09 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,8 °C

Ҳукумат
12 Июн  2020 2802
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Клиникаларни лойиҳалаштиришда хорижий тажрибани ўрганиш муҳим

Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги “NANO Medical Clinic” кўп тармоқли шифохона фаолияти билан танишди. 

Бу замонавий клиника мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш бўйича яратилган тизим натижаларидан бири. Ўтган йили декабрда ишга туширилган терапевтик бинода маслаҳат поликлиникаси, 35 ўринли стационар, ядро тиббиёти, гемодиализ ва терапия бўлимлари, лаборатория жойлашган. Ушбу комплекс чет эл лойиҳаси асосида барпо этилган.

Давлатимиз раҳбари бу қурилиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир метр ердан оқилона фойдаланиб, ҳамма жиҳатлар ҳисобга олингани, бошқа объектларни лойиҳалаштиришда буни ўрганиш кераклигини таъкидлади.

Клиникада эндокринология, неврология, кардиология, офтальмология, урология, оториноларингология, ультратовуш ташхиси, терапия, физиотерапия бўйича консерватив даволаш йўлга қўйилган. Шифо маскани рақамли рентген, компьютер томографияси, суяк денситометри, юрак дефибриллятори каби илғор диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерда 15 нафар олий тоифали шифокор фаолият олиб бормоқда. 

Муҳим жиҳати, клиникада радионуклид текширувига асосланган ядро тиббиёти ва интервенцион радиология жорий қилинган. Бу турли эндокрин ва онкологик касалликларни аниқлаш ва даволашда катта самара беради. Ушбу йўналишлар Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) назоратида ташкил этилган. Бундан ташқари, Германия, Туркия, Россиядаги етакчи тиббий марказлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Клиникада суяк тўқимасининг минерал зичлигини аниқлашнинг диагностик усули ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда.

Бугунги кунда лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида уч қаватли жарроҳлик биноси қурилмоқда. Бу аҳолига жаҳон стандартлари даражасида тиббий хизмат кўрсатиш ва яна 60 та янги иш ўрни ташкил этиш имконини беради.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига хусусий тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда ўша йил 29 декабрдаги «Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида»ги қарорлари бу борадаги имкониятларни кенгайтирди.

Мисол учун, хусусий клиникалар шуғулланиши мумкин бўлган ихтисосликлар 50 тадан 129 тага кўпайтирилди. 2022 йил 1 январгача солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилди.

Натижада 2017 йилда хусусий тиббиёт муассасалари 3 минг 454 тани ташкил қилган бўлса, жорий йил 1 июнь ҳолатига кўра, 5 минг 612 тага етган. 11 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган.

Ҳудудларда замонавий клиникалар ташкил этиб, тиббий хизматлар бўйича рақобатни, пировардида сифатни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech