16 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +6,9 °C

Суҳбат
23 Фев  2019 8840

Фаррух Зокиров: «Эстрада – масъулиятли минбар»

«На Востоке, на Востоке что за небо без луны?..» машҳур «Ялла» ансамблининг «Мусиқий чойхона»сидан ўрин олган ушбу юракларга яқин, жонажон ва серқуёш ўлкамизни тараннум этувчи қўшиқ мана, бир неча ўнлаб йиллардан бери жаранглайди. «Чинури» ва «Учқудук», «Лицо возлюбленной моей» ва «Шаҳрисабз» тароналари ҳам худди қорли тоғлардан эсувчи майин ва салқин шабада, шилдираб оқаётган сойлар, қийғос очилган ўрик ифори, янги ёпилган нон иси ва кўк чой таъми каби гўзаллиги ва сирлилиги билан ўзига тортади. Қуйида халқнинг қалбидан чуқур жой олган қўшиқлар, жамоанинг 50 йиллик юбилейи ва ижодий режалар ҳақида кўплаб давлат мукофотлари совриндори, Ўзбекистон халқ артисти, хонанда ва композитор, «Ялла» ансамбли асосчиси ва унинг ўзгармас раҳбари Фаррух Зокиров билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Бир театр актёри интервью бера туриб, шундай деган экан: «Қулаётган юлдузларнинг изини кўришни истамайман». Шунча узоқ вақт ижод қилаётганингиз сири нимада?

- (Ўйланиб қолди). Буни тушунтириб бўларканми? Шунчаки, киши ҳамиша ўз ишига содиқ бўлиш керак. Унга ҳозир қўшиқ ёки мусиқани ёзаман, саҳнага олиб чиқаман ва тезда моддий мевасини тераман, дея зинҳор манфаат юзасидан қарамаслик лозим. Бу тез барбод бўладиган нарса. Мен ўз севган касбим билан шуғулланяпман.

Нима илҳом беради? Менга ҳам нимадир теккан улкан маданий мерос бўлса керак. Бунда албатта, оиладаги ижодий муҳит ҳам муҳим роль ўйнаган. Нокамтарликка йўймангу аммо бошида отам Карим Зокиров турувчи сулоламиз чиндан ҳам ноёб. Мусиқага болалигимдаёқ муҳаббат пайдо бўлган. Дам олиш кунлари отам ишлайдиган театрга, ҳозирги Алишер Навоий номидаги ДАКТга борардик. Ёшлигимизданоқ ўша ердаги классика, миллий ва жаҳон дурдоналари муҳити, оламига шўнғиган эдик.

Мусиқа билан жуда кеч шуғуллана бошлаганман, деб ўйлайман. Анъанага кўра, мусиқа билан одатда беш-олти ёшдан бошлаб шуғуллана бошлашади, мен эса ижодкорлар оиласиданман, шу боис театрга бориш ва пластинкаларни тинглаш етарли, деган фикрда эдим. Боз устига отам мудом: «Оиламизда бирон кимса бошқа касбни танлармикан?!» деган саволни такрорларди. Ингичка ва узун бармоқларимни назарда тутган бўлса керак, у мени келажакда жарроҳ бўлади дерди. Мен эса агар мусиқани танласам, бутун боримни унга бағишлашга қатъий қарор қилиб қўйгандим.

- Бошида дирижёр бўлишни орзу қилган экансиз?

- Ҳа, шундай эди. Шу боис ҳам саккизинчи синфдан сўнг мусиқа билим юртига ўқишга кирдим. Кейинчалик бу ҳунарнинг ўзига хос ва жиддий эканини англаганман. Бу ерда қаттиқ ишламасанг, машқ қилмасанг ва жон койитмасанг, бирон нимага эришиб бўлмайди, айниқса, дирижёрлик иши жуда катта меҳнатни талаб этади. Бунинг устига мени қўшиқ куйлаш тобора ўзига тортиб борарди. Аммо бунинг ҳам жуда кўп «лекин»лари бор эди... Болалигимдан таниқли хонанда ва актёр, ўзбек замонавий эстрадаси «отахонларидан» бири Ботир Зокировнинг укаси, миллий опера асосчиларидан бири Карим Зокировнинг ўғли эканимни, овозим ҳам уларникидан фарқ қилишини яхши тушунардим. Операга овозим тушмасди, шу боис эстрада жанрига эътибор қаратдим. Аммо бу ерда ҳам танилиш учун нимадир ўзингники бўлиши керак эди ва мен, вокал-чолғу йўналишида ўз ўрнимни топишга кириштдим. Мана, орадан шунча йиллар ўтгач, худога шукур, бу ишимнинг ўхшаганини айта оламан.

1970 йилда Тошкентда поп ва рок-мусиқа, вокал-чолғу ансамбли шов-шув эди. Кейинчалик вақтнинг ўзи жамоанинг «Ялла», деб аталишига туртки берди.

- Номи ҳам дарров топилгандир?

- Яхши савол бўлди, буни сўраганингиз учун ҳам раҳмат. Йўқ, унинг номини ўз даврининг таниқли кинорежиссёри ва актёри марҳум Анатолий Кабулов айтиб қолган.  У Москвадаги КВНга иштирок этиш учун Ўзбекистон терма жамоасини тайёрларди, бизга ҳам жуда кўп ёрдам берган. Бир куни «Қиз бола» қўшиғини ёзишдан олдинги репетицияда иштирок этди. Ҳамма ўз ишига берилиб кетган, қўшиқда «Ял-яли-ялола», деган жойлари бор. Кутилмаганда Анатолий Зухурович: «Йигитлар, гуруҳингизга «Ялла», деб ном бериш керак», деб қолди. Бу сўз бизнинг жанрни чиройли, қисқа ва лўндагина англатарди-қўярди. Тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатида турли йўналишлар мавжудлигини биласиз, албатта. Улар орасида, масалан, мақом, катта ашула, лапарлар бор. Шунингдек, вазни профессионал ижодга тўғри келадиган, қўшиқлари шўх ва рақсбоп фольклор яллалари ҳам бор.

- Бир пайтлар «Ялла»нинг миллий оҳангдаги ижроларига қарамай, ўзбек «Абба»си дейишган, ижодингизга «Битлз»нинг катта таъсир кўрсатгани ҳақида гапиришган?

- Дарвоқе, «Абба» бизнинг жамоадан анча кейин пайдо бўлган. Хуллас, бундай дейиш нотўғри бўларди. Ливерпулнинг таниқли тўртлиги борасида эса шуни ишонч билан айтишим мумкинки, бошқа кўпгина бошлаётган ижрочилар каби биз ҳам жаҳон маданиятининг жамики ютуқларини ўзлаштиргандик.  Бундан мақсад, миллий бойликни байналмилал бойликка айлантириш эди. Биз замонавий андозалардан фойдаланган ҳолда соф маҳаллий анъаналар, ритмлар, оҳангларни тингловчига тушунарли тилда етказишга ҳаракат қилганмиз.

- Қаерга гастролга борсангиз, камида битта ўша ернинг маҳаллий тилида ашула айтар экансизлар?

- Бу Осиё бўладими ёки Европа ўлкасига қатъи назар, ҳурмат кўрсатиш анъанасидир. Германияда битта жуда қизиқарли ижодий тажриба ўтказгандик. Германияликлар жонли композицияларимизга жуда қизиқиб қолишди ва натижада улардан 15 тасини немис тилига ўгиришди. Натижа эса кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Ўн йил давомида «Ялла»нинг тароналари Германиядаги хит-қўшиқлар ўнталигидан тушмади. Бир тасаввур қилинг-а, «Бойчечак» ёки «Торимнинг сири» Гёте тилида жаранглашини?!

- Ташриф қоғозларингиздан бири ҳисобланган ва жамоани машҳур қилган «Учқудуқ» композициясининг бир пайтлар тақиқлаб қўйилиши қандай бўлган?

- О, бу жуда эски воқеа. Бу қўшиқ менинг ҳаммуаллифим, кўпгина таниқли қўшиқлар муаллифи Юрий Энтин билан ўша ўлкага гастролимиз чоғи дунёга келган. 1980 йил, жазирама иссиқ кунлари Қизилқумга боргандик. Саҳронинг қоқ ўртасидаги сароб каби қад ростлаган кичик саноат шаҳри унда жуда катта таассурот қолдирди. Шеърни ёзиб бўлгач, менга унга мусиқа басталашимга кўндирди, у эса қандайдир 40 дақиқа ичида дунёга келган.

«Учқудуқ» ашуласининг тақиқланишига келсак, бу кўпроқ тўқилган гап. Тўғри, у ерда уран рудаси олинарди ва бу ҳақда ҳамма жойда ҳам айтилавермасди, у стратегик аҳамиятга эга махфий объект ҳисобланарди. Бошида қўшиқни ижро қилишга рухсат беришган. Репетицияларимиздан бирига амалдорлардан бири тасодифан кириб қолди ва шу кичгинагина шаҳарчага композиция бағишланганига ҳайрон бўлди. У бор-йўғи: «Учқудуқ ҳақида қўшиқ?!» деган, холос. Ана шу гапнинг ўзи маданият ходимларига етарли бўлган ва композицияни тақиқланган қўшиқлар рўйхатига киритиб қўйишди. Бахтимизга Москвадан «Йил қўшиғи» кўрсатувининг навбатдаги сонини суратга олиш учун телевидениедан ташриф буюришди. Улар масъулиятни ўз зиммаларига олишди. Бир йилдан сўнг «Учқудуқ» «Йил қўшиғи» совринига сазовор бўлди.

- 2020 йилда «Ялла» ўзининг ярим асрлик юбилейини нишонлайди. Бунга тайёргарликлар қандай кетяпти? Репертуарда янги композициялар ҳам бўладими?

- Бизга кўпдан бери: «Шунча йилдан бери саҳнада биргасизлар, тингловчилар сизларни севишади, бирорта мусиқий жамоа фақат битта таркиб билан ҳали бунча ижод қилмаган, «Гиннесснинг рекордлар китоби»га ариза беринглар», деб ҳазил қилишади. Аммо шахсан мен учун рекордлар муҳим эмас. Шунчаки, яқинлашаётган юбилейга муносиб тайёрланишни истайман, холос. Ахир, бу халқимиз олдидаги ярим асрлик ижодий ҳисобот. Янги қўшиқларми?.. Албатта, улар ҳам репертуаримиздан жой олади. Саҳнага чиқиб уларни ижро қила бошласанг, залдан, албатта, кимдир «Учқудуқ», «Чойхона», «Чинури» ва бошқа таниқли композицияларни ижро қилиб беришимизни сўраб қолади. Шу боис олдимизда тингловчилар янги қўшиқларни эшита туриб, бошқасини ижро қилиб беришимизни сўрашмасин, деган вазифа турибди.

- Ботир акангиз ҳақида ҳамиша илиқ гапирасиз. У ижодий тақдирингизда қандай рол ўйнаган? Мусиқа санъати оламига илк қадамларингизни қандай баҳолаган?

- Отамдан сўнг акам мен учун бош ижодий маслаҳатгўйим ва асосий суянчиғимга айланди. Нима иш қилсам ҳам унинг баҳосини кутардим. У юқори классдаги артист эди. Талаблари ҳам шунга яраша жуда юқори бўлган. Бошида мен ҳақимда танқид ҳам эшитган, бусиз бўлмайди, албатта. Аммо мен ҳеч нимага қарамай, Ботир акам ўз репертуарига қўя оладиган қўшиқ ёзишни ўз олдимга мақсад қилдим. Бу ниятимни эса «Мажнунтол» қўшиғи билан амалга оширдим. Акам ёнимга келиб, оғаларча сўради: «Шу қўшиғингни мен ҳам ижро этсам бўладими?» Шунда бахтиёрликдан ичимда нимадир портлади. Тан олиниш – ижодкор учун энг зўр мукофот.

Бугун ҳам Ботир акамни тез-тез эслаб тураман. Унинг хотирасини абадийлаштирсам, дейман. Негаки, у чиндан ҳам ёрқин шахс, ўз даврида ижро маҳоратининг жаҳон юлдузлари қаторидан муносиб жой эгаллаган инсон эди. У Париждаги сайёранинг бош эстрада маркази «Олимпия» концерт зали саҳнасида қўшиқ куйлаган ягона ўзбек ижрочисига айланган эди. Аммо бу ҳаётдан эрта кетди, бироқ ана шу қисқа умри давомида қанча ишларни қилишга улгурди! Бугун унинг хотирасига бағишлаб мусиқий танлов ташкил этиш устида ишлаяпман.

- Ижодий фаолиятни маъмурий ишлар билан олиб боришингизга тўғри келади. 2017 йилда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиздаги ижодкор зиёлилар билан учрашувидан сўнг Ўзбекистон халқ артистлари клуби раислигига сизни бир овоздан сайлашди. Унинг барпо этилиши билан нималар ўзгарди, қандай масалаларни ҳал этиш талаб этилади?

- Клуб вақтида барпо этилди, бутун мамлакат бўйлаб ислоҳотлар кетмоқда, ҳаётга татбиқ этилиши керак бўлган ғоялар эса кўп. Бугун клуб жамоатчилик ташкилоти ҳисобланади, ижодий режалари тўлақонли амалга ошириш, муаммоларни бартараф этиш учун унга юридик мақом берилиши керак. Шундагина биз нафақат ёши улуғ артистларга зарур кўмак, ёшлар учун маҳорат-сабоқларни беришимиз, балки янада жиддийроқ муаммоларни ҳал этишимиз мумкин. Янги авлод ижрочиларининг ташқаридан кириб келаётган маданиятнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари борлигини тушунишларини истардим. Бунда энг ёмони – кўр-кўрона тақлид қилишдир. Мен байналмилалчиман – аммо ҳар қандай шароитда ҳам ўз илдизларимизни, қадрдон меросимизни унутмаслик лозим. Саҳна – жуда масъулиятли минбар. Шу боис унда кўп нарса томошабинга нимани етказаётганингга боғлиқ. Бу нафақат шахсий ижодий тақдирга, балки бутун бошли мусиқий санъатига ҳам тааллуқли.

Оксана Кадишева

суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech