26 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,6 °C

Агросектор
12 Фев  2020 1414

Фарғонада экинлар «онлайн режим»да суғорилади

Фарғона вилоятида республикамизда илк маротаба тик қудуқларни «онлайн режим»да масофадан бошқариш жорий этилди. Ўрнатилган автомат қурилмалар электр энергиясини тежаш, авария ҳолатларини олдиндан аниқлаш, қудуқдаги насоснинг ёқиб-ўчирилишини назоратга олиш имконини бериш баробарида сувнинг беҳуда исроф бўлишини сезиларли камайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бир вақтнинг ўзида бир нечта тик суғориш қудуқларини бир нуқтадан бошқариш имконининг мавжудлиги.

Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли, Фарғона туманининг «Оқбилол» ҳудудида жойлашган 314-сонли тик сув чиқариш қудуғи умумий майдонии 31,5гектарга тенг  5 та фермер хўжалигига хизмат кўрсатади. Илгари ушбу қудуқдан сув олувчи энг охирги дала майдонига оби-ҳаёт тўрт-тўрт ярим соатда ариқ орқали етиб борган. Шунча вақт давомида электр энергияси ҳам сарфланган. Шу билан бирга, ер остидан тортиб чиқарилган сувнинг қарийб ярми экинларгача етиб борган, холос.

Суғориш қудуғига 160 диаметрли полиэтилен қувурдан 500 метр тортилиб, 5 та фермер хўжалигининг ҳар бирига биттадан сув қулоқлари (задвижка) ўрнатилганидан сўнг, сув 4 дақиқа ичида бир томчи ҳам йўқолмасдан охирги дала майдонига етиб борадиган бўлди.

Мутахассислар таҳлилига кўра, шу қудуққа ўрнатилган насос соатига 45 киловат/соат (киловат) ёки 20 250 сўм маблағ сарфлаётган бўлса, 4 соатда бу кўрсаткич 180 киловат/соат ёки 81 минг сўмни ташкил этади. Эндиликда ҳар суғориш чоғида 4 соат ариқ тўлғазишга кетган электр энергияси ёки 81 минг сўм миқдоридаги давлат бюджети маблағлари иқтисод қилинмоқда. Умуман олганда, илгаригига нисбатан электр энергиясини 15 фоиз тежаш ва сув йўқотилишини 50 фоиз камайтиришга эришилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 25,0 миллион сўмни ташкил этди.

Ҳозирги кунда 27 та тик қудуқда бу янгилик жорий қилинган бўлиб, биринчи чорак давомида улар сонини 45 тага етказиш режалаштирилган, деб хабар беради Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech