01 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,4 °C

Агросектор
22 Апр  2020 461

Ишсиз ёшлар Президент Халқ қабулхоналари эътибори марказида

Мамлакатамиз аҳолиси сони ортиб бориши билан бир қаторда унинг меҳнат бандлигини таъминлаш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг айнан ишсизлик муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлари бу борада қатор ижобий натижалар бермоқда.

Юртбошимиз топшириғига асосан Президент Халқ қабулхоналари бошчилигида жойларда сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси амалга оширилиб келиняпти.

Ушбу лойиҳа доирасида жорий йил биринчи чораги натижаларига кўра, республика бўйлаб жами  25 мингдан зиёд гектар ер майдонлари ёшларга ажратилди. Жумладан, 1 277 гектар сабзавот, 1 787 гектар полиз, 10 296 гектар дуккакли экинлар, 7 727 гектар бошоқли дон экинлари ва 391 гектар картошка экиш учун, 3 866 гектар эса боғ яратиш учун ажратиб берилди.

Ёшларга бириктириб қўйилган кооперация ва кластер ёрдамида ерлар шудгор қилинган ҳолда жами 4 мингга яқин гектар майдонга сабзавот, полиз, дуккакли экинлар, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғлари қадалди, 335 минг туп мевали ва 135 минг туп манзарали дарахтлар экилди.

Мисол учун, бугунги кунда Хоразм вилояти ёшларининг 39 мингга яқини ишсиз. Манзилли режага кўра йил оҳиригача уларнинг 29 минг нафари, яъни 74,5 % нинг бандлиги таъминланиши назарда тутилган. «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси асосида ажратиб берилаётган ерлар уларга имконият эшикларини очди десак, муболаға бўлмас.

Ёки Андижон вилоятини олсак. Мазкур лойиҳа асосида икки мингга яқин ёшларнинг ҳар бирига ўртача 21 сотихдан жами 400 гектар экин ер майдони ажратиб берилди. Ҳозирда жойларда иссиқхоналар ташкил этилиб, барча ерларга турли ҳил сабзавот экинлари, мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, парвариш қилинмоқда. Яқин кунларда экинлар ҳосилга киради.

Навоий вилоятида ҳам «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси доирасида ёшлар учун 840 гектардан зиёд бўш ётган ер майдонлари ажратиб берилди. Уларни суғориш учун 11 та янги қудуқ қазилди, яна 150 дан зиёд қудуқ бўйича қазиш ишлар олиб борилмоқда. 20 километрга яқин ариқлар қазилди. Бугунга қадар ўзлаштирилган 400 гектар яқин ҳудудга уруғ ва ниҳолллар экилди. Жумладан, 12 гектар майдонга сабзовот, 78 гектарга полиз, 113 гектарга  дуккакли ва картошка уруғлари қадалди, 119 гектарга эса мевали ва манзарали дарахтлар экилди.   

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам худди шу лойиҳа доирасида эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган «Мўйноқ келажаги бунёдкорлари» МЧЖ ташкил қилиниб, ушбу корхонанинг устав фонди 75 та автотранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникалари ва механизмлари ҳисобига шакллантирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тегишли қарори билан, «Мўйноқ келажаги бунёдкорлари» МЧЖга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган тартибда бўш турган ер участкалари ва заҳира ерлар ҳисобидан Мўйноқ туманидан 5 000 гектар, Қўнғирот туманидан 3 000 гектар ва Тахтакўпир туманидан 2 002 гектар, жами 10 002 гектар ер майдонлари экин экиш учун ажратиб берилди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасининг қолган туманларида ҳам ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун қарийб 7,8 минг гектар ерлар ажратилган. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида қарийб 1,8 минг нафар ёшнинг бандлиги таъминланади.

Ўз ўрнида шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, республика бўйлаб тижорат банклари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, жами 5 719 та лойиҳанинг ҳар бирига ўртача 43,3 миллион сўмдан жами 247,6 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.

Албатта, юқоридаги каби саъй-ҳаракатлар замирида ҳукуматимиз томонидан ҳар қандай вазиятда ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш ва шу билан юртдошларимиз турмуш тарзини ва фаровонлигини янада ошириш сингари мақсадлар ётибди. Бугунги синовли кунларда ҳам Президент Халқ қабулхоналари бошчилигида бу борада амалий ишлар тизимли равишда давом этяпти. Бу эса истиқболда халқимиз осуда ҳаётга қайтганидан сўнг иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш сингари долзарб масалаларнинг ҳам ҳал этилиши кўзда тутилаётганидан дарак.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech