09 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,9 °C

Мамлакатимизда
11 Мая  2020 664

«Жангчи педагог»

Катта дадам Тожимат Асрақуловни хотирлаб.

Катта дадамиз, яъни онамизнинг падари бузрукворлари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Тожимат Асрақулов ҳақида узоқ йиллардан бери бирор мақола ёки эссе ёзишга журъат қилолмай келаётган эдим. Чунки менда улар ҳақларида ҳеч қандай далилий ҳужжатлар йўқ эди. Уларнинг бир нечта фото суратлари бор эди, холос. Телевидение ва ижтимоий тармоқлардаги ғалабага бағишланган турли танловлар ва онажонимнинг саъй-ҳаракатлари мени шу улуғ ишга ундади. Мен бир оддий инсон эмас, балки Асрақуловлар оиласининг энг донгдор шахсларидан бири, обрўъ-эътиборли ва халқнинг, миллатнинг энг забардаст жангчи ўғлони ҳақида мақола ёзишим керак эди. Шунинг учун катта дадам Асрақулов Тожимат ота ҳақида мақола ёзиш учун менда анча вақтгача ҳадик бўлди...

Катта дадам Тожимат Асрақуловнинг ўз қўллари билан ёзган икки хилдаги (ўзбекча ва русча) таржимаи ҳолларига, шу вақтгача сақланиб келган шахсий ҳужжатларидаги материалларга, онам Саломатхон Исмоилова ва холаларим Зарифахон ҳамда Марияхон Асрақуловаларнинг хотиралари ҳамда берган маълумотларига таянган ҳолда катта дадамиз ҳақларида қуйидагиларни ёзишга жазм қилдим.

Асрақулов Тожимат 1923 йил 2 январда Фарғона вилояти, (аввалги Киров) Бешариқ тумани Рапқон қишлоғида чорвадор-деҳқон оиласида таваллуд топган. Оталари Асрақул Мамадалиев ва оналари Руқия Мамадалиевалар 1917 йилги инқилобга қадар деҳқончилик билан шуғулланишган, кейинчалик колхозлаштириш бошлангандан сўнг «Коммунизм йўли» колхози (кейинчалик, «Москва» ва «Рапқон» жамоа ҳўжалигига ўзгартирилган)да ишлаганлар.

Катта дадамнинг урушгача давр оралиғида кўрган-кечирганлари ҳақида ҳеч қандай ёзма маълумот йўқ, афсус. Чунки 2-Жаҳон урушигача қулоқлаштириш (1929-1933 йилларда) даврида уйида 3-4 та чорваси бор ва маълум бир қўшимча ерлари бор одамлар бой саналиб, собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларига қулоқ қилина бошланган эди.Ўшанда ёлғиз фарзанди, яъни Тожимат Асрақулов ва аёллари билан Асрақул бобо ва у кишининг акалари Баҳромқул бобо (Тожимат Асрақуловнинг амакилари; онамизнинг айтишларича, Баҳромқул отани улар Баҳромқулкатта деб чақиришган экан, Баҳромқул каттанинг фарзандлари бўлмаганлиги сабаб, катта дадамиз Тожимат Асрақуловга падари бузрукворлари Асрақул отамиз амакиларини дада, аёлларини эса она деб чақиртиришган эканлар)лар ҳамма мол-мулкларидан айрилиб, Тошкент вилояти (аввал Тошкент вилоятига қараган)Мирзачўл туманидаги «Золотой» посёлкасига кўчирилган эканлар.

Ўсмирлик ва йигитлик даврларини ўша «Золотой» посёлкасида ўтказган Тожимат Асрақулов Мирзачўл туманидаги айрим фанларга ихтисослаштирилган мактабда таълим олган. 1937 йил Мирзачўл туманидаги Куйбишев номли мактабнинг 7-синфини тамомлаб, Тошкент шаҳридаги педагогика билим юртида 1940 йилга қадар таҳсил олганлар. Ушбу билим юртини фақат аъло баҳоларга тамомлаган.Тожимат Асрақулов 1941 йил Тошкент вилояти халқ таълим боқармаси қошида очилган предмет ўқитувчилари тайёрлаш курсида таҳсил олиб, 18 ёшларида тумандаги 7 йиллик Фрунзе номли 13-мактабда ўқитувчилик фаолиятини (1941 йилдан 1942 йил7 июлга қадар) бошлаб юборганлар.

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишни жоиз деб билдим. 1941 йил 22 июнда фашистлар Германиясининг собиқ иттифоққа бошлаган хоинона ҳужуми ёш йигит Тожимат Асрақуловнинг ҳам жангга кириб, фашистларни янчишга бўлган иштиёқини уйғотди. Яқинларимизнинг айтишларича, катта дадамиз урушга бориш мақсадида бир неча бор ариза билан Ҳарбий комиссариятга мурожаат қилган эканлар. Оиланинг ёлғиз фарзанди сабабми ёки ёшлари бироз кичиклик қилганми, қайсидир сабаб аризалари қабул қилинмаган экан...

Тожимат Асрақулов, яъни катта дадамиз, айнан1942 йил7 июлда собиқ иттифоқ Армиясига чақирилган. 1942 йил 7 июлдан 10 августга қадар Москва қизилармия гвардияси дивизиясининг 46-ўқчи заҳирадаги полкида ҳарбий амалиётда бўлганлар. 1942 йил 10 августдан 29 ноябрга қадар Воронеж фронтида, ундан кейин Калинин фронтида, яъни Россиянинг Псков вилояти Великие Луки шаҳридаги жангда иштирок этган. 1941 йил 29 ноябрда қўлларидан яраланиб, Кемерово шаҳридаги 2729-сонли эвако ҳарбий госпиталга ётқизилганлар, у ерда 1943 йил 1 январга қадар даволанганлар. Айнаншу 2729-сонли ва 1507-сонли ҳарбий госпиталлар шаҳардаги 1932 йилда очилган 7 йиллик8-мактаб биносига кўчирилганлиги интертет манбаларида маълум бўлди.

Катта дадамиз ярадор бўлиб, даволанганларидан кейин рус тилини мукаммал билганликлари сабаб, 1943 йил 1 январдан шу йилнинг 22 сентябрига қадар Калининдаги 1-Болтиқбўйи фронтининг кичик лейтенантлар тайёрлаш курсида таҳсил олганлар. 1943 йил 22 сентябрда 1- Болтиқбўйи фронтининг 958-сонли буйруғи билан уларга Кичик лейтенант унвони берилган.

1943 йил 22 сентябрдан 18 октябрга қадар 1-Болтиқбўйи фронти дивизияси 90-ўқчи полкидаги 508-пулеметчилар взводига командирлик қилганлар. 1943 йилнинг 13 октябридан 1944 йилнинг 20 октябригача 1-Болтиқбўйи фронти дивизияси 9-ўқчи полкидаги 18-пулеметчилар взводига командирлик қилганлар.

1944 йил 20 октябрида катта дадамиз Латвиянинг Либава шаҳридаги қақшатқич жангда мина портлаши оқибатида бошларидан оғир ярадор бўлиб, 1944 йилнинг 20 майига қадар Чкалов шаҳридаги 1658-сонли эвако-госпиталда даволанадилар.

Манашу вақтда айтишларича, катта дадамдан қора хат ҳам келган экан. Катта момомиз Руқия буви ва катта отамиз Асрақул бобо ҳамда яқинлар бу мусибатни қандай кўтара олганликларини тасаввур қилиш қийин. Чунки катта дадамиз қонга беланган ҳолда 3 кун мобайнида бехуш ўликлар орасида қолиб кетган эканлар. Ҳаётдан насибалари бор эканми, ёлғиз фарзанд бўлганликларими ёки оталари ва оналарининг дуолари сабабми, бехуш ётган катта дадам бир ҳамшира қизнинг хушёрлиги сабаб, операцияга олинган эканлар. Яъни ўша хамшира қиз катта дадамизнинг халоскори бўлган эди. Кейинчалик катта дадамиз фарзандларига бўлган воқеаларни эслаш асносида, ўша қизнинг исми Мария эканлигини ва бир холамизга айнан ўша хамширанинг исмини қўйганликларини айтиб берган эканлар...

Онамизнинг айтишларича, катта дадамиздан келган қора хат Руқия бувимизга ўз таъсирини кўрсатиб бўлган эди. Гарчи ёлғиз фарзандларининг тирикликлари ҳақидаги хушхабар келган бўлса-да, ўғилларини бағирларига олган бўлсалар-да, ўша машъум қора хат келган кун уларга катта руҳий зарба сабаб Руқия бувимиз кўп ўтмай, жуда ёш қазо қилган эканлар.

Ўшанда 21 ёшли катта дадамиз жуда оғир жароҳатдан омон қолган эдилар. Онамларнинг айтишларича, узоқ вақтдан кейин хушларига келган катта дадамиз, яшаб кета олишларига унча кўзи етмаган экан. Ўзларини даволаган врачдан яна қанча яшашлари мумкинлигини сўраганларида, «Ўғлим, ҳеч ҳам қайғурма, сен яна 10 йил яшашинг мумкин», деган экан, гўё кўнгилларини кўтаргандек. Бу гапларни эшитган катта дадамиз қаттиқ тушкунликка тушиб қолган эканлар. Минг шукрки, ўша врач қаттиқ адашган эди, 10 йилдан кейин соғломликларини билиб, ҳаётга яна ўзгача муҳаббат қўйиб, ота-она хизматига ва фарзандлар тарбиясига ҳамда ўз педагоглик фаолиятларини сидқидилдан давом эттиришга бел боғлаган эканлар.

Катта дадамиз оғир ярадорликдан кейинги муолажа сабаб ҳарбий госпиталда узоқ вақт даволанган эдилар.

Ушбу эвакогоспитал комиссиясининг қарорига кўра, катта дадамизга6 ойлик таътил берилади. Шу вақт оралиғида ўрта офицерлик курсини ҳам тамомлаганликларини ёзганлар. Либавадаги жангда кўрсатган жасоратлари учун «Қизил юлдуз» ордени ва бир қанча Иккинчи жаҳон уруши орден ва медаллари билан тақдирланган.

Катта дадамиз 1945 йил 7 июнда она Ватанга қайтдилар ва ўша вақтда туман комиссияси уларга 2-гуруҳ ногиронлигини берган.

Урушга соғлом, закий бўлиб кетган бир ўғлон ҳам урушдан соппа-соғ қайтмади. Ота-оналари зўрға топган ўғилларини бемор ҳолда қабул қилдилар. Уруш мана шундай жароҳатлар ва катта йўқотишлар билан ўз якунига етган эди.

Катта дадамиз Тожимат Асрақулов урушдан кейин туманимиздаги мактабларда ўқитувчилик қилганлар, 60 йилларда Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги ФарДУ) нинг тарих факультетини ҳам сиртдан тамомлаган эдилар. Кейинчалик улар ташкилотчи ва директорлик лавозимларида ҳам узоқ вақт ишладилар.

Мамлакатимизнинг йирик филолог олимларидан бири, асли рапқонлик, филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматов катта дадамнинг жуда кенг қамровли билимга эга педагог бўлганликларини бир мақолаларида баён қилиб кетганлигини жуда яхши эслайман. Чунки катта дадамиз Умарали Норматов ўқийдиган синфга ўша пайтлари дарс берган эдилар. Бу мақола 2007 йилдаги «Маърифат» газетасиннинг қайсидир сонида чоп этилган эди. Ўша катта мақола бутун бўй басти билан катта дадамнинг инсонийлик фазилатлари ва педагоглик маҳоратларига бағишланган эди, ҳамда Умарали Норматов уларнинг жаҳон адабиётини ҳам жуда мукаммал билганликларини эътироф ҳам этгандилар. Домланинг айтишларича, катта дадамиз Шекспирнинг асарларини шу қадар ёддан билар эканларки, ҳатто ролга кириб ижро қилиб берганликларини ҳам катта ҳаяжон билан хотирлаган эдилар.

Тожимат Асрақулов ўзларининг ўткир билимлари ва юқори педагоглик маҳоратига эга бўлганликлари сабаб 1968 йил «Халқ маорифи аълочиси» унвонига сазовор ибўлганлар.

Тожимат Асрақулов, педагоглик фаолиятлари билан бирга Рапқон қишлоқ совети кенгашига депутат ва туман халқ судининг маслаҳатчилик кенгашига ҳам маслаҳатчи сифатида қабул қилинган.

Ўша атиги 10 йил яшашларини айтган врачнинг сўзи нотўғри бўлиб чиқди. Катта дадамиз урушдан келиб, ажойиб бувижонимиз раҳматлик Норинисо бувимизга уйландилар ва бирин-кетин қиз фарзандлар кўришди. Катта отамиз Асрақул бобо ва катта момо Руқия бувимиз биттаю битта ўғилларидан кетма-кет туғилаётган шириндан-шакар фарзандларни кўриб қувондилар, ҳатто Асрақул бобо набира қизларига атаб, катта от сўйиб тўйлар ҳам қилиб бердилар. Ўша тўйда Қўқоннинг «Ҳамза» театри актёрлари хизматда бўлган эканлар. Урушдан омон келган катта дадамиз ҳаммаси бўлиб 13 та фарзанд кўрдилар: 9 қиз ва 4 ўғил. Афсуски, 3 нафар қизлари (бирлари чақалоқликларида, иккинчилари 13-14 ёшларида ва охиргилари 30 ёшларида бевақт вафот этганлар) катта дадам ва бувимлар ҳаётликларида бевақт оламдан ўтгандилар...

Бошдан олинган оғир жароҳат ва таналаридаги бир неча ўқ ва осколкалардан қолган чандиқлар туфайли бир умр оғриқ ва азоблар билан яшаган катта дадамиз, 3 нафар фарзанд доғини ҳам ёш оналарининг ва кекса оталарининг вафотларини ҳам кўтара олдилар...

Шукрки, қолган фарзандлар эл хизматида бўлиб, уларнинг ёнларига киришди, уларнинг чўккан кўнгилларига малҳам бўлишди.

Катта дадамиз Тожимат Асрақулов узоқ йиллар давомида қишлоқдаги Пушкин номли 29-мактабда нафақага чиққунларига қадар директор лавозимида ишлаб, ёш авлодга таълим-тарбия бердилар.

Эл хизмати ва ардоғида бўлган ва кўплаб шогирдлар етиштирган катта дадамиз Тожимат Асрақулов 1990 йил 2 март куни бу фоний дунёни 67 ёшларида тарк этдилар...

...Мен ва яқинларим бирор жойда ҳам катта дадамизнинг кино тасвирларда қолган нигоҳлари ва сўзлари қолмаган деб афсусланиб юрганимизда, не бахтки, 1982 йил Япониянинг NHK компанияси томонидан суратга олинган катта ҳажли ҳужжатли фильм сериал «The Silk Road» (Ипак йўли) телевидениеда кўрсатилганлиги ҳақида хабар келиб қолди, яъни унинг «Довоннинг самовий отлари» номли қисмида бизнинг катта оила кўрсатилган эди. Эсимда, мен ҳам бор эдим, ўша фильмда, атиги 4 ёшли бола эдим. Съёмка жараёнларини элас-элас эслардим...

Бу воқеа 2012 йилда бўлган эди. Катта ҳаяжон билан, буни айнан қайси каналдан берилганлигини билишга қизиқдим. Лекин ўша йилларда шарқшунослик институтида фаолият кўрсатиб юрганимда бир Японияда таҳсил олиб қайтган талабамдан айнан шундай фильм ҳақида сўрадим, у эса Тошкентдаги Япон марказида айни шу каби фильмлар борлигини айтиб қолди ва маълум кунлар ўтиб, бизнинг катта оила тушган кассетани келтириб берди... Бу фильм бизнинг катта оилага сюрприз бўлди. Онам, холаларим, тоғаларим ва биз набиралар катта ҳаяжон ва кўз ёшлари билан бот-бот томоша қилдик. Ҳаммалари мени дуога кўмиб юбордилар. Чунки у фильмда катта дадамиз Тожимат Асрақуловнинг ва ёш йўқотган бир холамизнинг сиймолари бор эди... Бу каби йирик лойиҳадаги фильмга ҳамманинг оиласини ҳам олишавермас эдилар. Ўша вақт собиқ иттифоқнинг энг «гуллаб яшнаган даври» эди. Узоқ суриштирув ва текширувлар, қолаверса, катта дадамизнинг обрў-эътиборлари ва ҳурматлари сабаб бизнинг оила танланган эди...

Мана шунча обрў-эътибор билан халққа танилган ва улкан ютуқларга эришган катта дадамиз, Тожимат Асрақуловдан бугун биз фарзанд ва набиралари бир умр фаҳрланиб яшаймиз ва доимо руҳингиз шод бўлсин, жойларингиз жаннатдан бўлсин, Отажон деймиз!

Қаҳрамон Исмоилов,

набираси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech