25 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,7 °C

Маданият
5 Апр  2019 1132

Ёшларга кино санъати асосларини бепул ўрганишлари учун имкон яратилди

Ёш киноижодкорлар кенгаши «ART HOUSE» таълим лойиҳасининг иккинчи мавсумига старт берилгани ҳақида маълум қилди.

Ушбу бепул лойиҳа Ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази кўмаги билан Ёш киноижодкорлар кенгаши томонидан ташкил этилмоқда. Унинг доирасида 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўз соҳасининг усталари – машҳур режиссёр, сценарист, актёр ва операторлардан кино асосларини ўрганиш имкониятига эга бўлишади.

«ART HOUSE»нинг иккинчи мавсумида режиссёрлар Али Ҳамроев, Қамара Камалова ва Жасур Исҳоқовлар ёшларга устозлик қилиб, режиссура ва драматургиядан сабоқ беришади. Алишер Узоқов, Раъно Шодиева ва Дилноза Кубаева актёрлик маҳорати, Ҳамидулла Ҳасанов ва Ёдгор Носиров операторлик иши бўйича дарс ўтишади. Шунингдек, гримм санъати, рассом асарлари ва иккинчи режиссёрлик йўналишларини ўрганиш учун алоҳида курс очилади.

«ART HOUSE»нинг 2018 йил давомида ўтган биринчи мавсуми жуда самарали бўлди.  Ёлқин Тўйчиев, Жаҳонгир Қосимов, Аюб Шаҳобиддинов ва Рашид Маликов сингари таниқли киноижодкорлар раҳбарлигида ўтказилган тўрт курс давомида ўз ҳаётини санъатнинг ушбу тури билан боғлашга қарор қилган 59 нафар ёшлар таҳсил олишди. Улар режиссура, драматургия, актёрлик маҳорати ва операторлик бўйича керакли билим ва кўникмаларга эга бўлишди. Уларга актёрлар Карим Мирҳодиев ва Дилмурод Масаидов, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси, таниқли кинодраматург Эркин Аъзамов, операторлар Жасур Шаметов, Азиз Арзиқулов, Ҳамидулла Ҳасанов сингари ўз касбининг моҳир усталари бўлган инсонлар сабоқ беришди.

Биринчи мавсумнинг икки нафар битирувчиси 4-Халқаро “Пролог” кинофестивалида ўз қисқаметражли фильмлари билан асосий конкурсда иштирок этишди. Аюб Шаҳобиддинов курсидан Маҳлиё Асқаралиеванинг “Қуш” номли фильми ва Рашид Маликовнинг шогирди Гулнора Иванованинг “Фонтан” картинаси кинофестивальнинг халқаро ҳайъати томонидан юксак эътирофга сазовор бўлди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech