01 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,6 °C

Агросектор
30 Апр  2020 470

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда ипакчилик ривожи

Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон иқтисодиётига катта зарар етказди. Қишлоқ хўжалиги айниқса, катта қийинчиликларга дуч келди. Уруш йилларида марказнинг хомашё – пахта, пилла ва бошқа маҳсулотларни етиштиришни кўпайтириш соҳасидаги сиёсати ниҳоятда шиддатли тус олди.

Ипакчилик соҳаси иккинчи жаҳон уруши йилларида муҳим стратегик аҳамият касб этди. Айни ҳолатдан келиб чиқиб, республика ҳукумати томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Дастлаб ипак қуртининг озуқаси бўлган тут кўчатлари ўтқазиш ва тутзорларни кенгайтириш чоралари кўрилган. Шу билан бирга аҳолига тут парваришлаш бўйича йўриқномалар тарқатилган. Шунингдек, тут дарахтларига яхши навлилари пайванд қилинган. Ариқ бўйларига янги тут кўчатлари экилиб, тут дарахтлари парвариш қилиниб, кенгайтирилган. Жумладан, республикада 1942 йилда 7 767 минг туп тут кўчатлари экилган.

Ипакчилик ривожида ипак қурти уруғининг сифат даражаси ҳам муҳим саналади. Шу боисдан ҳукумат томонидан ипак қурти уруғи тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ипак қурти уруғи заводларида сифатли уруғ тайёрлаш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Бироқ, уруш йилларидаги оғир шароитда ипак қурти уруғчилиги заводлари режадаги кўрсаткични бажара олмаган. Масалан, 3 та омбор, 3 та сифат назорати (микроскопли) текшириладиган залга, текширув цехи, уруғ сақлаш хоналарига эга бўлган Бухоро ипак қурти уруғчилиги заводи 1942 йилда 18674 қути (21000 ўрнига) ипак қурти уруғи тайёрланган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1939-1945) заводда ипак қурти уруғи тайёрлаш кескин камайиб, 1944 йилда 501 қути ипак қурти уруғи тайёрланган.

Шунингдек, тайёрланган ипак қурти уруғларини инкубаторларда жонлантириш усули такомиллашиб борган, амалда ушбу жараён кенг қўлланила бошланган. Хусусан, Самарқанд вилоятида 1944 йилда 176 та инкубатория фаолият юритган.

Ипак қурти уруғлари жонлантирилгач, парваришлаш шароитлари ҳам етарли (иссиқ бинолар тайёрлаш ишлари) бўлмаган. Оқибатда, ипак қурти парвариши муддатининг чўзилиб кетишига, ғўза парвариши авжига чиққан бир пайтда колхозчиларнинг ипак қурти боқиш билан банд бўлиб қолишига сабаб бўлган. Оқибатда, пилла ўраш саратоннинг иссиқ кунларига тўғри келиб, ипак қуртларининг касалланиши ва ҳосилнинг камайишига сабаб бўлган.

Уруш йилларида айрим вилоятларда пиллачилик звенолари ҳам ташкил қилинмаган эди. Лекин, ҳукумат ҳосилдорликни оширишни талаб қилган. Оқибатда, колхоз аъзолари уй шароитида ипак қуртини парвариш қилишга мажбур бўлган.

Ипак қурти боқиш жараёнига колхозчилар билан бирга уларнинг барча оила аъзолари жалб қилинган. Шунингдек, қариялар, катта ёшли аёллар, ҳатто ўсмир ёшидаги болалар ипак қурти парвариши билан банд бўлган. Қарияларни ипак қурти парваришидаги тажрибалари жуда ҳам асқотган. Аёллар ва ўсмир болалар эса ипак қурти озуқаси бўлган тут баргларини териш, тўплаш, ташиб олиб келиш ва уни захира қилишда асосий ишчи кучи вазифасини ўтаган. Шунингдек, жисмоний лаёқати, имкониятидан қатьий назар, барча колхозчиларнинг оилаларига ипак қурти уруғлари боқиш учун мажбурий тарқатилган. Ипак қурти боқишнинг 4 ва 5-даврига келиб эса, озуқани кўп миқдорда етказиш муаммоси айниқса, қийинчилик туғдирган. Аёллар, болалар айниқса, ипак қурти парваришининг «катта даҳа» даврида оғир меҳнатга жалб қилинган. Бироқ, барча қийинчиликларга қарамай халқимиз фронт ортида ушбу соҳада ҳам чинакам меҳнат жасоратини кўрсатган.

Урушнинг дастлабки йиллариданоқ пилла етиштириш ҳажми ортиб борган. Хусусан, 1941 йилда 12 189 тонна, 1944 йилда эса 10 300 тонна пилла тайёрланган. Агар Ўзбекистонинг пилла етиштириш бўйича бутун Иттифоқ миқёсидаги салмоғи 1940 йилда 47,8 фоизни ташкил этган бўлса, 1945 йилга келиб, бу кўрсаткич  59,3 фоизга етган. Уруш йилларида республика деҳқонлари давлатга 54 067 тонна пилла етказиб бердилар. Юзлаб ипакчилик билан шуғулланувчи бригада ва звенолар бир қути ипак қурти уруғидан пилла ҳосилини 70-100 килограммгача етказдилар.

Шунингдек, уруш йилларида ипакчилик фабрикалари ишчилари ҳам мислсиз меҳнат жасоатини кўрсатганлар. Ҳусусан, Марғилон ипакчилик фабрикасига (уруш бўлаётган жойлардаги) тўқув даргоҳларининг ускуналари эвакуация қилинган. Натижада Марғилон ипакчилик фабрикаси тўқув станоклари сони 500 тага етказилган. Ҳамда ушбу фабрика 1942 йилда комбинатга айлантирилган. Тез фурсатда керакли ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқара бошланган.

Уруш йилларида соҳада амалга оширилган чора-тадбирлар ўзининг зиддиятли ва ноизчиллиги билан ажралиб турарди. Бироқ, Ватан ҳимоясига шайланган Ўзбекистон халқи соҳадаги мавжуд муаммоларга барҳам беришга, тармоқни ривожлантиришга ҳаракат қилган, ҳамда унинг уддасидан чиққан. Шунингдек, беқиёс меҳнат намуналарини кўрсатган. 

Наргизахон Алимова,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech