04 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,8 °C

Мамлакатимизда
24 Мар  2020 257

“Ишга марҳамат” мономаркази аҳолига беминнат кўмакчи

Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб улгурган коронавирус пандемияси кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу эса мамлакатимизда ушбу касаллик тарқалишининг олдини олишга қаратилган самарали чоралар кўриш баробарида глобал коронавирус пандемияси ва глобалинқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирларини юмшатишни тақазо этяпти.

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартда қабул қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлди.

Мазкур ҳужжат асосида Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” маблағларидан фойдаланишнинг бир қанча йўналишлари, хусусан, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил қилиш, шунингдек, меҳнат мигрантларини касбга ва тилга ўргатишни ташкиллаштириш орқали уларни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифалар белгиланди.

Айтиш керакки, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизларни касбга тайёрлаш борасида “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурида ҳам муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларини тадбиркорлик ва касбга ўқитиш мақсадида 30 та коллеж базасида ҳамда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказлари ташкил этилади.

Яшнобод туманида 2019 йил сентябрь ойида фаолият бошлаган “Ишга марҳамат” мономаркази ана шундай муассасаларнинг биринчиси бўлди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида ташкил этилган мазкур мономарказ фаолияти банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш, фуқароларга психологик ва юридик хизмат кўрсатишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. 

Ишсизлар касбга ўқитилади

“Ишга марҳамат” мономарказида инновацион усуллар ёрдамида ҳозирда талаб юқори бўлган қурилиш, маиший хизмат, техник-муҳандислик каби соҳалар бўйича жами 22 та касбга ўқитилади. Бунинг учун марказда зарур техник воситалар, инновацион хоналар, малакали педагоглар жамоаси мавжуд. Ушбу муассаса йилига 5 минг 600 кишини ўқитиш имкониятига эга.

– Ишгажойлашиш истагидагилар “Ишгамарҳамат”мономарказига мурожаатқилишимумкин, – дейди марказ директори, “Дўстлик” ордени соҳибаси Нодира Умарова. – Бу ерга келган инсонларга аввал бандлик масалалари бўйича маслаҳат хизмати кўрсатилади. Агар фуқаро доимий ишга эга бўлмаса, унга бўш иш ўринлари таклиф этилади. Касбий малака талаб этиладиган ишни танлаганлар мономарказда ташкил этилган қисқа муддатли касбга тайёрлаш ўқув курсларидан бирида ўқитилади. Сўнг унга ишсизлик нафақаси белгиланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож мурожаатчилар доимий квотали иш билан таъминланиши ҳам мумкин.

Марказда ўқувчилар маҳоратини янада ошириш мақсадида 2019 йилнинг 16-17 декабрь кунлари ишчи касблар бўйича “World Skills International” халқаро стандартлари асосида “Uzbekistan Skills” биринчи миллий очиқ чемпионат ўтказилди. Унда юртдошларимиздан ташқари Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан жами 60 киши қатнашди. 10 та йўналиш бўйича ўтказилган мазкур мусобақада “Қуруқ қурилиш ва сувоқчилик иши” ҳамда “Сартарошлик санъати” йўналишларида марказ ўқувчилари ғолибликни қўлга киритди.

Бу ерда касблар бўйича курсларни тамомлаган битирувчилар бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан иш билан таъминланади ёки курслар якунида ишлаш истагидаги битирувчилар билан суҳбат учун ҳамкор ташкилотлар вакиллари таклиф этилади. 

Хорижда ҳам ишлаш мумкин

Мономарказда хорижий тилларни ўқитиш ҳам кенг йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда инглиз, япон, хитой, корейс ва рус тилларини ўқитиш бўйича қисқа муддатли (1-3 ой) курслар фаолият юритмоқда. Ўқиш якунида тест имтиҳонлари ўтказилиб, ундан муваффақиятли ўтганларга давлат намунасидагисертификат берилади.

“Ишга марҳамат” мономаркази Россия давлат халқлар дўстлиги университети, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Британия консуллиги билан тил ўқитиш курсларига хориж мутахассисларини жалб этиш учун ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Хитой тилини ўқитиш бўйича Хитойнинг Нанкин политехника институти, Uzbek China Training Center билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Айни пайтда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги - KOICAдан волонтёрларни жалб қилиш бўйича музокаралар ўтказиляпти.

Мономарказда таълим олган ўқувчилар нафақат Ўзбекистон, балки хорижда ҳам ишлаш имкониятига эга бўладилар. Муассасада Меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш маркази ҳам ташкил этилган бўлиб, унга кўра, хорижда ишлаш истагини билдирган ишсиз шахсга, аввало, ўз мутахассислиги бўйичахорижийтилларгаўқиш таклиф қилинади. Фуқаро тил кўникмалари сертификатини олганидан сўнг хорижий давлатга кетаётган меҳнат мигрантлари учун мўлжалланган махсус мослашув курсларига юборилиб, бу ерда танлаган давлатининг қонунчилиги, маданияти ва тили билан яқиндан танишади. Сўнг унга малакалипсихолог томонидан зарур психологик хизмат кўрсатилади. Хорижга вақтинчалик ишлашга кетаётган Ўзбекистонфуқаролари мономарказнинг юридик хизмати базасида рўйхатга олинади ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда меҳнат муносабатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам кўрсатилади. 

Тадбиркорликка йўналтиради

Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили давлат дастурида тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттириш, хусусан, аҳолида, айниқса, ёшлар ва аёлларда бизнес юритиш ва тадбиркорликнинг замонавий кўникмаларини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди. Ушбу вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида “Ишга марҳамат” мономарказида фуқаролар учун тадбиркорлик курслари ташкил этилган. Унда ўқувчиларга бизнес режа тузиш, маркетингни ўргатиш, бизнес юритиш бўйича молиявий ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, экспорт учун маҳсулотни сертификатлаш бўйича билим ҳамда амалий кўникмалар бериб келиняпти.

Шу кунга қадар мономарказга ишсиз фуқаролардан касбга ўқитиш бўйича 556 тадан зиёд ариза қабул қилинган. Мурожаатчиларнинг 52 нафари қисқа муддатли (22 соатли) тадбиркорлик курсларида ўқитилиб, махсус сертификатга эга бўлди.

— Аввал банкда ишлаганман, — дейди “Muslimabonu Medline” оилавий корхонаси раҳбари Сабоҳат Рихсиева. — Қисқартиришдан сўнг ишсиз қолдим. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига иш сўраб мурожаат қилдим. Менга маъқул иш топилмагач, улар касбга ўргатадиган курсларда ўқишимни таклиф қилишди. Рози бўлдим ва 2 ой мобайнида уқаловчи касбини ўргандим. Кейин физиотерапик уқалашга мўлжалланган корхона очдим. Ҳозир бу ерда 2 та мутахассис ишлаяпти. Келгусида кўпроқ ишчи олиб, корхона фаолиятини кенгайтириш ниятим бор.

Шунингдек, мономарказда минитехнологиялар кўргазма майдончасидан бизнес режа асосида керакли ускуналар ва минитехнологияларни танлаш ҳамда банк филиаллари орқали имтиёзли кредитлар олиш йўлга қўйилган.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида ҳам “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилган бўлиб, у Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларида ишсиз аҳолини чилангарлик, металлга ишлов бериш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналарини таъмирлаш, чет тилларга ўқитишни бошлаб юборган. Аммо бу ҳали етарли эмас. Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 28 февраль куни Яшнобод туманидаги “Ишга марҳамат” мономарказига ташрифи чоғида бундай марказлар одамларнинг талаб юқори бўлган касбларни тезда ўрганиб, ўз ишини топиши учун жуда муҳимлиги, бўш турган коллеж ва бошқа биноларни таъмирлаб, Тошкент шаҳрининг ҳар бир тумани ва барча вилоятларда шундай муассасалар ташкил этиш лозимлигини таъкидлади. Учрашувда касб-ҳунар йўналишларини шу ихтисосликдаги ўқув юртларига бириктириб, юқори малакали ўқитувчиларни жалб этиш, шунингдек, кечки сабоқларни ҳам йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Айни пайтда бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш чоралари кўрилмоқда.

Ирода Тошматова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech