтариб-тушириб турарди. Навбатдаги уринишлардан бирида ерости алоқа тизимининг бир қисми кўмилиб қолди. Орол жодулаб ташлангандай эди, гўё.

Ўтган асрнинг охириларида оролга келган хазина қидирувчи Фредерик Блайер ҳам бир неча жойни бурғулаб, қидирув ишларини олиб борди. У қудуқни сув билан таъминлайдиган канални динамит билан портлатганидан сўнг шахтадаги сув сатҳи кўтарилишдан тўхтаган. Хуллас, бурғулаш давом эттирилиб, чуқурлик 46 метрга етди ҳам. Бурғулаш механизми дастлаб қандайдир бетонсимон қопламадан ўтди. Кейин ёғоч қатламни тешиб ўтгач, юмшоқ металлга бориб урилди. Олтинга, шекилли?!. Аммо бу хурсандчилик ҳам узоққа чўзилмай, оролда кучли ёмғир ёға бошлади. Бир неча кун тинмай қуйган ёмғир барча шахталарни тўлдириб юборгач, ишни тўхтатишга тўғри келди.

Эманли орол тўғрисидаги навбатдаги ҳикояни Роберт Ресталл исмли кимса ёзиб қолдирган. 1959 йилда у хотини ва икки ўғли билан оролга келди. Оукда ўтроқлашиб қолган бу оила олти йил мобайнида қидирув ишлари олиб борди. Бироқ «қайсар» оролнинг ўз сирини ҳали-бери ошкор қилиш нияти йўқ эди. Ресталлар оиласи ҳам бўш келмади. Узоқ ишлаб, қандайдир белгилар туширилган катта тошга дуч келишди. Ундаги белгиларни эса фақат орадан ўн йил ўтгач, Мичиган университети профессори Росс Вильям ўқишга муваффақ бўлди. Сирли матн испанларга тегишли бўлиб, қуйидагича таржима қилинган: «80-белгидан бошлаб, Ф.даги сув оқимига маккажўхори ва тариқ соч!» Қизиқ, бу ҳарф остида ким беркинган бўлиши мумкин? Профессорнинг ҳисоблашича, Ф. — испан қироли Филипп II бўлиши керак. Чунки тарихий манбалардан яхши аёнки, у XVI асрнинг иккинчи ярмида Янги Дуёни роса талон-торож қилган.

Бироқ Испания қиролига олтин ва кумушларни узоқ оролга олиб бориб кўмиб қўйиш нимага керак бўлиб қолгани тушунарсиз эди. Ким билсин, балки қора кунигадир? Аммо бу талқин ҳам сал қовушмайроқ турибди!

Ресталлга сув каналларининг тагига етишга бўлган уриниш жуда қимматга тушди. Бир куни шахтага қулаб тушганида, уни қутқараман деган икки ишчи ва катта ўғли ҳалок бўлди.

Ўтган асрнинг 60-йиллари охирларида оролда қидирув ишларини олиб борадиган махсус экспедиция тузилди. Унга раҳбарлик қилган Дэниел Блэнкеншип экспедицияни замонавий техника билан жиҳозлашга катта ҳисса қўшди. Бурғулаш ишларини бошлашдан олдин экспедиция иштирокчилари нафақат хазина билан боғлиқ манбаларни синчиклаб ўрганиб чиқди, балки контрабандачилар бухтасидаги ҳар бир қарич ерни эринмасдан тадқиқ қилди. Керакли жой танланиб, бурғулаш ишлари бошланди. Аммо тахминан 50 метр чуқурликда бурғу қандайдир қаттиқ тошга тиралиб қолди. Энди нима қилиш керак?

Блэнкеншип бурғулашни давом эттиришга қарор қилди. Яна беш, ўн, ўн беш метр қазилди. Кейин бурғу ичи сувга тўла бўшлиқ устида осилиб қолди. Унга тушадиган туйнук анча тор бўлгани учун одам сиғмасди. Блэнкеншип бўшлиққа телекамера туширганида, экранда сувости ғори намоён бўлди. Бирор нарсани илғаш амримаҳол бўлса-да, ҳарқалай, сандиқни эслатувчи тўртбурчак шаклдаги жисм уларнинг эътиборини жалб қилди. Аммо ўша жисмнинг ёнида сузиб юрган нарсанинг нималигини билиб бўлмади: у инсон қўлига ҳам ўхшаб кетарди. Суратга туширдилар.

Гарчи ҳамма олтин тўла сандиққа шубҳа билан қараган бўлса-да, Блэнкеншип қайсарлик қилиб туриб олди. 1972 йилда у енгил ғаввос кийимида етмиш метр чуқурликдаги ўша ғорга киришга муваффақ бўлган. Лекин сув лойқа бўлгани учун ҳеч нимани кўра олмади.

Қарангки, ҳали-ҳануз орол ўз сирини очишни истамаяпти. Аммо бирданига бойиб кетишни истовчилар чекинишни хаёлларига ҳам келтиришганлари йўқ. Қолганини эса вақт кўрсатади…

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech