26 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23 °C

Кейинги авлод
10 Янв  2019 1292

Икки юзта “Happy schools” типидаги мактаблар иш бошлайди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳридаги мактабларда 10-14 ёшгача бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари учун "Мустаҳкам оила" дастури татбиқ этиб келинмоқда. 2016-2018 йиллар мобайнида мазкур дастур 19 та мактабда синовдан ўтказилди.

Ўсмирлар ва уларнинг оилалари учун мўлжалланган дастур – ўсмирлик даврида пайдо бўладиган ахлоқ муаммоларини, зарарли одатлар, психоактив моддаларни истеъмол қилишнинг олдини олиш, шунингдек, ота-оналик кўникмаларини мустаҳкамлаш ва мустаҳкам оилани шакллантиришга йўналтирилган.      

Шу лойиҳа доирасида бўлаётган семинарларда оилавий қадриятлар, анъаналар, қоидалар, педагогик жамоага тегишли бўлган фазилатлар, ўғил-қизлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, хулқий оғишларни шакллантириш каби масалаларда баҳс-мунозаралар бўлмоқда.

“Мустаҳкам оила” дастури АҚШ ва Буюк Британияда илк бор амалиётга татбиқ этилган. Сўнг бошқа кўплаб ривожланган мамлакатларда бу лойиҳа қўлланилган. Буни ишлаб чиқиш жараёнида ҳар бир давлат ўз миллий анъаналари ва менталитетига хос бўлган жиҳатларга эътибор қаратади. Ўзбекистон ҳам ўз позицияси ва авлодлар муносабатидан келиб чиқиб лойиҳани ҳаётга татбиқ этмоқда. Етти қисмдан иборат дастурдан кўзланган асосий мақсад ёшлар орасида гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилинишининг олдини олиш, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамлигига эришишдан иборат. Айни вақтда юртимизда тренерлар жамоаси тайёрланмоқда. Улар келгусида таянч мактаб сифатида ташкил этиладиган мактабларда фаолият юритади.

Турли видео материаллар, ўйинлар орқали ёш авлод ва ота-оналарнинг муносабатларида мувозанатга эришиш асосий мақсаддир. Унда психологлар, педагоглар, маҳалла фаоллари, таълим-тарбияга оид мутахассислар иштирок этмоқда.

Айни вақтда мамлакатимизда 14 та намунавий “Happy schools” (“Бахтли мактаблар”) ташкил этилган. Жорий йилнинг феврал ойи охиригача республикамизнинг барча ҳудудларидаги туманларда биттадан – икки юздан ортиқ айни йўналишдаги мактаблар ташкил этилади.

Бугунги глобаллашув даври эҳтиёткорликни талаб этмоқда. Шу боис, мазкур мактаблар зўравонлик, жиноятчилик, зарарли одатлардан холи мустаҳкам оила ва мактаб ҳамкорлигига асосланган хавфсиз мактаб бўлади.

Умумтаълим мактабларида психологик вазиятни яхшилаш, ўғил-қизлар феъл-атворидаги камчиликларни бартараф этиш учун мактаб психологлари қиладиган ишларни белгилаш мақсадида турли семинарлар, ўқув-машғулотлари  давом этмоқда.

Асилабону Ҳамзаева
kelajakyoshlari.uz расми

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech