10 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,2 °C

Саломатлик
18 Фев  2020 1537

Хитойдан қайтган фуқаролар ўз уйига кузатилди

Бугун «Бўстон» санаторийсида жойлаштирилган 294 нафар фуқаро  карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатилди.

 

Аввал хабар қилганимиздек, турли мақсадларда Хитойда сафарда бўлган ватандошларимиз яқинда мамлакатимизга олиб келинган эди.

Жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари учта чартер рейс орқали мамлакатимизга олиб келинган 584 нафар ватандошларимиздан 459 нафари эркак ва 125 нафари хотин-қизлар эди.

Олиб келинаётган фуқароларнинг саломатлиги парвоз давомида тиббий кузатув остига олинган, бунда йўловчилар орасида тана ҳарорати кўтарилган ва соғлиғида ўзгаришлар бўлган фуқаролар аниқланмаган.

Рейслар Тошкент халқаро аэропортига учиб келганида самолёт бортида яна бир бор тегишли мутахассислар томонидан йўловчиларнинг тана ҳарорати портатив тепловизор ва электрон термометрлар ёрдамида ўлчанган, уларнинг орасида тана ҳарорати меъёридан юқори бўлган фуқаролар аниқланмаган. Шунингдек, йўловчилар самолёт трапидан тушишлари билан, шу ернинг ўзида мутахассислар томонидан уларнинг эгнидаги кийимлари ҳамда уларнинг қўл юклари тегишли тартибда зарарсизлантирилган.

Сўнгра барча йўловчилар махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига, жумладан «Бўстон»  санаторийсига  ҳам жойлаштирилган эди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз 14 кун давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди. Тиббий кузатув ва махсус лаборатория текширувлари  ва таҳлили натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди.

«Бўстон» санаторийси тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланди. Кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитания-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов. – Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказилди.

Карантин объектларида сақланаётган фуқароларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари билан мулоқот қилишлари учун телефон аппаратлари ўрнатилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Стоматология институтида карантиндаги фуқаролар билан уларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари мулоқоти учун видеоконференцалоқа воситалари ва телефон аппаратлари ўрнатилган «Call center» фаолият юритди.

Эрта индин карантин муддати якунига етиши муносабати билан бошқа тиббиёт муассасаларидаги Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз ҳам ўз уйларига кузатилади, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech