16 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,2 °C

Ҳарбий
17 Дек  2018 1800

Ихтирочи ҳарбий

Мамлакатимиз ёшларининг ўсиб-ривожланиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Иқтисодиётнинг исталган жабҳасида ташаббускор ўғил-қизлар ўз ғояларини рўёбга чиқаряпти. Асосийси, бу билан мамлакат равнақига ҳисса қўшишмоқда.

Улар орасида ихтирочилар кўплаб топилади. Ана шундай ихтиролардан бири – Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм гуруҳ командири Илья Кацдир. 26 ёшли қаҳрамонимиз армия учун зарур ҳисобланадиган мавжуд иккита ихтирони – дезинфекцияловчи душ қурилмаси ва кичик ўлчамли механизациялашган кирхонани қайта кўриб чиқишга ҳамда ўрнига ўзига хос, иш берадиган ва замонавийсини яратишга қарор қилди.

Пойтахтда ўсиб-улғайган И.Кац мактабда яхши ўқиган, футбол ва рассомликка қизиқарди. Болалигидан турли техникаларга меҳр қўйди, ҳар хил деталларни бир-бирига кавшарлашни яхши кўрарди, уйдаги электр асбобларни ўзи тузатарди. Ўшандаёқ бўлғуси ихтирочи етишиб чиқаётганини кўриш мумкин эди. Мактабни тамомлагач, Дизайн касб-ҳунар коллежининг «Реклама ва амалий графика» йўналишига ўқишга кирди.

- Коллежни тамомлагач, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг қўмондонлик-тактик фронт орти таъминоти факультетида ўқидим, - дейди Илья. – Бу мен учун бутунлай янги ва қизиқарли фаолият эди. Бунгача менга ҳарбийча қадди ростлик, уларнинг шахдам қадамлар билан юриши ва ҳарбийлик ёқиб қолганди. Бу ёғига ҳам Ватанга содиқ хизмат қилишда давом этаман.

Тақсимотдан сўнг Қарши гарнизонида хизмат қилди. Ҳарбий қисм озиқ-овқат ва кейим-кечак таъминоти хизмати бошлиғи бўлди. Ёш мутахассиснинг хизматлари эътиборсиз қолмади, албатта. Яқинда унга масъулиятли вазифа - снайперлар тайёрлашни ишониб топширишди.

- Ҳарбий кучлар сафига кирганимдан сўнг мавжуд техника ва қуроллар билан танишдим ва бошқа давлатлар тажрибалари билан таққослай бошладим, - давом этади И.Кац. – Яхшилаб ўрганганимдан сўнг баъзи ускуналарни замонавийлаштириш ва янада қулайроқ муқобилини яратишга қарор қилдим. Диплом ишимда ҳам ушбу мавзуга мурожаат қилганман. Хуллас, шу йўл билан лойиҳам дунёга келди.

Ильянинг айтишича, кийим-кечак таъминоти - Мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркиби моддий таъминотининг зарурий ва муҳим қисми ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси зарур ҳарбий кийим-кечак ва камуфляжларни бериш, таъмирлаш ва кимёвий тозалаш, ҳаммом-кирхона хизмати кўрсатишни ташкил этиш ва мос техникаларни эксплуатация қилиш. Бу қўшинлар жанговар тайёргарлигини ошириш вазифасини ҳал этишда улкан роль ўйнайди. Ҳарбий хизматчиларнинг маданий ва маиший эҳтиёжларини қондиришда, уларнинг соғлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.

- Ҳозирда мавжуд техникаларни олиб чиқишда учта машинадан фойдаланилади, - дейди Кац. – Бу ёнилғи-мойлаш материаллари, ишчи кучи ва вақт сарфини оширади. Бундан ташқари, эксплуатация қилинадиган техника маълум жойга ўрнатилиши лозим. Мен эса, кўчма ҳаммом-кирхона мажмуасини таклиф этмоқдаман. Хуллас, илгари мавжуд бўлган иккита мосламани бирлаштирдим. Ушбу янгилик натижасида бирваракайига иккита вазифа бажарилади, яъни шахсий таркибнинг ҳаммомда чўмилиши ва стационар ёки дала шароитига мўлжалланган кийим-кечак ҳамда чойшабларни алмаштириш ва ювиш имконияти пайдо бўлади.

Ҳозирча ташаббус синовдан ўтгани йўқ. Аммо кўп ўтмай, ушбу ғоя мамлакатимиз Қуролли кучлари фаолиятига кириб бориши мумкин.

Илья эса эришилган ютуқларида тўхтаб қолгани йўқ. Унга юклатилган вазифага мувофиқ ўзга давлатларда снайперлар тайёрлашнинг такомиллашган усулларини ўрганмоқда. Келгусида Ўзбекистон учун ҳам илғор тажрибалар асосида дастурлар тузишни режалаштирган.

Эвелина Синотова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech