20 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18 °C

Ҳукумат
15 Мар  2019 2714

Халқимизнинг қатъий интилиши ва улкан бунёдкорлик салоҳияти рамзи​

Янги йирик саноат иншоотлари, туб иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг довруғини оширмоқда. Юртимизга хорижий сармоядорлар манфаатли ва ишончли безнес макони, чет эллик туристлар бокира гўзаллик тимсоли ва тарихнинг бетакрор гувоҳи сифатида қараяпти. 

Экспертлар эса буларнинг барчаси қаторида Ўзбекистон бунёдкорлик ўлкасига айланганини ҳам таъкидлайди. 

Дарҳақиқат, юртимизнинг қайси гўшасига борманг, қурилиш материаллари ташиб кетаётган улкан юк машиналарига, тинимсиз ишлаётган кранларга кўзингиз тушади. Ўзбекистонга бир келган киши иккинчи сафар унинг таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини эътироф этаётгани ҳам ҳақиқат. Ўзимиздан қиёс – қайси шаҳарда яшашимиздан қатъи назар, унинг бирор кўчасига бир-икки йил бормасак, ногоҳ йўлимиз тушганида адашиб қолишимиз рост. Янги қад ростлаган бинолар эски тасаввурдаги мўлжални бузиб юборади. 

Бир сўз билан айтганда, умумэътироф этилаётган иқтисодий ютуқлар, мутлақо янги асосдаги самарали ташқи сиёсат баробарида бунёдкорлик ҳам Ўзбекистон ҳақида тилга олинаётган гаплар, билдирилаётган фикр-мулоҳазаларнинг бош мавзусига айланган. 

Бунинг негизида халқимизга хос янгиланишга интилиш ҳисси, атрофдаги манзарани гўзаллик билан бойитиш фазилати, айни пайтда катта ишларга қўл ура олиш журъати мужассамдир. 

Тошкент марказида энг замонавий стандартларга тўла мос келадиган муз спорти саройи барпо этилгани бу фикрнинг инкор этиб бўлмас ёрқин далилидир. 

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 февраль куни «Ҳумо Арена» мажмуасига рамзий тош қўйиш маросимида қатнашиб, бу каби замонавий спорт иншоотлари баркамол авлод тарбиясида алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. 
 
Ўтган вақт мобайнида давлатимиз раҳбари ушбу беқиёс бунёдкорлик жараёни билан бир неча бор танишиб, мутасадди раҳбарларга қурилишни юқори сифат билан амалга ошириш бўйича зарур кўрсатмалар берди. 

Мана, меъмордан боғбонгача, конструктордан ҳайдовчигача, муҳандисми ё кранчими, хуллас, бу улкан ишда қатнашган барча-барчанинг фидокорона меҳнати, халқимизнинг буюк журъати натижасида бугун бош шаҳримиз бўлган Тошкентимиз, бутун Ўзбекистонимиз шундай жавоҳирга эга бўлди. 

Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишувида бунёд этилган ушбу мажмуа дизайнида замонавий қурилиш ечимлари ва илғор технологиялар миллий маданият элементлари билан уйғунлашиб кетган. Мажмуа кўкда парвоз қилаётган бахт ва ҳурлик рамзи – Ҳумо қуши шаклида барпо этилди. 

15 март куни ушбу муҳташам спорт кошонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, барчани ушбу қутлуғ воқеа билан табриклади. 

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон давлат мадҳияси янгради. 

Мажмуанинг тантанали очилиш маросими спорт мухлислари ёдида узоқ вақт сақланиб қолади. Маросимнинг бош ғояси санъат ва спортни биргаликда уйғунлаштиришдан иборат бўлди. 

Очилиш маросими спортчи ва санъаткорлар ҳамкорлигида тайёрланган шоу дастур билан давом этди. Муз майдони сатҳида 3D мэппинг технологияси асосида Ҳумо қуши, бу ерда ўтказиладиган спорт турлари тасвири намойиш этилди. Спортчи-ёшлар ва болалар кўргазмали чиқишлар қилди. Ўзбекистоннинг ёш спортчилари ва машҳур хоккейчилар ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. 
 
“Ҳумо Арена” замонавий муз саройининг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистон спорти тарихида янги босқични бошлаб беради. 

Қайд этиш керакки, кўп тармоқли “Ҳумо Арена” муз саройи дунёга машҳур ўндан ортиқ хорижий фирма ва компания билан ҳамкорликда барпо этилди. 

Мажмуанинг концептуал лойиҳаси Жанубий Кореянинг “Heerim Architects & Planners” компанияси, том қисмининг лойиҳаси Австриянинг “Oberhofer Stahlbau” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Умуман, иншоотни қуриш ва жиҳозлашда Германия, Буюк Британия, АҚШ, Испания, Италия, Бельгия, Франция, Финляндия, Россия каби мамлакатларда ишлаб чиқарилган техника ва технологиялардан фойдаланилган. 

Иншоот икки қисмдан иборат бўлиб, унда асосий ва машқ муз ареналари жой олган. Умумий майдони 82 минг 250 квадрат метрдан иборат 6 қаватли иншоотнинг энг баланд нуқтаси 40 метр. 
 
Мобиль ўриндиқлар билан жиҳозланган саройда хоккей ўйинларини 12 минг 500, бошқа спорт мусобақаларини 14 минг, турли концерт ва дам олиш дастурларини 10 минг томошабин кузатади. Дам олиш маскани ва ижтимоий марказ сифатида барпо этилган муз саройида турли тадбирлар ўтказиш мумкин. Хусусан, аренада халқаро хоккей ўйинлари, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек бўйича мусобақалар, баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо баҳсларини ўтказиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, мажмуада умумхалқ байрамлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш учун барча шароит муҳайё. 
 
Мажмуада муҳандислик тармоқлари, ёнғинни ўчириш, совутиш тизимлари, ёритиш, вентиляция, иситиш қурилмалари тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, тежамкор технологиялар асосида ишлайди. 

Қисқача айтганда, ушбу иншоот Ўзбекистон халқи фаровонлиги, тараққиёт ва ривожланиш йўлида янги саҳифа очилгани рамзидир.  

Маросимда Халқаро хоккей федерацияси президенти Рене Фазель, дунёга машҳур спортчи ва санъаткорлар иштирок этди. 
 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech